Ўзбекистон | 10:27 / 30.11.2019
8780
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Журналистлар билан мулоқотни одат қилишимиз, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур»

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Сенат раиси Танзила Норбоева ўз кириш сўзида раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятнинг барча соҳаларида очиқлик – бугунги кун талаби эканини айтиб ўтди.

«Дунё бугун Ўзбекистонни қайта кашф қилмоқда, айрим муаммоли масалалар юзасидан давлатлар ўртасидаги рейтингларда мамлакатимиз позицияси яхшиланмоқда.

Мамлакатни янада ривожлантириш биздан янгича ёндашувларни, биринчи навбатда – ҳокимият фаолиятининг шаффофлигини, ошкоралигини талаб қилмоқда.

Раҳбарларнинг халқ учун очиқлиги, жамиятимизнинг барча соҳаларида очиқлик – бугунги кун талаби. Бошқа йўлимиз йўқ ва бунга кўникиб, ишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак.

Бугун биз одамлар билан кундалик мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини шунчаки тинглашимиз эмас, балки диққат билан қулоқ тутиб, уларни тезлик билан ҳал қилишимиз керак.

Шу ўринда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига бағишлаб ўтказилган селектор мажлисида давлатимиз раҳбари эскича бошқарув усулларидан қатъий воз кечишимиз, демократик ривожланаётган бугунги даврга мос бўлишимиз кераклигига яна бир бора урғу бердилар.

Бизнинг аввалги ёпиқлигимиз, одамлар билан, айниқса ОАВ вакиллари билан мулоқотга чиқмаслигимиз, коррупция ҳолатлари ҳаётимиздан умуман чиқиб кетиши керак. 

Ўзингиз ўйланг, ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига биргина қўпол ҳаракатимиз, ножўя гапларимиз билан қанчалик доғ туширишимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбари ОАВ ислоҳотлардаги алоҳида ўрни борлигини ҳам тўғри таъкидлаб ўтдилар. Бугун журналистларимиз аҳолини безовта қилаётган муаммоларга барча раҳбарларнинг эътиборини қаратмоқдалар, улар нафақат муаммоларни қайд этмоқда, уларнинг ечими юзасидан янги, ностандарт ғояларни ҳам таклиф қилмоқдалар. 

Шунинг учун халқимиз билан, журналистларимиз билан мулоқот қилишни одат қилишимиз, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур. 

Турли ОАВ, шу жумладан, хорижий ОАВ томонидан билдирилаётган танқидларни тўғри қабул қилиб, очиқлик ва эркин фикр билдирилишини демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида қабул қилишимиз керак», - деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид