Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Водийда яна ўша манзара: Ҳайдовчилар кунни навбатда туриб ўтказмоқда, мутасаддилар ҳолатни қандай изоҳлайди?
Бу йил Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидаги муаммолар ўтган йилгидан эртароқ бошланди. «Заправка»ларда ноябрнинг иккинчи ярмидан бошлаб охири йўқ навбатлар пайдо бўлган. 2018 йил бундай ҳолат декабрь ойи охирида бошланган эди. Мазкур муаммо 2018 йил 31 декабрь куни қўшни Қозоғистон Республикаси орқали газ ўтказиш билан ечилганди.

Kun.uz сайтига келаётган кўпдан-кўп мурожаатларни ўрганиш мақсадида водийнинг уч вилоятидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида бўлдик.
Энг узун навбатлар Фарғона вилоятидаги «заправка»ларда экан
Айни кунларда водий йўлларини қуюқ туман қоплаган. Ноябрь ойининг сўнгги куни эрталаб вилоятнинг Ёзёвон тумани марказидан уч километр узоқликдаги «Real gaz avto servis» шохобчасига бордик.

«Заправка»га икки километр қолганида автомобилларнинг турнақатор навбати устидан чиқдик. Узоқ вақт қаторда навбат келишини кутиб турган ҳайдовчилар ичида Тошлоқ ва Қўштепа туманларидан келганлар ҳам бор экан. Уларнинг айтишича, Тошлоқдаги «заправка»лар газдан узиб ташланган.
«Кеча Тошлоқда кун бўйи туриб газ қуйдира олмаганмиз. Бугун мана 30 километр йўл босиб Ёзёвонга келдик», дейди ҳайдовчилардан бири.
Шохобчада Марғилон шаҳридан келган ҳайдовчилар ҳам навбат кутиб туришибди.
Улардан бири Марғилонда аҳвол бундан бадтарроқлиги, газ 80 атмосфера босимига тушиб кетгани, энг ёмони, навбатда турганлар қолиб, шохобчанинг бошқа эшигидан кириб газ қуйиб чиқиб кетаётганлар ҳам бўлаётганидан шикоят қилди.



Қўштепа туманининг Лангар йўли ёқасидаги метан газ қуйиш шохобчасида эса 500тадан зиёд автомобил навбат кутмоқда. Соатлаб навбат кутаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик.



«Аҳолини ташийдиган «Дамас»лар бензинга юриб, «Каллахўр»дан Марғилон марказига бориш учун йўлкира 1000 сўмдан 3000 сўмга кўтарилди. Аҳоли норози, кунимиз навбат кутиш билан ўтяпти. Бензин нархи 8-10 минг сўмга кўтарилиб кетган. Шохобчага тартибли навбатдан қўйишда ҳам ноҳақликлар роса кўп», дейди ҳайдовчилардан яна бири.



Фарғона шаҳрига киришдаги «Автомобилист» газ қуйиш шохобчасида 700дан зиёд автомобилдан иборат навбат пайдо бўлган.
«Орамизда кечаси соат иккида келиб кутаётганлар ҳам бор. 10 соат кутишнинг ўзи бўлмайди. Кечаси машина ичида совқотмаслик учун ёпинчиқ олиб келяпмиз. Мана соат кундузги 12 бўлди. «Заправка» ҳали очилгани йўқ. «Тез ёрдам» машинаси келди. Уларни ҳам қўйишмади. Хоҳлаган одамига олдидан очиб беришяпти. Тартиб йўқ», дейди ҳайдовчилардан бири.
Шундан сўнг «Ёрмозор»даги шохобчага бордик. У ерда ҳам шу аҳвол. Ҳайдовчилар ўз арзларини айтишди.
Андижоннинг Улуғнор туманидаги шохобчада электр ҳам йўқ экан
Фарғонадан Андижон вилояти томон юрдик. Вилоятнинг шаҳар марказлари ва атрофидаги «заправка»ларда навбатлар у қадар катта эмас.
Лекин Улуғнор тумани «Сариқсув» маҳалласидаги шохобчада аҳвол жуда ёмон эди. 300га яқин автомашина йўлда навбат кутиб турибди.
«Газ босими камлиги етмаганидек, ток ўчавериб «заправка» тўхтаб қоляпти. 6 соатдан бери навбат кутяпмиз. «Кетайлик», десак кетгани ҳам газ йўқ», дейди совуқда жунжикиб турган ҳайдовчи.

Олтинкўл туманидаги «Мамаюсуфчек» қишлоғида жойлашган шохобчада ҳам ўнлаб автомашиналар навбат кутиб турганди.
Наманганда шохобчалар кўп. Муаммолар ҳам
Наманган шаҳрига Лола мавзеси орқали кираверишда 10га яқин метан газ шохобчаларини санадик. Деярли ҳаммасида навбатлар ҳосил бўлган.


«Мен «Уйчи-Наманган» йўналиши бўйича «Дамас»да қатнайман. Йўлкира 2500 сўм эди, 3000 сўм қилдик. Чунки, лицензия олганман, корхонага кунлик тўлов қиламан. Вақтимни кўп вақти йўлда эмас «заправка»да ўтяпти. Топадиган пулимиз камайиб кетди. Лекин одамлар норози бўлишяпти. Нима қилайлик, иложимиз йўқ. Тирикчилик», дейди ҳайдовчи.
«Ўзтрансгаз» ва Фарғона «Ҳудудгаз» изоҳи
Фарғона шаҳридаги «Ҳудудгаз» идорасида бўлиб, муаммолар бўйича изоҳ сўрадик.

Жамият матбуот котиби Бахтиёржон Розиқов ўз маълумотларини тақдим этди.
«Ўзтрансгаз» АЖнинг 20 ноябрдаги 02-01-14-1003/8848-сонли топшириғига асосан, 19-30 ноябрь кунлари республика ҳудудига совуқ ҳаво оқимини кириб келиши натижасида ҳаво ҳарорати -15 даражагача пасайиши ҳамда магистрал газ қувурларида босим камайиши муносабати билан, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар, стратегик ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ етказиб берилишини таъминлаш мақсадида вилоятдаги барча АГТКШларга табиий газ беришни вақтинча чеклашни тартибга солувчи жадваллар ишлаб чиқилиб тасдиқланган ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖга тақдим этилган. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖнинг оммавий ахборот воситалари орқали баёноти мавжуд.

21 ноябрь кунидан бошлаб Фарғона вилоятидаги барча АГТКШларга режа-графикка асосан ҳамда автомобил ҳайдовчиларига қулайлик яратиш мақсадида куннинг кечки ва тунги вақтларида, яъни соат 19:00дан эрталабки соат 06:00гача табиий газ етказиб беришни тўхтатиб туриш амалиёти жорий этилган», дейилади маълумотда.
«Ўзтрансгаз» матбуот котиби Фаридахон Тожибоева ҳам ҳолат юзасидан изоҳ берди.
«Табиий газ лимити камайтирилмаган. АГТКШ тўлиқ ишламаслиги фақат табиий газ билан боғлиқ эмас. Об-ҳаво кескин пасайиб кетган пайтларда аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарга максимал даражада табиий газ етказиб бериш - асосий мақсадимиз.
Бундан ташқари, «Ўзнефтгазинспекция», «Ўзстандарт» агентлиги, МИБ ва Ҳудудий газ таъминоти идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилаётган ўрганиш натижаларига асосан, айрим шохобчаларда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга зид равишда фаолият юритиш ҳолатлари аниқланмоқда. Айрим АГТКШда лицензия шартларига мувофиқ иш юритмаганликлари учун камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинча газ етказиб берилиши тўхтатилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Уларда аниқланган камчиликлар бартараф этилгач, газ таъминоти қайта тикланмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги «Газ етказиб берилмагани сабабли АГТКШда турнақатор навбатлар бўлмоқда», деган фикрлар ўринсиз», дейди жамият матбуот хизмати ходими.
Икки мутасадди ташкилот изоҳи ҳам қониқарли эмас.
Водийдаги уч вилоятда газ қуйиш шохобчаларида совуқда соатлаб навбатини кутаётган ҳайдовчиларга бу изоҳни ўқиб беришнинг ҳам кераги йўқ.
Аниқ факт шуки, «заправка»лардаги ёқилғи танқислиги ортидан ҳайдовчилар қийналиб, йўлкира нархи ошди. Икки ўртада яна аҳолига қийин бўлди.
Ҳаммани фақат битта умумий савол қийнайди. «Қачонгача?». Йиллар ўтиб боряпти. Муаммога эса ечим йўқ.
Журналист Элмурод Эрматов,
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов
Фарғона-Андижон-Наманган
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
19:58 / 21.05.2025
Яйпанда шундай ошхона бор: Ош салат, нон ва чойи билан 8 минг, шўрва эса 10 минг сўм
09:10 / 17.05.2025
Намангандаги қабристонда ёнғин содир бўлди
14:18 / 15.05.2025