Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўқитувчи фаолиятини лицензиялашдан мақсад пул ишлаш эмас» – Халқ таълими вазири ўринбосари янгилик бўйича изоҳ берди
Халқ таълими вазирлиги томонидан «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган эди.
Ушбу қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб, халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган.
Бугун, 3 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими мутасаддилари иштирокида ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Умаров ушбу янгилик бўйича тўлиқ изоҳ берди.
Хорижда ўқитувчи учун лицензия бериладими?
Мактабларда айни пайтда 461 минг нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Таҳлиллар асосида аниқ бўлдики, уларнинг салоҳияти унчалик юқори эмас. Бу ҳолатда қандай қилиб кадрлар масаласини ижобий ҳал қилиш мумкин?
Етакчи давлатлар тажрибасига назар солсак, АҚШнинг ҳар бир штатида ўқитувчи бўлиш учун алоҳида имтиҳон топширилиши талаб этилишига гувоҳ бўламиз.
Бунда мактаб ўз талабларига жавоб берадиган, имтиҳондан муваффақиятли ўтган ўқитувчига дарс ўтиш ҳуқуқини берувчи сертификат тақдим қилади. Бундан ташқари, АҚШда ҳамма штатда дарс бериш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳам берилиши мумкин.
Худди шундай тизим Япония, Жанубий Корея, БААда ҳам мавжуд.
Чет элдаги фаолиятим давомида турли давлатларда устозлик қилаётган ҳамюртларимизни кўп учратаман. Улар ҳам халқаро ўқитувчилик касбий лицензияси учун имтиҳон топширишган. Биз ҳам замонавий тарзда жаҳон стандарти асосида ишлаш учун ушбу тизимни жорий этишимиз зарур бўлади.
Нега «лицензия» сўзини нотўғри тушунишяпти?
Айни пайтда кўпчилик санъат соҳасида бериладиган лицензия ёки бошқа турли таассуротлари туфайли халқ таълими тизимига жорий этиладиган лицензия ҳақида нотўғри фикрга боряпти.
Шунинг учун битта мисол келтирмоқчиман: жамоат транспорти ҳайдовчиси 60-70 нафар одамни ўз манзилига етказиб қўйишига ўрганиб қолганмиз. Лекин агар ҳайдовчининг лицензияси бўлмаса, бу автобусга чиқишга шахсан мен иккиланаман. Ёки учувчининг лицензияси бўлмаса, самолётга ҳам ишонч бўлмайди. Бу билан айтмоқчиманки, ҳар бир жойда касбга кириш учун имтиҳон бўлади.
«Лицензия имтиҳони 3та босқичда бепул амалга оширилади...»
Халқ таълими тизимида касбий лицензиялаш мақсадининг пул ишлаш билан боғлиқ жойи йўқ. Имтиҳонлар бепул ўтказилади.
Имтиҳон учта босқичда ўтказилади:
- Ўз фанини билиш бўйича. Айрим ўқитувчилар борки, соҳаси бўйича етарли билим ва кўникмага эга эмас. Масалан, баъзи математиклар берилган масалани ишлай олмаслиги мумкин. Шундай ҳолатлар учрамаслиги учун бу босқичда муаллимларнинг соҳаси бўйича билимини текширамиз.
- Педагогик маҳорат бўйича. Ўқитувчи шундай дарс бериши керакки, ўқувчилар унинг дарсидан қониқиши зарур.
- Психологик барқарорлик бўйича. Бу бўйича ҳам ўқитувчи талаб даражасида бўлиши керак. Лекин, афсуски, бу кўникма ҳамма устозларда ҳам етарли эмас. Масалан, бир неча йил олдин ўқувчиларининг пешонасига 2 баҳо қўйган ўқитувчи ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Таълим тизимида устозларнинг бола билан ишлай олиш кўникмаси етарли даражада бўлиши керак.
Имтиҳонларни ўтказишда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ҳам режаларимизда бор.
«Лицензияли ўқитувчиларнинг маоши оширилади...»
Айни пайтда ўқитувчиларга имтиҳонларни кўпайтирмаслик учун лицензия имтиҳонини мавжуд «Иккинчи тоифали ўқитувчи» деган синовнинг ўрнига жорий этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, лицензия синовини топширган ўқитувчининг ойлиги бир неча баробар юқори этиб белгиланади. Кези келса, бундай ўқитувчиларга алоҳида нишон берамиз.
Японияда устозлик нишони бор одамларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Биз учун бу хаёлий ҳикоя бўлиши мумкин, бироқ хаёлий ҳикояни нега ҳаётий ҳикояга айлантира олмаймиз?
«Олий тоифали ўқитувчилар ҳам синовдан яхши ўтмади...»
Яқинда Сирдарё вилоятида ўқитувчилар билимини аниқлаш мақсадида тест синовлари ўтказилди.
Натижаларга кўра, олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларимизнинг ҳам 30-45 фоизи оддий тестлардан ўта олмади.
Бироқ малака тоифасини лицензия тартиби билан алмаштирмоқчи эмасмиз. Лекин мактабга ишга олинадиган устозларни танлов асосида ишга қабул қилиш механизмини яратмоқчимиз.
Афзалликлар нимадан иборат бўлади?
- Умумтаълим мактаблари малакали, компетенцияли, фикрлаш доираси кенг бўлган, доимий равишда ўз устида ишлайдиган мутахассислар билан таъминланади;
- Лицензиялаш орқали ўқитувчилар ўзининг билим савияси, малакаси ва касбий маҳоратини доимий ошириб бориш орқали ойлик иш ҳақини ошириб бориш имконига эга бўлади.
- Ота-оналар яхши ўқитувчилар ишлайдиган мактаб қидириш ташвишидан халос бўлади.
Тартиб босқичма-босқич жорий этилади
Алишер Умаровнинг таъкидлашича, касбий лицензиялаш тартиби бир неча йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилиши тартиби белгиланган бўлиб, келаси йил имтиҳон топширмаганлар ишсиз қолиб кетади деган турли гап-сўзлар асоссиз.
2021 йилда фақатгина 5 фоиз ўқитувчиларга ўз хоҳишига кўра касбий лицензия бериш кўзда тутилган.
«Исталган ўзини имтиҳонга тайёр деб ҳисоблаган ўқитувчига лицензия берамиз ва унинг ойлик маоши оширилади», дейди Алишер Умаров.
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, айни пайтда муҳокамаси тугалланган «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида»ги қарор лойиҳаси бўйича таклифлар ўрганилмоқда. Шундан сўнг ҳужжат бўйича бошқа ташкилотлар фикри ўрганиб чиқилади ва ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Зилола Ғайбуллаева ёзиб олди
Мавзуга оид
20:08 / 23.05.2025
Қашқадарёда ўнлаб педагогларга устама тўлаш техник масалалар сабаб тўхтатиб қўйилди
09:00 / 18.05.2025
“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести
17:10 / 02.05.2025
“Жаҳлдор ўқитувчи” — Самарқандда педагог болаларга ўта қўпол муносабатда бўлди
23:22 / 25.04.2025