Ўзбекистон | 14:10 / 04.12.2019
23290
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта териш машиналари хорижникидан икки баробар арзон, терим сифати ҳам яхши – Нодир Отажонов

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта териш машиналари хорижникидан икки баробар арзон, терим сифати ҳам уларникидан кам эмас. Қолаверса, Ўзбекистоннинг пахта териш машиналари тракторнинг устига агрегатлангани учун трактор алоҳида ажратилиб, пахта мавсумидан бошқа вақтларда ҳам хизмат қилади. Бу ҳақда Бош вазир маслаҳатчиси  - «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов Kun.uz’мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ахборот хизмати

«Хорижда ишлаб чиқарилган 4 қаторли замонавий пахта териш машиналарига нисбатан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар қарийб икки баробарга арзон ва терим сифати уларникидан кам эмас. Мана, ўтган йили 4 қаторли битта «John Deere» пахта териш машинасининг нархи 5 миллиард сўмдан зиёд бўлган бўлса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган икки қаторли машиналар 1 млрд 300 млн сўм, 4 қаторлиси 2 млрд 600 млн сўм. Қарийб икки баробар арзон.

Яна бир муҳим жиҳати, «John Deere» машинаси 1-2 ой пахта тергандан кейин қолган 10 ой давомида, яъни кейинги теримгача ишлатилмайди, уни шунчаки сақлаб туриш керак бўлади. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган пахта териш машиналари эса тракторнинг устига агрегатлангани учун трактор алоҳида ажралиб, пахта мавсумидан бошқа вақтларда ҳам хизмат қилади», дейди Нодир Отажонов.

Унинг айтишича, «Ўзагротехсаноатхолдинг» компанияси кластер вакилларининг фикрларини инобатга олган ҳолда техниканинг сифатини яхшилаш, уни янги агротехник талабларга, янги экиш схемаларига мослаштириш устида изланмоқда.

«Пахтачиликда 76 см оралиқда экилиши ўзининг самарасини кўрсатяпти. Энди бу ерда техниканинг комплекси ўзгаради. Бунга тайёр бўлишимиз керак. Мавсумга талаб қилинган техникаларни етказиб беришимиз керак. Шу билан бирга, техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашни йўлга қўйиб беришимиз керак», деган Нодир Отажонов.

Режага кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда мингдан зиёд терим машинаси ишлаб чиқарилиши керак. 3 декабрь куни Пойтахт бизнес марказида бўлиб ўтган «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерларининг 2020 йилда амалга ошириладиган устувор лойиҳалари» мавзусидаги амалий семинарда ушбу терим машиналарининг намуналари намойиш этилди.

«Пахта теримини механизациялаш бўйича давлат раҳбари томонидан аниқ вазифалар олдимизга қўйилган. Келгуси йилда 1000тадан ортиқ ҳажмда пахта териш машинасини ишлаб чиқарамиз. Бу машиналар пахтани тоза териши, самарадорлиги, фермерларнинг талабига тўлиқ мос келиши билан бозорда ўз ўрнини топди. Машиналаримизнинг нархиям, сифатиям рақобатбардош. Биз конструктив ўзгартиришлар киритган ҳолда уларнинг маҳсулдорлигини ошириб борамиз. Сервис хизмати, механизаторларни аввалдан ўқитиш, далаларни экинга тайёрлаш олдимизда турган муҳим вазифалар бўлиб, уларнинг ижросига ҳозирдан киришганмиз», – дейди Нодир Отажонов.

Аввалроқ Нодир Отажонов 2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш ҳажмини 50 фоизга, келгуси йилларда эса 80 фоизга кўтариш режалаштирилганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид