Жамият | 14:27 / 04.12.2019
31453
9 дақиқада ўқилади

Самарқандда бахтсиз воқеа туфайли фалаж бўлиб қолган йигитга ҳеч қандай товон пули тўланмади

Бир умрга ногирон бўлиб, тўшакка михланиб қолган Алимардоннинг тақдири мамлакатдаги шу каби ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимоя қилинаётгани ҳақида мулоҳаза қилишга ундайди.

Бугунги кунда турли хусусий корхоналарда меҳнат шартномасисиз, оғзаки келишув билан ёлланма тарзда меҳнат қилаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Агар бир фалокат рўй бергудек бўлса, у ҳолда на бирон товон пули, на бошқа турдаги тўлов тўғрисида гапириш мумкин. Эҳтимол, шу сабабдан ҳам айрим ишбошилар ёлланувчилар билан шунчаки оғзаки келишув қилиб қўйишса керак.

Самарқанд шаҳрида яшовчи Озода Соатова ўғли Алимардон Турсуновнинг худди шундай ҳодиса туфайли оғир аҳволга тушиб қолгани юзасидан таҳририятимизга мурожаат қилди.

Бордик. Самарқанд халқаро аэропорти яқинидаги ижарага олинган ғарибгина далаҳовлилардан бири…

Қаҳратонда ойнаси йўқ эшикдан совуқ нафасини уфуриб турган хонада бемор ётибди. Оёқ томонига совуқнинг заҳрини кесиш учун қўлбола электр иситкич қўйилган. Оғир аҳволдаги бемор тиббий хизматларсиз ана шу шароитда парваришланмоқда.

Онаси Озода опанинг айтишича, 26 ёшли Алимардон 2018 йил 1 август куни Самарқанд туманида жойлашган «Афросиёб қурилиш инвест» МЧЖга қарашли қайроқтош майдалаш корхонасига ишга кирган.

17 август куни эса тош майдалаш ускунасига тош тераётганида ускунага қўли кириб қолиб, уни ичига тортиб кетган. Ўнг қўл елка суяги мажақланиб, бутун гавданинг турли қисмларига оғир жароҳатлар етган. Бешта қовурға синиб, орқа мия тиклаб бўлмас даражада лат еган.

Аввал шошилинч тез тиббий ёрдам бирлашмасида, кейин вилоят ортопедия ва шикастланиш оқибатлари шифохонаси жонлантириш бўлимида мураккаб муолажалардан сўнг унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Аммо шу кундан эътиборан Алимардон тўшакка михланиб қолган. Дард билан олишаётган беморнинг фақат териси-ю суяги қолганининг гувоҳи бўлдик. Узоқ вақтдан бери ётгани сабаб терида турли яра-тошмалар юзага келган. Бемор фақат сўзлаша олади, холос.

Озода Соатова ўғли шу кўйга тушган корхона томонидан шу вақтгача товон пули берилмагани ҳақида шикоят қилди.

«Дориларга пул етмасдан, уч-тўрт марта изиллаб йиғлаб борганимда 500 минг сўмдан беришди. Ўғлимнинг отасига ҳам корхона томонидан бир неча марта пул берилди. Аммо боламни парваришлаш учун бу урвоқ ҳам бўлмади. Қолаверса, пул деб йиғлаб боравериш менга ҳам осон эмас, бундай вазиятда боламнинг қонуний ҳуқуқи борми йўқми? Ахир, одам иш жойида ногирон бўлиб қолгач, унинг оқибатлари ҳақида наҳотки ўша корхона мутасаддилари ўйлаб кўришмаса?! Ишга яроқсиз бўлиб қолган ходим шунчаки унутилса», дейди Озода Соатова.

Озода опа ана шу шикоят билан судга ҳам мурожаат қилган. Аммо фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди тадбиркор фойдасига қарор чиқарган: «Даъвогар Соатова Озоданинг жавобгар «Афросиёб қурилиш инвест» МЧЖга нисбатан соғлиққа етказилган шикаст учун бир марта тўланадиган нафақа, ҳар ойлик тўлов, дори-дармон, шифохона харажатлари ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш рад этилсин...»

Суд қарорида даъво исботини топмагани маълум қилинган. Корхона ишлашда давом этмоқда, мутасаддилари ҳам ҳодисани инкор этмаяпти, аммо цех «тишлари орасида» мажақланган ходимнинг аҳволи не кечади энди?! Мана шу масала қолиб кетмоқда.

Шартнома бўлмагани учун, судда «исботини топмагани сабабли» даъво рад этилган. Эҳтимол, қонунчилигимизга инсонпарварликдан ҳам кўра бир парча «документ» муҳимдир, лекин Алимардон каби ёлланма ишчиларнинг тақдирини ҳам кимдир ўйлаб кўриши керак.

«Афросиёб қурилиш инвест» МЧЖ раҳбари билан суҳбатлашганимизда мазкур ҳодиса ҳақиқатан ҳам юз берганини, қараб турмагани ва беморнинг яқинларига 10 миллион сўм атрофида моддий ёрдам кўрсатилганини айтди. Қонуний товон пули ҳақида эслатганимизда суднинг қарорини рўкач қилди.

Хуллас, қонуний томондан она иложсиз бир аҳволда қолмоқда. Ҳатто сўлиб бораётгани ўғлига айни дамда биронта оғриқ қолдирувчи дорини ҳам олиб беролмаётганини айтмаса ҳам бўлади. У ўғли ишлаган корхона вакилларининг ҳеч бўлмаса бирмарта бўлса ҳам келиб собиқ ходими ҳолидан хабар олмаганидан ҳам ёзғирди.

Вилоят меҳнат бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Жонибек Азимовга ана шу масала бўйича юзландик.

«Шартнома йўқ экан, ёлланма экан, деб ишчидан воз кечиб кетилмайди. Қонунчилигимизда бу нарса аниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Яъни меҳнат кодексининг 82-моддасида «Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда РАСМИЙЛАШТИРИЛГАН ЁКИ РАСМИЙЛАШТИРИЛМАГАНЛИГИДАН ҚАТЪИ НАЗАР, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади», деб белгилаб қўйилган. Алимардон Турсуновнинг манфаатини кўзлаб биз судда ҳам иштирок этдик. Бу бўйича ҳали ишлашда давом этяпмиз», деди меҳнат бошқармаси вакили Жонибек Азимов.

Мутахассис фикрига таянадиган бўлсак, ёлланма ишчи ҳам барча ишчилар каби қонуний ҳуқуқларга эга ва унга белгиланган миқдорда товон пули берилиши шарт.

Энди иккинчи масала шуки, айни вақтда Алимардон ҳали ҳам ночор вазиятда уйида қолмоқда. Ўрганиш жараёнида шошилинч тез тиббий ёрдам бирлашмаси мутасаддиларидан беморни олиб кетишларини илтимос қилдик. Тўғриси, бир аҳволда ётган Алимардонга бир нима бўлиб қолишидан биз ҳам чўчидик. Аммо тез ёрдам ўз номи билан тез ёрдам, икки-уч кундан сўнг яна беморга уйига кетиш учун рухсат берилди.

Вилоят ортопедия ва шикастланишлар шифохонаси врачлари Эркин Ҳотамов ва Камолиддин Ниёзовлар беморнинг ҳолати ва амалга оширилиши зарур бўлган муолажалар ҳақида маълум қилишди:

«Алимардондаги жароҳатлар бу турдаги жароҳатларнинг энг оғиридир. Айниқса, орқа мия ва кўкрак қисмидаги қаттиқ лат ейиш оқибатларини бартараф этиш деярли имконсиз. На юртимизда, на хорижда тиклаш имкони бор уларни. Аммо ҳар қандай бемор, аввало, инсон, эътиборга лойиқ. Ногирон бўлса-да, яшашга ҳақли у, буёғига энди реабилитация ишлари жуда муҳим. Шу билан бирга, умидни ҳам узмаслик керак».

Шифокорларнинг айтишича, айни вақтда бемор билан тезда шифокорлар назоратида реабилитация тарзидаги даволаш ишларини олиб бориш керак. Бу ҳақда беморнинг онасига ҳам тушунтирдик, аммо бунинг учун ҳам маблағ керак-да.

Яна бир гап. Юқорида ёлланма ишчилар тақдири ҳақда тўхталгандик. Аслида ҳуқуқсиз қолаётган бундай ишчилар оз эмас экан. Меҳнат бошқармаси маълумотига кўра, шартномасиз ишга қабул қилиб, кейин билганича иш тутадиган иш берувчилар учраб туради. Айниқса, қурилиш каби соҳаларда соддароқ ёшларни ойлаб ишлатиб, бир тийин иш ҳақи бермасдан ҳайдаб юборган шахслар ҳам бор. Модомики айрим иш берувчилар инсофдан йироқ экан (одатда солиқ ва бошқа мажбуриятлардан қочган одам шартномасиз иш таклиф этади) меҳнат муносабатларини юз фоиз легализациялаштириш шарт деб ҳисоблаймиз. Алимардоннинг бошига тушган иш шу ҳақда ўйлашга мажбур қиляпти.

Дарвоқе, дастлаб мақоламиз бир инсоннинг ҳуқуқларини тиклашга қаратилган эди. Аммо мавжуд вазиятдан бохабар бўлганимиздан сўнг юртдошларимизда Алимардонга кўмак бериш истаги туғилишига амин бўлдик ва унинг пластик рақамини ҳам кўрсатишга қарор қилдик:

8600 0504 5285 2900 (Микрокредитбанк)
Турсунов Алимардон номида.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

 

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид