Жаҳон | 21:30 / 05.12.2019
30005
8 дақиқада ўқилади

Беларусь нима учун Россия билан интеграцияни чуқурлаштиришни истамаяпти

«Биз ҳеч қачон ҳеч бир давлат, ҳаттоки Россия таркибига ҳам киришга ҳаракат қилмаганмиз ва кирмаймиз», деди Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан шанба куни Сочида ўтказиладиган учрашув арафасида.

Фото: REUTERS

Кремль 1999 йилги иттифоқчилик шартномаси асосида қўшни давлат билан интеграцияни чуқурлаштиришни сўрамоқда. Беларусь Россия таклиф қилаётган кўринишдаги интеграция мамлакат суверенитетини чеклаб қўяди, деб ҳисобламоқда.

Томонлар интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги ҳужжатларни 8 декабрда, Беларусь ва Россия иттифоқ давлатлари ташкил этилганининг 20 йиллиги санасида имзолашни мўлжаллаганди.

«Мен йигитча эмасман!»

Лукашенко Беларусь парламентига Путин билан суҳбат кескин бўлишини ваъда қилди.

«Табиий газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома ҳалигача йўқ бўлса, қандай интеграция ҳақида гапириш мумкин? Яъни эрта-индин бизда Янги йил, биз эса табиий газ етказиб бериш ҳажми ва нархи бўйича шартномага эга эмасмиз. Нефть бўйича масалалар ечилмаган. Ҳаттоки оддийгина  «ифлос» нефть масаласи ҳам (гап шу йилнинг апрелида «Дружба» нефть қувури орқали етказилган сифатсиз нефть ҳақида бормоқда. Беларусь томони етказилган зарарни 100 млн доллар деб баҳоламоқда). Улар ўзларини «ифлос» нефть бўлмагандек тутишмоқда», - деди Лукашенко.

«Маҳсулотларимиз учун бозорларни (доимий ёки даврий) ёпиб қўйишса, бу қандай ягона иқтисодий макон? Савол кескин қўйилади», деди у.

Беларусь президенти яна бир бор такрорлади: Беларусь Россия билан конструктив ҳамкорликка тайёр, аммо тенг ҳуқуқларда. Ва Беларусь манфаатларига зарар етказадиган ҳеч қандай ҳужжатни имзоламайди.

«Ёдда тутинг! Мен 3−4−5 йил президент бўлиб ишлаган йигитча эмасман. Менга етарлича бўлди. Ва мен сизлар билан, халқ билан амалга оширилган ҳамма нарсани ўчириб ташламоқчи эмасман – мустақил давлатни қутига солиб ташлаб юбориш ёки кимгадир бериш учун ташкил этдимми? Менинг давримда ҳеч қачон бундай бўлмайди», - деди 25 йилдан буён президентлик курсисида ўтирган Лукашенко.

Хуфёна чуқурлаштириш

Ҳар икки давлатнинг амалдор ва экспертлар гуруҳлари сентябрь бошида бош вазирлар даражасида келишилган интеграция бўйича ҳужжатлар ва йўл хариталари устида ишламоқда.

Аммо уларда айнан нима баён этилгани ва «чуқурлаштириш» қайси йўналишларда амалга оширилиши номаълум. Беларусь парламентининг собиқ депутати Алена Анисим интеграция тўғрисидаги ҳужжатларда нималар акс этганини изоҳлашини сўраб Вазирлар Маҳкамаси ва Иқтисодиёт вазирлигига икки марта мурожаат қилди. Амалдорлар иш якунига етмай туриб жамоатчиликни ташвишга солмасликни сўрашди. 

Иқтисодиёт вазирлиги ҳуқуқ ҳимоячиси Михаил Мацкевичга интеграция ҳужжатлари хизматда фойдаланиш учун эканлигини маълум қилди.

Бундан 20 йил аввал, Лукашенко ва Россиянинг ўша пайтдаги президенти Борис Ельцин иттифоқ давлатини тузиш тўғрисидаги шартномани имзолаганида ҳам худди шундай вазият юзага келганди.

«Матнни чоп этишга ҳожат йўқ», - деганди Лукашенконинг ўша пайтдаги ёрдамчиси Михаил Сазонов аҳоли референдумларда Россия билан муносабатларни чуқурлаштиришни икки маротаба ёқлаганини айтаркан.

«Коммерсант»нинг ноябрдаги мақолаларидан маълум бўлишича, Беларусь томонини иттифоқ солиқ кодексини яратиш бўйича йўл харитаси чўчитмоқда – Беларусь бюджетига даромадларнинг бир қисмидан мосуво бўлиш хавфи туғилмоқда ва солиқ имтиёзлари олган юқори технологиялар парки ҳамда IT-соҳасини нима кутаётгани номаълум.

Ким нимадан қўрқмоқда?

Минскдаги экспертлар маҳаллий жамоатчиликни Лукашенко ўзининг мамлакатдаги яккаҳокимлигига путур етказиши мумкин бўлган иттифоққа қўшилмаслигига ишонтирмоқда.

Путин ва Лукашенко шанба куни Сочида учрашади / GETTY IMAGES

Сиёсий шарҳловчи Юрий Дракохруст ҳозирги интеграция баҳсларини «ўйин» ва Беларусь ҳукуматининг иқтисодий савдоси деб атамоқда.

«Беларусские новости» таҳлилчиси Александр Класковскийнинг фикрича, «энг қизиғи, Путин кескин савол қўйган беларуслик ҳамкорини сал бўлса ҳам тинчлантирадими? Янги интеграция ҳужжатлари декабрда қабул қилиниши учун Минскка бир бўлак ширинлик берилиши керак».

Ўртага мустақиллик тикилган

Афтидан «ширинликлар» берилиши бошланди: «Россельхознадзор» 4 декабрдан Беларусдаги 32та корхонадан Россияга сут етказиб беришга қўйилган чекловлар олиб ташланганини эълон қилди.

Аммо Беларусь мухолифати ва қатор етакчиларнинг фикри қатъий: сут ва нефть масаласида савдолашилмаяпти, ўртага Беларусь мустақиллиги тикилган.

Мустақил Беларуснинг биринчи раҳбари Станислав Шушкевич, мухолифат етакчилари Павел Северинец, Григорий Костусев, парламентнинг собиқ депутати Алена Анисим, қувғинда фаолият олиб бораётган Беларусь Халқ Республикаси ҳукумати раҳбари Ивонка Сурвила ва бошқалар мустақилликка таҳдид тўғрисидаги баёнотни имзолади.

Telegram-каналлардаги умумий аудиторияси 400 мингга етадиган 60 нафар блогердан иборат жамоа ўз каналларида қуйидаги матнни жойлади:

«Интеграцияни кучайтириш» ва Россия билан «йўл хариталари» имзолаш тўғрисидаги гап-сўзларга жавобан Беларусь Telegram-ҳамжамияти қуйидагиларни билдиради:

- Беларусь мустақиллиги савдолашадиган нарса эмас;

- мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига зарар етказадиган ҳар қандай ҳужжатни имзолаш номақбул;

- Россия билан интеграцияни чуқурлаштириш мамлакатимиз миллий манфаатларига зиён келтиради».

Шанба куни, Лукашенко ва Путин Сочида учрашганида мухолифат халқни Минскдаги марказий майдонга чақиради. 

Фаолларни Лукашенконинг парламентда айтган мустақиллик сақлаб қолиниши тўғрисидаги баёноти ҳам ишонтира олмади: ижтимоий тармоқлар ва нодавлат ОАВда Россия телеканалларига интервьюсида Беларусни «суверенитет камайишидан» чўчимасликка чақирган Россия бош вазири Дмитрий Медведевдан иқтибослар келтирилмоқда.

«Баҳсли» рақамлар

Ўтган ҳафтада Россия ва Беларусь матбуотида МГИМОнинг халқаро алоқаларни таҳлил қилиш маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Тадқиқот доирасида беларуслардан уларнинг Россияга нисбатан муносабати сўралган. Таъкидланишича, беларусларнинг қарийб 90 фоизи Россия билан иттифоқчилик ёки шериклик муносабатлари тарафдори. 

«Ўн кишидан биттасигина мустақил Беларусь тарафдори!» – деб изоҳлади Россия ва Беларусдаги қатор сайтлар ушбу тадқиқотни.

Беларусь миллий фанлар академиясининг социология институти ушбу маълумотларни ноқонуний ва нотўғри деб атади.

Социолог мутахассис Александр Домбровскийнинг билдиришича, МГИМО тадқиқотчилари Беларусда ижтимоий сўров ўтказиш учун аккредитациядан ўтмаган (бу мажбурий); саволлар тузилишини тўғри ва Беларусь ҳамда Россия иттифоқи мавзуси аҳамиятига алоқадор деб бўлмайди.

Социология институти апрель ойида ўзи ўтказган тадқиқот натижаларини келтирди.

Ундаги маълумотларга кўра, мамлакат фуқароларининг 49,9 фоизи Беларусь мустақил давлат бўлиши ва Россия билан муносабатларни халқаро шартномалар асосида қуриши керак деб ҳисоблайди. Беларуснинг Россия Федерацияси таркибига кириши тарафдорлари 2019 йилда атиги 7,7 фоизни ташкил этган.

Беларуснинг буткул мустақиллигини истовчи фуқаролар сони 2003 йилдан буён 14,9 фоизга ошган, Россия билан тенг ҳуқуқли иттифоқ тарафдорлари эса 13,3 фоизга камайган, деб қайд этмоқда Беларусь расмий социологлари. Шу билан бирга, уларнинг таъкидлашича, беларуслар Россияни энг яқин дўст мамлакат (60,5 фоиз) ва ташқи сиёсатдаги энг муҳим йўналиш (47,6 фоиз) деб билишади.

Мавзуга оид