Жамият | 11:20 / 06.12.2019
52371
7 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган: МИБга ҳокимлик вакиллари тўсқинлик қилишди

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида навбатдаги можаро: тўғридан-тўғри туман ҳокимлиги вакилларининг ноқонуний аралашуви туманда чиндан ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган қонун-қоидалар амал қилмаслигига яна бир бор яққол мисол бўла олади.

Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳрида МИБ ходимлари ва давлат корхонаси ўртасида содир бўлган ушбу можарони бориб ўргандик.

Маълум бўлишича, Жума шаҳридаги «Қатортерак» маҳалласига ёндош ҳудудлардан бирида 2 гектардан ортиқ ерда жойлашган 64 йиллик тутзор шу йилнинг август ойида кесилиб, ободонлаштириш бошқармасига қарашли бетон тайёрлаш корхонасига берилган.

Бу ерда тайёрланаётган бетон маҳсулотлари Жума шаҳридаги ободонлаштириш ишларига ишлатилмоқда. Бу қайсидир маънода яхшидир, албатта.

Лекин икки ойча аввал ўз фаолиятини бошлаган бетон тайёрлаш корхонаси ўзбошимчалик билан тармоққа уланган, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ва энергия сотиш корхоналарига бир тийин тўламасдан келган.

Қишки вақтда аҳоли электр энергияси етишмовчилигидан қийналмоқда. Энергия сотиш корхоналари хўжасизликка йўл қўймаслик, электр энергиясидан самарали фойдаланиш кераклигини бот-бот такрорламоқда. Жойларда электр энергияси талон-торож бўлишига туман ҳокимлигининг ўзи бош-қош бўлаётгани қайси қолипга сиғади?!

4 декабрь куни МИБ ходимлари воқеа жойини ўрганиб, электр ҳисоблагичсиз ишлаётган трансформаторни муҳрлашганда ва тегишли тартибда далолатнома имзолашганда уларга корхона ходимлари томонидан кескин қаршилик кўрсатилган. Бунисига нима дейсиз?

МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғи ўринбосари Суҳроб Жалиловнинг сўзларига кўра, бетон тайёрлаш корхонаси иш юритувчиси Рамиз Аннабозоров намойишкорона тарзда пломба ва муҳрларни юлиб ташлаб, автоматни ёқиб, корхонани яна ишга тушириб, МИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.

МИБ ходими  Суҳроб Жалилов

Чунки Паст Дарғом туман ҳокими Шунқор Худойбердиевнинг ёрдамчиси Асрор Мардиев ушбу вазиятда МИБ ходимларига босим ўтказиб, электрдан узмасликни талаб қилган. Воқеа гувоҳлари жараённи видеотасвирга олишган. Видеотасвирда туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ҳам шу ерга келаётгани айтилганини кўриш мумкин. Лекин ҳоким келмаган.

Туман ҳокими ёрдамчиси Асрор Мардиев ва корхона вакили Р.Аннабозоров

Воқеа жойига чақирилган туман ички ишлар органлари ходимлари давлат инспекторига қаршилик қилаётган безориларни тўхтатиш ўрнига, «ўзларинг келишиб олинглар», дегандек қилиб кетиб қолишган.

Шунда трансформаторни изолятор нуқтасидан узиш мақсадида туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига мурожаат қилинган. Туман ЭТК раҳбари Ҳикмат Ҳайитов ва корхона ходимлари воқеа жойига етиб келиб, турли баҳоналарни рўкач қилиб, бетон тайёрлаш корхонасини ноқонуний фойдаланилаётган электр тармоғидан узишдан бош тортган.

Мазкур вазият юзасидан холислар иштирокида тегишлича далолатнома тузилган, корхона ходимлари далолатномани имзолашдан бош тортишган.

Ушбу воқеалардан хулоса қилиш мумкинки, корхона бевосита туман ҳокимининг оғзаки буйруғи билан тармоққа ноқонуний уланиб, фойдаланиб келинмоқда. Йўқса, ЭТК раҳбари, ички ишлар органлари ходимлари МИБ ходимларининг қонуний талабини бажаришган, корхонада иш юритаётган Р.Аннабозоров давлат органи ходимларига бу қадар беписандлик билан қаршилик кўрсатмаган бўларди.

Ўзингиз ўйланг, орқасида туман ҳокими турмаган исталган бошқа корхонада шу ҳолат юз берганида нима бўларди?! Тадбиркор «онасини Учқўрғондан кўрарди!»

Мазкур ҳудудда яшовчилар ҳам бу корхона ишга тушганидан норози. 64 йиллик тутзор кесилиб, ўрнига мактаб қурилади, деб ваъда қилинганда кутилмаганда сершовқин бетон тайёрлаш корхонаси ишга тушган.

Корхонага қум, шағал ва цемент оғир юк машиналарида келтирилади. Қорилган бетон ҳам миксер юк машиналарида ташилади. Оғир юк машиналари маҳалла асфальтини ўйиб юборган. Улар ўтганда уй деворлари зириллайди. Чанг тўзон ва шовқин-сурондан ҳамма безор.

Ушбу ҳудудда фермерлик билан шуғулланувчи, кесилган тутзордан пилла етиштириш учун фойдаланиб келган фермер Норчучук Жўрақуловага кўра, шунча йилдан буён ўсиб ётган тутзорнинг кесилган тутлари пахтага келган ёрдамчиларга овқат тайёрлаш учун ўтинликка сўралганида ҳам Рамиз Аннабозоров томонидан берилмаган.

Мазкур вазиятда Паст Дарғом ҳокимлиги жавоб бериши шарт бўлган бир неча ўринли саволлар юзага чиқади.

1. Юртимизда пилла етиштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Пиллачиликда асқотиб турган кўп йиллик тутзор нега кесилди? Бетон заводни қуриш учун туманда ташландиқ майдон каммиди?

2. Ер майдони кимга, қайси корхонага ва қайси қарор асосида ажратиб берилган? Ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисида қарор чиқаришига қонуний асослар борми?

3. Биз борганимизда электр токига ҳисоблагич ўрнатилганини кўрдик. Бироқ у базага киритилмаган ва корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишда давом этмоқда. Бунинг ортидан келадиган зарар ва жарималарни ким тўлайди?

Можародан кейин электр токига ҳисоблагич ўрнатилган, лекин у базага киритилмаган

4. МИБ ходимларига қаршилик қилган ва зўравонлик қилган кишиларга нисбатан туман ҳуқуқ-тартибот идоралари бирор чора кўрадими? Улар кимга ишониб бу тарзда зўравонлик қилган?

5. Нега туман Ички ишлар бўлими ходимлари МИБ ходимларининг қонуний талабига зўравонлик ва қаршиликни тегишли тарзда расмийлаштирмасдан кетиб қолишди? Давлат уларга нима учун маош тўламоқда?

6. Туман ЭТК корхонаси раҳбари Ҳ.Ҳайитов ва унинг ходимлари нега корхона ноқонуний фойдаланилаётган электр энергиясини тармоқдан узиш тўғрисидаги МИБ талабини бажармади?

7. Воқеа жойида бўлган туман ҳокими ёрдамчиси Асрор Мардиевнинг можарога аралашишига нима сабаб бўлган, нега у вазиятни ноқонуний ҳал қилишга, МИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасликка интилган?

Kun.uz бу масалада республика, вилоят ва тумандаги тегишли органлардан жавоб кутади.

Эслатиб ўтамиз, бу Паст Дарғом туманида яшнаб турган дарахтлар кесиб ташланиб, ҳудуд ҳокимга яқин тадбиркорларга бериб юборилаётган биринчи ҳолат эмас.

Аввал ҳам туманда балиқчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларга тегишли ҳудудларни туман ҳокимининг яқин ўртоғи, фермер Ҳамза Ҳожимаматовга олиб беришга бесамар уриниш бўлган эди.

Сўнгра туман марказидан ўтувчи республика аҳамиятидаги йўл четидаги арчалар кесиб ташланиб, йўлнинг ҳимоя зонасидаги ҳудуд туман почта алоқа бўлими собиқ раҳбарининг ҳеч жойда ишламайдиган рафиқаси номига расмийлаштиришга уриниш ҳам бесамар кетган эди. Кесилган арчалар учун етказилган 60 миллион сўмдан ортиқ зарар эса ҳануз тўланмаган.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи

Мавзуга оид