Ўзбекистон | 19:52 / 06.12.2019
37241
2 дақиқада ўқилади

«Профилактика инспекторлари бензин учун пулни давлатдан олади» — ИИВ мулозими сенаторнинг танқидига жавоб қайтарди

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев сенатор Фаррух Дадахўжаевнинг профилактика инспекторларига берилган автомобиллар харажати новвой ва сомсачиларнинг бўйнидалиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

«Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари 100 фоиз имтиёзли кредит асосида «Матиз» русумли машиналар билан таъминланган. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан 7,1 фоиз профилактика инспекторларини автомашиналар билан таъминлаш, айни пайтда «Матиз» русумли автомобиллар ишлаб чиқарилмаётгани сабабли уларга «Спарк» машиналари ажратилиши бўйича бўйича «Асакабанк» билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда», дея Бахтиёр Бердиалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ мулозимининг қўшимча қилишича, профилактика инспекторларига имтиёзли кредитлар асосида ажратилган автомобиллардан хизмат даврида фойдалангани учун сарфланган ёқилғи-мой маҳсулотларини компенсация қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги 301-сонли қарорига шу йилнинг 11 мартида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унга мувофиқ автомобилларнинг хизмат фаолияти давридаги харажатлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 баробарига тенг қўшимча устама ҳақ тўлаб бориш йўлга қўйилган.

«Профилактика инспекторлари шахсий автомобилларидан хизмат даврида фойдалангани учун ҳар ойда 300 минг сўм атрофида пул ажратилади. Бензин пули сомсачилардан ва бошқалардан йиғиб олиниши профилактика хизматига билдирилган бошқача оҳангдаги сўз деб ҳисоблайман.

Марҳамат, биз шу бўйича иш олиб боряпмиз. Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бош бошқармасининг сайти яратиляпти. Эрта-индин эълон қиламиз. Айнан мана шу сайтимизда аҳолининг фикри билан профилактика инспекторларининг фаолиятига баҳо бериш тизими йўлга қўйилади», дейди Бахтиёр Бердиалиев.

Сенатор Фаррух Дадахўжаев аввалроқ профилактика инспекторларининг хизмат машиналари учун бензин қуйиш ўша ҳудудлардаги новвой ва сомсачилар чекига тушаётганини айтган ва ИИВ раҳбарияти мазкур масалага эътибор қаратмаётганини танқид қилган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид