Жамият | 20:30 / 06.12.2019
7124
3 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиалидаги камчиликлар бартараф этилди

4 декабрь куни Kun.uz сайтида «Совқотмаяпсизми, талаба?» — Тошкент давлат аграр университетининг Андижондаги филиалида» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Андижон филиали талабаларининг иситиш тизими ишламаётган совуқ ўқув хоналарида таҳсил олаётгани танқид остига олинганди.

Орадан уч кун ўтгач университет маъмурияти камчиликлар қисқа муддатларда бартараф этилгани ҳақида маълумот бериб, бизни таълим даргоҳига таклиф қилди. Олийгоҳ ректори ўринбосари Муроджон Отажонов билан бирга «Қишлоқ хўжалик машиналари ва техник сервисни ташкил этиш» ва «Иқтисодиёт» кафедралари биноларида бўлдик.

Дарҳақиқат, ўтган уч кун давомида ҳар икки бинодаги ўқув хоналари тизим орқали меъёрдаги иссиқлик билан таъминланибди.

Талабалар аудитория хоналарида пальто ва қалпоқларини ечган ҳолда дарс олишмоқда. «Батарея»лардан иссиқлик узатилмоқда. Талабалар хоналар 5 декабрь кунидан меъёр даражадаги ҳолатда исий бошлаганини билдиришди.

Филиал раҳбарияти танқидий материалдан сўнг бажарилган ишлар бўйича маълумот тақдим қилди.

«Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиалида 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумида мавжуд ҳолатлар юзасидан Kun.uz сайти томонидан ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар қисқа муддатларда бартараф этилганини маълум қиламиз.

Жорий йил куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида бажариладиган ишлар ҳажми аниқланиб, тегишли чора-тадбирлар асосида ишлар тизимли ташкил этилган. Натижада, бугунги кунда вақтинчалик мослаштирилиб ўқув биноси сифатида фойдаланиб келинаётган №4-талабалар турар жойининг А-блоки 1-4 қаватларидаги ички иситиш тизимлари капитал таъмирланиб, 1 ноябрдан буён тизимдан фойдаланиб келинган. 2019 йил 1 декабрь куни юзага келган носозликларни бартараф этиш мақсадида, тизимига иссиқлик манбаидан узилиб 2 кун муддатга тўхтатилган эди, айни вақтда носозликлар бартараф этилди, бино хоналари меъёр даражасида иссиқлик билан таъминланди.

Талабалар «Иқтисод» деб атайдиган бинонинг ички иссиқлик тизимидаги камчиликлар тўлиқ бартараф этилиб, ишга туширилди. Ушбу бино учун алоҳида «AKS-300» русумдаги 2та қозондан иборат (МТБ-модуль) кичик қозонхона ўрнатилди. Айни вақтда ўқув хоналари меъёр даражасида иссиқлик билан узлуксиз таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 8 майдаги ПҚ-3704 сон қарорига асосан, 2019 йилда Андижон филиалининг № 8-7-ўқув биноларида реконструкция ишлари якунига етказилмоқда. Биноларда замонавий ўқиш шароитлари юқорида даражада яратилган бўлиб, қисқа муддатларда ушбу реконструкция ишлари якунланиб фойдаланишга топширилганидан сўнг, ҳозирда мослаштирилган биноларда фаолият олиб бораётган кафедра ва ўқув хоналари янги замонавий ўқув биноларига кўчирилади.

Филиалдаги иситиш билан боғлиқ муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилиши ўқитувчи ва талабаларнинг кайфияти кўтарилди ўқиш ва ишга бўлган муносабати янада яхшиланди», дейилади маълумотномада.

Мавзуга оид