Ўзбекистон | 20:53 / 06.12.2019
5108
3 дақиқада ўқилади

Ютуқ ва камчиликлар: Ўзбекистон илмий тараққиёти хорижий экспертлар нигоҳида

Elsevier халқаро компанияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўзбекистонлик олимларга Elsevier томонидан таъсис этилган «Scopus award - 2019» мукофоти топширилди.

Тақдирлаш маросимида иштирок этган қатор халқаро илмий ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон илмий салоҳияти, ОТМлардаги ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Феликс Ҳеаст

Elsevier халқаро компанияси вице-президенти:

— Ўзбекистонда илмий мақолалар самарадорлиги ўтган 2 йил ичида 60 фоизга ўсди. Қайд этиш жоизки, бу жуда катта рақам. Айнан ушбу мукофотни олиш ҳам мана шу меҳнат яратувчиларига яхши мотивация бўлиши шубҳасиз.

Бундан ташқари, мукофот бутун илмий соҳа одамларини, айниқса, ёш тадқиқотчиларни руҳлантиришига ишонамиз.

Шунингдек, илмий соҳани ривожлантиришда катта масъулият университетлар гарданига тушади. ОТМларни бирданига бутунлай ўзгартириш осон эмас, бу жуда кўп режалаштириш ва эҳтиёткорона ҳаракатларни талаб қилади.

Ўзбекистондаги ОТМлар халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ўзгаришлар қилаётганидан хабарим бор.

Бунинг исботи сифатида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти халқаро QS рейтингига киритилганини мисол қилиб келтириш мумкин.

Бироқ илмий мақолалар фоизини оширишдан ташқари, уларни тўғри нашрларга йўналтириш ва сифатини ошириш борасида ҳануз камчиликлар бор.

Зоя Заецева

QS (Quacquarelli Symonds) халқаро рейтинг агентлиги ҳудудий директори:

— Ўзбек университети халқаро рейтингга киргани ва бу жараёнда бўлганимдан хурсандман. Бундан ташқари, яна 2та ОТМнинг QS рейтингига киришига деярли жуда оз қолганди. Келаси йилларда уларда ҳам яхши натижа кўришга умид қиламиз.

Бунинг учун эса ОТМлардан инглиз тили талабларига жавоб бериш, яхши дизайн қилинган сайт, сифатли академик платформа бўлиши талаб қилинади.

Гандолфо Иогано

Lexis Nexis ташикилоти директори:

— Энг муҳими, мамлакатда муваффақиятга йўл очиб берадиган интилувчанликни кўриб турибман. Бу билан ҳар бир киши давлат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

Айнан бугунгидек илм байрамлари бошланишининг ўзиёқ мамлакат учун катта ютуқ. Халқаро ташкилотлар ҳам бу каби тадбирда иштирок этаётганидан мамнун.