Ҳокимлик узоқ куттирмади ёхуд эски клуб биносида жон сақлаб келган оила уйли бўлди

30 ноябрь куни Kun.uz сайтида «Қиш совуғи этни жунжиктиради, Сирдарёда эса бир оила похол устида жон сақламоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда жуда хароб ҳолдаги бетонли бинода 3 йилдан буён фарзандлари билан яшаб келаётган мирзаободлик Рўзихон Алишева ҳақида ҳикоя қилинган ва унинг оиласи учун хайрия акцияси бошланган эди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Рўзихон опа таҳририятимиз билан боғланди. Унинг айтишича, туман ҳокимлиги томонидан шу йилнинг 20 декабрига қадар берилиши ваъда қилинган уй белгиланган муддатга қолмай оила аъзоларига топширилган. Шунингдек, бир неча кун ичида хайрия акцияси орқали рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириш, ҳатто кичик бир тадбиркорлик фаолиятини бошлашга ҳам етарли маблағ йиғилган.
Янги хонадонни ўз кўзимиз билан кўриш ва оила учун яратилган шароитлар билан ўқувчиларимизни ҳам таништириш ҳақидаги таклифга кўра, қаҳрамонимиз кўчиб борган янги манзилда бўлдик.
Борган манзилимиз Сирдарё вилоятининг ҳозирда катта қурилиш майдонига айланган Ховос тумани. Бу ерда Ўзбекистон президентининг шу йил февраль ойида Сирдарёга қилган ташрифида берган топшириғи бўйича жами 100 гектар майдонда Ховос туманининг янги маркази қурилмоқда.
Қаҳрамонимизга янги марказ ҳудудида қурилган ва ҳозирда якуний жиҳозлаш ишлари давом этаётган намунали уйлардан бири топширилган.
Уй 3та хонадан иборат. Шунингдек, ошхона, ювиниш хонаси ва қўшимча биноларга эга. Бизга айтилишича, намунали уйлар қурилиши тўлиқ тугалланиши билан ҳудудда болалар учун майдонча ва маданий ҳордиқ чиқариш масканлари ҳам қурилади.
Умуман олганда, қулай имконият ва шароитга эга янги хонадон мақоламиз қаҳрамони бўлган оила аъзоларига ҳақиқий қувонч олиб келгани уларнинг юз-кўзларидан шундоқ кўриниб турибди.
«Аввало, бир оила тақдирига бефарқ бўлмай ёрдам кўрсатган, қўллаб-қувватлаган барча яхши инсонларга миннатдорчилик билдираман. Шу ўринда президентимиз ва туман раҳбарларига ҳам катта раҳмат айтаман.
Мақола чиққач орадан 3 кун ўтиб янги уйга кўчиб келдик. Кўчишимизга эса Мирзаобод ва Ховос туман ҳокимлиги мутасаддилари катта ёрдам беришди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли жойлари, Қозоғистон, Россия каби давлатлардан ҳам юртдошларимиз телефон қилиб туришди.
Янги уйимизда яшаш учун ҳамма шароит етарли.
Эндиликда икки қизимни мактабга, кичик фарзандимни боғчага жойлаштириб олсам, ўзим эса бирор иш топиб ишлашни мақсад қилиб турибман», дейди қаҳрамонимиз.
Президентнинг «Аҳолини кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3268-сон қарори бўйича туман ҳокимлиги томонидан уйга муҳтож оилалар ўрганиб чиқилган.
Рўзихон Алишевага ҳам шу қарор асосида янги қурилган намунали уйлардан берилди. Бундан ташқари, туманда яна 22 нафар кам таъминланган аёлларга уй олишлари учун бошланғич бадаллари тўлаб берилган. Улар ҳам янги йилгача ўз уйларига кўчиб ўтади», дейди Мирзаобод туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Лайло Хидирова.
Эндиликда янги уйли, ўз тили билан айтганда «ватанли» бўлган Рўзихон опа ишга жойлашиб ҳаётини янгидан йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
«Менга қийин дамларда шу халқимиз, яхши инсонлар ёрдам, далда берди. Бундан буён қўлимдан келганича муҳтожларга ёрдам бериб, яхшилик йўлида хизматда бўламан», деди Рўзихон опа.
Оиладаги икки қиз – Гулнора ва Севинч тегишли ҳужжатлар тайёр бўлиши билан янги мактабда ўқишини бошлайди. Улар келгусида олий таълим муассасасига кириш учун тайёргарликни ҳозирдан бошлашмоқчи. Энг кичик фарзанд – Муроджон эса Ховос туман ҳокимлиги мутасаддилари кўмаги билан маҳалла ҳудудидаги мактабгача таълим муассасасига қатнайдиган бўлди.
Бу ҳақда Ховос туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Гулсара Бобожонова шундай дейди: «Туманимизга кўчиб келган Рўзихон Алишеванинг мактаб ёшидаги фарзандлари маҳаллага энг яқин ҳудуддаги мактабга жойлаштирилди.
Шунингдек, уни ишга жойлаштириш учун ҳужжатларини тикув цехига топширдик. Тез кунларда ижобий жавоб берилади. Боғча ёшидаги фарзанди эса Ховос туманининг янги маркази ҳудудидаги боғчага жойлаштирилмоқда».
Сирдарёдан яхши кайфиятда, мурожаат натижасидан кўнглимиз тўлиб қайтдик. Шу ўринда биз ҳам инсон тақдирига бефарқ бўлмаган азиз юртдошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Қилган хайрияларингиз умрингизга умр, ризқингизга ризқ, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик ато этсин. Яхшилик қилишдан чарчаманг, толманг, азиз юртдошлар!
Илёс Сафаров,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид

08:31 / 09.05.2025
Ҳудудларда қарийб 88 кг гиёҳвандлик моддаларни олаётган шахслар ушланди

20:18 / 08.05.2025
Билл Гейтс 20 йил ичида деярли барча бойлигини хайрияга йўналтиришига ваъда берди

20:24 / 05.05.2025
Сирдарёда икки йилда 20 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш режалаштирилди

16:46 / 05.05.2025