Жамият | 22:01 / 07.12.2019
42918
2 дақиқада ўқилади

«Шунчаки тасодиф». Паст Дарғом туман МИБ бошлиғи ишдан олиниши бетон заводи билан боғлиқмаслиги маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғи Илҳом Ҳамдамов 6 декабрь куни ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Айримлар буни 4 декабрь куни туманнинг «Қатортерак» маҳалласида «Паст Дарғом туман ободонлаштириш бошқармаси» давлат корхонасига тегишли бетон тайёрлаш корхонасининг электр тармоғига ноқонуний тарзда улангани туман МИБ ходимлари томонидан фош қилингани туфайли маҳаллий ҳокимлик томонидан қўлланган жазо тариқасида талқин қилмоқда.

Kun.uz’га Самарқанд вилоят МИБдан маълум қилишларича, МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғининг ишдан олинишида маҳаллий ҳокимиятнинг асло алоқаси йўқ. Аслида, бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва нотўғри маълумот. Шунчаки воқеалар тасодифан тўғри келиб қолган.

Шу билан бирга, Паст Дарғом туман МИБ бошлиғи 6 декабрь куни ишдан олингани рост.

Бунга сабаб — вилоят МИБ бўлимларида олдинроқ республика комиссияси томонидан ўтказилган комплекс текширувда айрим туманларда, жумадан, Паст Дарғомда бир қатор кўрсаткичлар бўйича салбий натижалар қайд этилганидир. Шу сабаб билан И.Ҳамдамовдан ташқари Ургут туман МИБ бошлиғи ҳам ишдан бўшатилган. Текширув якунларига кўра ҳали яна бир қатор раҳбарлар ва ходимларга нисбатан ҳам интизомий чоралар қўлланиши мумкин.

Паст Дарғом туманида юз берган воқеа бўйича Kun.uz мухбирлари бугун яна ўша ерда бўлди.

Вилоят ва туман ҳокимликлари матбуот хизмати ҳамда вилоят-у тумандаги соҳага алоқадор ташкилотлар билан биргаликда электр тармоғига ноқонуний уланиш воқеаси янада синчиклаб ўрганилди.

Можарога нима сабаб бўлганига ойдинлик киритилди. Воқеа иштирокчиларига саволлар берилди. Ҳужжатлар билан танишилди.

Кейинроқ бу ҳақда батафсил мақола Kun.uz’да эълон қилинади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири

Мавзуга оид