Ўзбекистон | 12:20 / 08.12.2019
34555
2 дақиқада ўқилади

Бош қомус 27 ёшда. Конституция ҳақида нималарни биламиз?

Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 27 йил бўлди. Бош қомус 1992 йил 8 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида қабул қилинган.

Конституция муқаддима, олти бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат.

1-бўлим ─ Асосий принциплар: Ўзбекистонда давлатчилик шакли, қонунлар устуворлигига бағишланади.

2-бўлим ─ Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари: Ўзбекистонда фуқаролик шакли, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, бурчлари, уларнинг ҳимоя қилиниши хусусида сўз юритилади.

3-бўлим ─ Жамият ва шахс: жамоат бирлашмалари, оила институти, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги моддаларни жамлайди.

4-бўлим ─ Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши: Республика ҳудудининг маъмурий бўлиниши, Қорақалпоғистон Республикаси тўғрисида маълумотлар мавжуд.

5-бўлим ─ Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши: ҳокимиятнинг учга бўлиниш принципи, Президент, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, Суд ҳокимияти, маҳаллий ҳокимликлар, Прокуратура органлари ваколатлари ҳамда вазифалари, мудофаа ва молия тизимига бағишланган.

6-бўлим: Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби хусусида.

Ўтган 27 йил давомида Конституцияга 11 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. 127-моддага кўра, Конституцияга ўзгартириш Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирокида қабул қилинган қонун асосида ёки референдум йўли билан киритилади.

Конституция матнида энг кўп қўлланилган сўзлар: Республика ─ 390 марта, Ўзбекистон ─ 354 марта, қонун ─ 210 марта, давлат ─ 98 марта, ҳуқуқ ─ 90 марта, Конституция ─ 70 марта, фуқаро ─ 66 марта, Президент ─ 62 марта, Қорақалпоғистон ─ 33 марта, шахс ─ 32 марта, эркинлик ─ 27 марта, халқ ─ 24 марта, демократия ─ 7 марта. Жами матн 7543та сўздан иборат.

Конституция матни илк бор 1992 йил 15 декабр санасида «Халқ сўзи» газетасининг 247-сонида эълон қилинган. 

Мавзуга оид