Ўзбекистон | 20:30 / 08.12.2019
53090
11 дақиқада ўқилади

Лондондаги саммит, Гулнора Каримовага янги айблов, ОАВдан миннатдор бўлган президент ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Ўзбекистонда энергетика муаммолари

Ўтган ҳафталарда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар кузатилди ва бу ҳолат давом этмоқда. Kun.uz мухбири водийдаги ҳолат бўйича репортаж уюштирди. 

Мутасаддилар бу ҳолатни совуқ кунларда биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар, стратегик ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ етказиб берилишини таъминлаш мақсадида вилоятдаги барча АГТКШларга табиий газ беришни вақтинча чекланиши билан изоҳламоқда.

«Ўзнефтгазинспекция» газ тўлдириш шохобчалари газ таъминоти корхонасига 30,4 млрд сўмлик зарар етказгани, шунингдек, пишган ғишт цехлари, иссиқхоналар ва бошқа корхоналарда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида маълумот берди. «Жомбойтумангаз» филиалида ҳам аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газ баллонларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. 

Бу орада Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида қўлбола усулда тайёрланган газни тортиш мосламасида юзага келган портлаш натижасида ёнғин содир бўлиб, 8 киши жароҳатланди. Тошкентда янги уйлар аҳолиси ўз-ўзича айланаверадиган газ ҳисоблагичларидан шикоят қилмоқда.

Туркманистондан электр энергияси импорти ҳам бир текисда кетмаяпти. 

30 ноябрь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» «Туркманэнерго» билан электр энергиясини импорт қилиш юзасидан бир йиллик келишувга эришилгани, 1 декабрь кунидан буён Ўзбекистонда электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар рўй бериб, тармоқдаги чекловлар кескин камайишини маълум қилганди.

4 декабрь куни «Сердар» ва «Қоракўл» подстанцияларини боғловчи ҳаво электр узатиш тармоғида фавқулодда ўчиш ҳолати содир бўлди ва Навоий, Бухоро ҳамда Сурхондарё вилоятлари тармоқдан узилди. Бир кун ўтиб электр узатиш тармоғи таъмирланиб, импорт амалиёти тикланди. 

6 декабрь куни «Талимаржон» ИЭСда 800 мВтли 1-энергоблок технологик ҳимоя ишлаши сабабли авария ҳолатда ўчди. Натижада Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида аварияга қарши автоматика тизими орқали истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди.

НАТОдаги баҳслар ва хафагарчиликлар

Туркия Болтиқбўйи давлатларини Россиядан ҳимоя қилиш режасига қарши бўлди, Макрон ҳам Туркияга, ҳам Трампга қарши бўлди, Трамп ўз одатига кўра барчага қарши бўлди. Лондон яқинидаги Уотфорд шаҳарчасидаги НАТОнинг 70 йиллигига бағишланган саммит арафасида альянсдаги муҳитни юбилей муҳит деб бўлмасди.

Аввалига Эммануэл Макрон «НАТО миясининг ўлими» ҳақида гапириб, альянсни ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида гапирганди.

Макрон НАТОнинг стратегик қарорлар қабул қилиш борасида оқсаётгани ва Туркиянинг Суриядаги ҳаракатларига нисбатан чора кўрмагани, ғоялар бошқарувини йўқотганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, НАТО стратегик мақсадларини аниқлаб олиши лозим, Европа жар ёқасида турибди ва қитъани ҳимоя қилиш ишларини бошлаш зарур. 

Бу фикрлар ёқмаган Ражаб Тоййиб Эрдўған Макронга шифокорга учрашни тавсия қилди.

Эрдўған расмий Париж Туркияни НАТО аъзолигидан чиқариш борасида қарор қабул қилиш ваколатига эга эмаслигини эслатди ва  француз ҳарбийлари Сурияда нима қилиб юргани борасида савол қўйди. Туркия президенти қўшни давлатда белгиланган муддатларда мамлакат хавфсизлигига таҳдидлар сақланиб қоладиган бўлса, Анқара яна қатъий чоралар қўллашга киришишини маълум қилди.

Трамп ҳам Макроннинг гапларини «ёқимсиз баёнот» деб атади (Макрон НАТО аъзолари АҚШга ҳарбий ҳимоя учун тўлов қилишдан олдин бу ташкилотнинг моҳиятини қайта кўриб чиқиш кераклигини айтганди). Америкаликлар президенти твитларида Францияда ишсизлик юқорилиги, ҳукумат эса Америка интернет-компанияларини катта солиқларга тортишни исташи, у эса бунга жавобан француз виноси учун бож жорий этишни режалаштираётгани ҳақида ёзди.

Якунда НАТО етакчилари барибир Болтиқбўйи ҳамда Польша масаласидаги режаларда якдил эканликларини билдиришди ва бу ҳудудларни Россиядан ҳимоя қилиш борасида келишишди.

Гулнора Каримова яна бир жиноят иши иштирокчисига айланди

Бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан янги жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунига етганини хабар қилди. У жиноий гуруҳ тузиш, ўлпон йиғиш ва қўрқитиб, мулкларни тортиб олишда айбланмоқда.

Гулнора Каримованинг қамоқ муддати узайтирилгани ҳақида аввалроқ, 3 декабрь куни унинг қизи Имон Каримова Instagram’да эълон қилган эди. Айни вақтда у жиноят ишининг мақоми «махфий» эканини маълум қилган эди.

«Фуқаролар ва журналистлардан саволлар оқими кўпайиб бораётгани муносабати билан, жамоамиз Гулнора Каримовага қарши сиёсий мотивга эга иш бўйича тўлиқ ахборотни эълон қилиб боришни бошлайди», деб ёзганди Имон Каримова. У бу ишни расмийларнинг Гулнора Каримованинг «қамоқ муддатини узайтириш ва уни тўлиқ изоляцияда сақлаб туриш» йўлидаги бешинчи уриниш деб атаганди.

2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Ўзбекистон ҳукумати инсонпарварлик нуқтайи назаридан унга имкон берди ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилади.

2018 йил ёзидан 2019 йил баҳоригача ўз қизи Имон Каримова билан бир уйда яшаган Гулнора Каримова тартибларни бузгани учун яна қамоққа қайтарилди. У 2019 йил мартидан бери Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сон умумий тартибдаги колонияда сақланмоқда. Август ойида Бош прокуратура Каримова хонимга нисбатан давлат маблағларини талон-торож қилиш ва Ўзбекистоннинг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, шунингдек, товламачилик йўли билан ўзгаларнинг ўта йирик миқдордаги мулкларини эгаллаб олиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилганди.

Трамп импичменти

4 декабрь куни Конгресс вакиллар палатаси суд қўмитаси раиси Жеррольд Надлер АҚШ президенти Дональд Трамп импичменти бўйича текширувларнинг барча уч қисми мавжуд талабларга жавоб бериши ва бу жараённинг ўзи қонунийлигини маълум қилди.

5 декабрь куни АҚШ конгресси спикери Нэнси Пелоси Вакиллар палатаси Дональд Трампга қарши расмий айблов формулировкасини муҳокама қилишга тайёрлигини эълон қилди. Бу шуни англатадики, конгрессдаги демократлар Оқ уй раҳбарини ҳукуматдан кетказиш бўйича жараённи бошлашга якуний қарорни қабул қилишган.

АҚШ президенти импичменти бўйича овоз бериш йил охиригача ўтказилиши мумкин.

Трамп импичменти масаласи кўтарилгандан бери уч ойга яқин вақт ўтди. Сўнгги вақтларда Пелоси хоним бир неча марта импичментни эълон қилишга шошилмаслик маъқуллигини айтганди.

Трампнинг ҳокимиятдан четлатилиши учун нафақат Вакиллар палатаси қарори, балки республикачилар устунлик қиладиган Сенат аъзоларининг учдан икки қисми қўллаб-қувватловига эришиш талаб этилади.

Дональд Трамп Ненси Пелосининг чиқишидан аввалроқ демократларнинг қарорига муносабат билдирганди.

«Агар менга импичмент эълон қилишга тараддудланган экансиз, буни ҳозир ва тезроқ қилинг, биз Сенатда ҳаққоний суд ўтказайлик ва мамлакатимиз яна одатий ҳаётга қайтсин», - дея ёзганди президент твитида.

Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришэмнинг фикрича, демократлар бундай ташаббусидан уялишлари керак.

«Биз Сенатда адолатли суд кутамиз», дея қўшимча қилган у.

Яна бир муносабат Дональд Трампнинг сайловолди штаби раҳбари Бред Парскейл томонидан билдирилган. Унинг фикрича, демократлар ўз ҳаракатлари билан сайловчиларнинг номзод ҳақидаги фикрини ўзгартириб, 2020 йилги сайловга таъсир кўрсатишмоқчи.

«Спикер Пелоси, қўмита раҳбари Шифф ва Хантер Байден ҳам кўрсатма бериши керак», деган Парскейл.

Ўзбекистонда ОАВга тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди

Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқининг бир қисмини қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашга бағишлади.

Президент шунингдек, Ўзбекистонда ОАВ вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмаслигини таъкидлади:

Катта раҳмат, оммавий ахборот воситалари ва блогерларга. Кўп-кўп нарсалар Ўзбекистонда очиқ айтиляпти, ҳамма буни кўриб турибди. Лекин битта нарсани билинглар, бу очиқлик ҳеч қачон орқага қайтмайди!

Қанча кўп очиқлик бўлса, оммавий ахборот воситалари одамларимизга ҳақиқий муаммоларни қанча кўп етказса, мен раҳбар сифатида улардан миннатдор бўламан

Танқид албатта керак. Мана танқид бўляпти, хулоса ҳам бўляпти. Лекин биз ҳаммамиз изланишдамиз, ўрганишдамиз. Янги Ўзбекистон қуряпмиз, бир-биримизга таяниб, халқимизни рози қилишимиз керак. Яна бир марта такрорлайман, ҳамма билиши керак: Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди.

Президент ўз маърузасида прокуратура идоралари фаолияти туфайли кўплаб кишилар жабрлангани ҳақида гапирди ва келгуси йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилишини маълум қилди.

Президент инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти экани, бундай принцип асосий қонунда қатъий белгиланганини таъкидлаб ўтди.

Президент қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйишнинг янги тартиби ҳақида гапирди.

Мавзуга оид