Жамият | 23:43 / 09.12.2019
23377
3 дақиқада ўқилади

Беҳруз Ҳамзаев: «Туристлар оқими битта давлатдан бўлиб қолиши яхши эмас. Энг катта мисол – Грузия»

Мамлакатга асосий сайёҳлар оқими бир ёки бир нечта саноқли давлатдангина бўлиб қолишига йўл қўймаслик керак, дея фикр билдирди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаев «Ular» лойиҳасига берган интервьюсида.

«Дифференциация тушунчаси бор. Биз фақатгина битта сегмент билан, битта давлат билан чегараланиб қолмаслигимиз керак. Бунинг нотўғри эканига энг катта мисол – Грузиянинг ҳолати.

Хабарингиз бўлса, йил бошида Россия ва Грузия ўртасидаги муаммолар... Грузияга 50 фоиз турист Россиядан келарди. Ҳозир йўқ. Шу боис дифференциация жуда муҳим, бир давлатга қарам бўлиб қолиш ҳеч қачон яхши бўлмаган. Мижозлар, туристлар назарида ҳам бу нотўғри.

Шу боис биз катта ёшлилар сегментини ушлаб қолиш билан бирга унга қўшимча сегментларни қўшишимиз керак», – дея тушунтирди Ҳамзаев.

Туризм соҳаси мутахассиси Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг асосий қисми 50 ёшдан ошганлар эканига изоҳ бериб, бу тенденциянинг ижобий жиҳатлари ва сабаблари ҳақида гапириб ўтди.

«Бумерлар авлоди (1946-1964 йилларда туғилганлар) – зўр туристлар. Биринчидан, улар ҳар доим гуруҳ бўлиб саёҳат қилишади. Бирданига 10-15 киши келгани яхши.

Иккинчидан, меҳнат қилиб жамғариб қўйган пенсиялари бор – ҳисобида 200-300 минг доллар пули бор. Умрининг қолган қисмини зўр яшай, деб, ёққан нарсасини олади... «Уйга бориб ипотекамни тўлашим керак, қўй, шу ўйма нақшли нарсани олмай», демайди. Болалари, невараларига совға олади.

Нимага саёҳатчиларнинг аксарияти беби-бумерлар авлоди вакиллари эканига тўхталсак, биз ёпиқ давлат бўлганимиз учун деярли промоушн қилмаганмиз. Биз ҳақимизда биладиган инсонлар – ёши катта, Самарқанд-Бухоро ҳақида ўша совет иттифоқи пайтида эшитган одамлар. 1991 йилдан 2016 йилгача биз туристик промоушн билан шуғулланмаганмиз, шунинг учун биз янги қатлам, яъни миллениалларни йўқотдик. Миллениаллар авлоди Ўзбекистон ҳақида билмайди», – дейди Ҳамзаев.

Унинг қўшимча қилишича, ёш сайёҳларни мамлакатга жалб этиш катта қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун ёш авлод вакилларининг қизиқишлари ва улар нималарни кўпроқ томоша қилишини эътиборга олиш керак.

Мавзуга оид