Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танловдан сўнг пайдо бўлган хорижий инвестор: Самарқанд туманида ғолиб тадбиркор нега объектга кира олмаяпти?
«Самарқанд тумани Ўрташиқ қишлоғи ҳудудида жойлашган «KOMFORT DIZAYN» алюминий маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган гўёки ўзбек-турк қўшма корхонаси МИБ томонидан муҳрлаб ташланган.

Қўшма корхона раҳбари Беҳбуд Усмоновнинг «Озодлик» радиосига айтишича, корхонанинг ижарага олган биноси Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ўтказган тендер асосида бошқа бир корхонага бериб юборилган.
Қўшма корхона 40 кишини иш билан таъминлаган ва 2017 йилдан буён 17 турдаги алюминий профили ишлаб чиқарган», — бу «Озодлик» радиоси Самарқанд туманида рўй бераётган воқеа юзасидан ёзганларидан парча.
Бу корхона ҳақида Kun.uz’да журналист Анвар Мустафоқуловнинг мақоласи ҳам эълон қилинган эди.
Шундан сўнг корхона бошлиғи Беҳбуд Усмонов президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, қўшма корхонани сақлаб қолишда амалий ёрдам сўраган. Корхонанинг туркиялик таъсисчиси Иброҳим Эргин ҳам шундай мазмундаги мурожаат билан чиққан. Видеомурожаатда улар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларини амалда ишлаб турган заводни «ўзбошимчалик» билан беркитиб қўяётганликда айблади.
Уларга кўра, маҳаллий расмийлар ўз амаллари билан янги иш ўринлари яратиш ва сармоялар киритишга қаратилган президент сиёсатига қарши чиқмоқда.
Беҳбуд Усмоновнинг айтишича, 2018 йил март ойида Самарқанд вилоят ҳокимлиги уларга ижара шартномаси бекор қилинганини билдириб, бинони бўшатиб қўйишни талаб қилади.
Хўш, воқеа аслида қандай бўлган? Чиндан ҳам «KOMFORT DIZAYN» ўзбек-турк қўшма корхонаси эдими? Тендер нима учун ўтказилган? Нега 40 киши ишлаб турган корхона биноси тендерга чиқарилган? Нима учун МИБ корхонани муҳрлаб қўйди?
Келинг, масалага Беҳбуд Усмоновнинг кўзи билан эмас, бетараф бўлиб қарайлик. Мен бу масалани узоқ суриштирдим, судларда иштирок этдим ва ўргандим.
Аввало, олдинга ўтиб шуни айтишим керакки, тендерга чиқарилган чоғда 2018 йилнинг май ойига қадар «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ қўшма корхона бўлмаган.
Беҳбуд Усмонов ижтимоий тармоқларда муттасил равишда «таркибида туркиялик инвестор бўлган қўшма-корхонанинг ишлашига тўсқинлик қилинмоқда», деб жар солмоқда.
Аслида нима бўлган?
«KOMFORT DIZAYN» МЧЖ 2017 йил май ойида давлат рўйхатидан ўтган. Унинг устав фонди миқдори 100 млн. сўм бўлиб, фуқаро Д.Усмонова 100 фоиз улушга эга ягона таъсисчи бўлган.
Бироқ, 2018 йил май ойида тендер савдолари ўтгач, МЧЖ таъсисчилари таркиби ва устав жамғармаси 2018 йил 5 ноябрда ўзгартирилади. Д.Усмонованинг улуши 1,97 фоиз (20,3 млн сўм)га туширилади. Б.Усмонов 81,67 фоиз улуш (843,56 млн сўм) билан таъсисчилар сафига қўшилади. Шунингдек, Туркия фуқароси Иброҳим Эргин 16,36 фоиз (169.017.472 млн. сўм) улуш билан таъсисчилар сафига киритилади.
Яъни, ишлаб турган Туркия билан қўшма корхонанинг мулки тендерга чиқарилмаган. Барчаси «пишиб» бўлгач, туркиялик фуқаро сафга қўшилган.
Ўз мурожаатларида Б.Усмонов «40-50 киши ишлаб турган корхона тортиб олинди», деб айтади.
Бироқ, солиқ ҳисоботларида кўрсатилган иш ўринлари таҳлил қилинганида, 2017 йилнинг июнь-июль ойларида — 7 нафар; август-сентябрь ойларида — 2 нафар; октябрь-ноябрь ойларида — 6 нафар; декабрь ойида — 2 нафар;
2018 йил — январь-февраль ойларида — 2 нафар; март ойида — 8 нафар; апрель ойида — 17 нафар; май-июль ойларида — 22 нафар; август ойида 19 нафар; сентябрь ойида — 21 нафар; октябрь ойида — 22 нафар; ноябрь-декабрь ойида — 31 нафардан ишчи-ходимларга ягона ижтимоий тўлов ҳисоботида иш ҳақи ҳисоблангани кўрсатилган.
Тендерда инвестиция киритиш учун ундан яхшироқ шартлар таклиф этган корхона ғолиб чиққан.
Биз мазкур масала юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Ғафуровга мурожаат қилдик. «Ушбу масалада шуғулланмаган орган қолмади. Барча инстанцияларнинг жавоби менда бор», деди у.

— Нега ишлаб турган корхона танловга чиқариб юборилди?
— Объект — давлатнинг мулки. Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси балансида бўлган мулк. Нега бу объект ижарага берилган бўлса ҳам «бўш турган», деб талқин қилинади? Қонунчилик бўйича, агар давлат корхонасининг ўз эҳтиёжидан ташқарида бўлган, ўзи томонидан фойдаланилмаётган объект бўлса — у хусусийлаштириш тўғрисида таклиф бериш ҳуқуқига эга. Кимгадир ижарага берилганми, демак объект бўш тургани учун ижарага берилган.
— Нега ижара шартномаси муддатидан аввал бекор қилинди?
— «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ объектдан бор-йўғи икки ой фойдаланган: 2018 йил 30 январдан 27 мартгача. Лекин шартнома муддатидан аввал, келишувга асосан бекор қилинган. Корхона раҳбари ўзи рози бўлиб келишувга имзо чеккан, муҳр босган, объектни топширган. Унга объект танловга чиқарилаётгани ҳақида огоҳлантириш хати берилган. Истасангиз, танловда иштирок этишингиз мумкин, дейилган ўша хатда. Корхонанинг ўзи ҳам танловда иштирок этяпти. Улардан ташқари 6та талабгор иштирок этган. Барча таклифлар кўриб чиқилган. Танлов таклифи танлов шартларига энг кўп даражада мувофиқ деб топилган «GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH» МЧЖ ғолиб деб эътироф этилмоқда.
Яъни, шартнома бекор қилинганидан сўнггина — 2018 йил 7 апрель куни ОАВда танлов ҳақида эълон берилган. Ижара шартномаси кучида бўлиб турган чоғда объект танловга чиқарилмаган. Тўғри, хусусийлаштириш тўғрисида вилоят ҳокими қарори қабул қилинган, бироқ танлов эълон қилинмаган эди. «KOMFORT DIZAYN» МЧЖдагилар биринчилардан бўлиб танлов ўтишидан хабардор бўлишган, — деди Азиз Ғафуров.
Хуллас, тендер ҳам ўзидан-ўзи ёки ёпиқ ўтган эмас. 2018 йил 7 апрель куни республика («Правда Востока», «Биржа») ва вилоят («Зарафшон», «Самаркандский вестник») газеталарида эълонлар берилган. Эълонлар GKK.UZ, PRIVATIZATION.GKK.UZ, Самарқанд вилоят ҳокимлиги сайти SAMARKAND.UZ, ҳудудий бошқарма сайти SAMGKK.UZ, эълонлар сайти OLX.UZ’да ҳам жойлаштирилган.

2018 йил 10 май куни ўтказилган танловда «GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH» МЧЖ ғолиб деб топилган. Бироқ ҳанузгача «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ вакиллари бинони танлов ғолибга бўшатиб бермаяпти.

«GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH» МЧЖ аризасига кўра, вилоят рақобат бошқармаси томонидан «KOMFORT DIZAYN» МЧЖни Самарқанд туман Ўрташиқ қишлоғида жойлашган қурилиш омбори бино ва иншоотларидан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисида Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига 2018 йил 11 июлда даъво аризаси билан мурожаат қилинган ва мазкур ариза суднинг 2018 йил 5 сентябридаги ҳал қилув қарорига асосан қаноатлантирилган.
Тўғри, «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ ҳам тендер нотўғри ўтказилгани, вилоят ҳокими қарори нотўғри чиқарилганини важ қилиб қарши даъво ариза билан юқори инстанция судларига апелляция, кассация ва назорат тартибида мурожаат қилиб келмоқда. Бироқ, уларнинг даъвоси қаноатлантирилгани йўқ.
«Агар қайсидир ҳуқуқ-тартибот органи шунча мурожаатлардан сўнг ўтказилган танловдан заррача хато топганида, улар жим қараб ўтирмас эди-ку?», — деди А.Ғафуров.
Хуллас, шунча пайтдан бери «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ бинони бўшатишдан бош тортиб келмоқда. МИБ ижрочилари олти марта бориб бесамар уринишди.
Б.Усмоновнинг мурожаатларидан сўнг вилоят ҳокими ишчи гуруҳ ташкил этиб, вазиятни яна бир бор атрофлича ўрганишга чорлади. Ишчи гуруҳ аъзолигига вилоят адлия бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, статистика бошқармаси, ДХА вилоят бошқармаси, Марказий банк вилоят бошқармаси, давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси бошлиқлари, Самарқанд туман ҳокими, журналистлар аъзо қилинишди.
Ишчи гуруҳ ўрганган хулосага кўра, юзага келган можаро туфайли давлат мулкидан самарали фойдаланишга тўсқинлик юзага келаётгани қайд этилган.

Чиндан ҳам танлов ғолиби бўлган «GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH» МЧЖ ўз ускуналарини ҳудудга олиб кириб, ишни бошлай олмаяпти. «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ ҳам ишламаяпти. Гарчи, бино эшиклари муҳрлаган бўлса-да, Самарқанд туман МИБ уларни мажбурий тартибда чиқаришга ожизлик қилмоқда.
Энди ўйланг, «GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH» МЧЖ ўз ишини бошлаганида қанча иш ўрни яратиб, маҳсулот ишлаб чиқарган, давлатга солиқ ва бошқа тўловларни тўлаган бўларди. Корхона эса ҳозирча бу аҳволда ётибди.




3 декабрь куни МИБ ижрочилари корхонага келганида вазиятни кузатиб турдим. «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ кириш дарвозасини занжирлаб қўйган. Ҳеч ким эшик очмади. Корхона директорининг синглиси келди ва «акам Тошкентда Олий судга мурожаат қиляпти», деб ижрони тўхтатишни талаб қилди. Ҳолбуки, ижрони тўхтатиш учун бирор асосли ҳужжат йўқ эди. Қисқа маслаҳатлашувдан сўнг ижро 10 декабрь кунига белгиланди. Эртага кўрамиз, яна нималар бўлар экан.



Энди ўринли савол туғилади: ўзи объект «KOMFORT DIZAYN» МЧЖники эмас, давлатники бўлса, корхонага ижарага берилган бўлса, ижара шартномаси икки ойда бекор қилиниб, объект танловга қўйилиши маълум қилинган бўлса, танловда бошқа корхона яхшироқ шартлар таклиф этиб ғолиб чиққан бўлса, «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ ютқазганини тан олиб, объектни бўшатиб қўйиши, бошқа тадбиркорларга ишлаш учун имкон бериши керак эмасми? Танловда ва судларда кетма-кет ютқазса ҳам, айнан шу жойга ёпишиб олишдан мурод не?
Суд қарори ижросини таъминлаш учун борган МИБга қаршилик кўрсатилгани учун қонунда белгиланган чоралар бор. Ўша чоралар нега қўлланмаяпти?! Масъул идоралардан ушбу вазиятга муносабат кутиб қоламиз.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири.
Мавзуга оид
11:15 / 16.03.2025
Ўзбекистонда қайси давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони кўплиги маълум қилинди
13:33 / 11.03.2025
Самарқанд вилоятида учта тарихий масжид бузиб ташланди
14:41 / 28.02.2025
Ўзбекистонда корхоналар сони кескин камаймоқда
09:04 / 26.02.2025