Ўзбекистон | 18:50 / 09.12.2019
43453
6 дақиқада ўқилади

Тошкент-Наманган авиарейси йўловчилари соатлаб ушлаб турилгани ҳақида хабар тарқалди. Аэропорт нима дейди?

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг 9 декабрь куни соат 08:35га белгиланган Тошкент-Наманган рейси туман туфайли бир неча марта кечиктирилиб, соат 15:35да жўнаб кетди.

Telegram'даги «bakiroo» канали муаллифи Отабек Бакиров бугун эрталаб Тошкентдан Наманганга учиши керак бўлган самолёт йўловчилари билан сабабсиз ушлаб турилгани ҳақида хабар тарқатди.

Ушбу рейсга чипта олган йўловчилардан бири бўлган блогер ўз постида «бир неча соат самолёт ичида қолиб, ҳолсизликдан ҳушдан кетганлар ҳам борлиги»ни, шу боис учта тез ёрдам машинаси чақирилганини ҳам қўшимча қилган.

Блогер: «Мана шунақа монополия»

«Bakiroo» канали муаллифи соат 15:17да қолдирган постида шундай деб ёзади:

«HY-95 авиарейси эрталаб 8дан бери йўловчилари билан ушлаб турилибди.

Айрим йўловчилар бир неча соатдан буён самолет ичида. Ҳолсизликдан ҳушидан кетганлар ҳам бор, учта тез ёрдам машинаси келди. Борткузатувчилар самолёт бортини тарк этганларга авиачипта қиймати қопланмаслигини айтишмоқда. 

Норозилик билдирганлар вазиятга изоҳ сўраганлари ва жараённи видеога олгани учун милиция наряди чақирилди, норози аёллар ҳуқуқларини талаб этгани учун алоҳида аёл милиция ходими ҳам етиб келди.

Самолет бортида ўнлаб хорижликлар ҳам бор. Мана шунақа монополия. Мана шунақа ҳавошка».

Бакировнинг сўзларига кўра, у учиш-учмаслик борасида аниқлик бўлмагач, самолётни бир неча йўловчилар билан бирга тарк этган.

«Ҳавошка» (вакиллари) на узр ва на тазарру билдирди. Компенсация ҳақида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмас экан. Самолётда чақалоқли аёллар, болалар, қариялар қолмоқда. Ҳеч қурса, уларга иссиқ чой, овқат берилса бўларди», дея қўшимча қилган у.

Аэропорт изоҳи: «Рейс кечиктирилгач, бортда бирорта ҳам йўловчи қолмаган»

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси алоқа маркази Kun.uz сўровига жавобан рейс кечикиши, йўловчиларга тез тиббий ёрдам зарурати туғилгани ва хавфсизлик ходими чақиртирилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдириб, бу саволларга Тошкент халқаро аэропорти жавоб беришини маълум қилди.

Аэропортдагилар Тошкент-Наманган рейси аввал белгиланганидек соат 08:35да эмас, соат 15:35да учиб кетганини тасдиқлади. Унга кўра, самолёт учишидан олдин йўловчилар бортда бир ярим соат чамаси кутиб қолишган.

«Эрталаб самолётга чиқилганидан сўнг, рейс кечиктирилгач, ҳамма қайтиб туширилди, бортда ҳеч ким қолмади. Ҳамма уй-уйига бориб ёки бирор иши бўлса бажариб келди.

Соат 13:00га ҳаммани йиғишни бошлашди, аммо йўловчиларнинг аксарияти соат 14:00га етиб келди. Улар шу вақтда самолётга чиқарилганди, лекин бу вақтда Наманганда туман тушиб қолди.

Агар ҳамма соат 13:00га қайтиб келганида, самолёт туман йўқ пайтда учиб кетган бўларди. Ҳамма уй-уйига тарқалгач, телефон қилиб йиғдик, лекин соат 13:00га ҳеч ким етиб келмади. Ҳамма кечга қолиб, соат 14:00да самолётга чиқишди», – деди Тошкент халқаро аэропорти ахборот бўлими вакили.

Аэропорт ходимлари ҳам тез ёрдам ва хавфсизлик ходимларига эҳтиёж туғилгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини билдиришди.

Наманган халқаро аэропорти ходими ушбу рейс соат 16:10да 105 нафар йўловчи билан аэропортга қўнганини маълум қилди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ходимлари ушбу рейсга қанча чипта сотилгани ҳақида маълумот берилмаслигини билдиришди. Шу туфайли рейс учун чипта сотиб олган ва рейс кечикиши туфайли чипта пулига куйган йўловчилар сонини аниқлашнинг имкони бўлмади.

«Борткузатувчилар саволларга жавоб бермай, индамай тураверишди»

Отабек Бакиров Kun.uz билан суҳбатда воқеага доир яна айрим тафсилотларини келтириб ўтди.

«Самолёт 08:35да учиши керак эди. Мен соат 7да бордим, рейс қолдирилганини айтишди. Аввал 10, кейин 11, кейинроқ соат 12да учади, дейишди. Кечиктирилганини билгач, мен уйга қайтиб келдим.

Компанияга телефон қилганимда учиш вақти соат 14га кўчирилди, дейишди. Шундан сўнг соат 13да яна аэропортга бордим. Регистрациядагилар тезроқ ўтинг, ҳозир учиб кетишади, деди. Соат 13да рўйхатдан ўтиб, самолётга чиқиб ўтирдим.

Соат икки бўлди – учмайди, уч бўлди – учмайди... Мендан 4-5 соат аввал, эрталабдан бери самолётда ўтирган пассажирлар бор экан. У бечоралар на тушишини билади, на қолишини. Қоринлари оч – йўловчиларга фақат сув бериляпти. На чой берилган, на овқат.

Бортда ёш болалилар, қариялар бор эди. Қон босими борлар ҳаво камлигидан ҳушидан кетишяпти. Ишонмайсиз, салоннинг ичи ҳидланиб кетган...

Муаммо шундаки, улар самолётнинг на учишини, на учмаслигини айтишди. Тушиб кетсанглар, чипталаринг куяди, дейишди.

Баъзи аёллар норозилик билдириб, изоҳ сўраган ва борткузатувчиларни видеога олган эди, аёл милиция чақиришди. Борткузатувчилар саволларга жавоб бермай, индамай тураверишган эди-да. Йўловчи аёлларга нисбатан баённома расмийлаштирмоқчи бўлишаётганди, кейин нима бўлганини билмадим. Чунки тушиб кетгандим», – дейди блогер. 

Kun.uz воқеанинг бошқа гувоҳлари билан боғлана олмади.

Айни вақтда бортдаги хатти-ҳаракатлари туфайли милиция томонидан баённома тузилишига киришилган аёллар билан кейин нима бўлгани маълум эмас.

UPD: Таҳририят бугун Тошкент-Наманган рейсида учган йўловчилардан телеграмдаги @ContactKunUz орқали алоқага чиқишни сўрайди.

Мавзуга оид