Ўзбекистон | 14:25 / 10.12.2019
5972
3 дақиқада ўқилади

МСК раиси: «Жойларда фуқаролар депутатликка номзодларни кўрмаяпмиз деб шикоят қилмоқда»

Фото: Халқаро матбуот маркази

10 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов жойларда сайловолди ташвиқоти кўнгилдагидек олиб борилмаётгани, фуқаролар депутатликка номзодларни кўрмаётганидан шикоят қилаётгани ҳақида гапирди.

«Айниқса, қишлоқ жойлардан кўп мурожаатлар бўляпти. Кечанинг ўзида менга ўндан ортиқ хат келиб тушди. Фуқароларимиз «Сайловда қатнашадиган номзодларни кўрмаяпмиз, ким ўзи номзод?» дейишяпти. «Биттасининг вакили келиб икки оғиз гапирди-кетди, лекин номзоднинг ўзини кўрмадик, кимлигини билмадик, танимаяпмиз», деяпти яна биттаси. «Вакиллар-ку келишаяпти, лекин номзоднинг ўзи ҳам келсин», деган таклифлар ҳам бўляпти. Партиялардан илтимос қилардикки, сайловолди тадбирларни янаям кучайтиришсин. Яхши иш бўляпти, олдинги сайлов билан умуман солиштириб бўлмайдиган даражада ижобий ишлар қилиняпти. Лекин ҳали яна-яна ишлайдиган жойларимиз борга ўхшайди», дея МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

МСК раиси комиссия котибига аҳолидан келган хатларни сиёсий партияларга юборишни тайинлади.

Мажлисда сайловга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Комиссия раиси айрим ҳудудлардиг сайлов участкаларида масъуллар оддий нарсаларда ҳам хатоларга йўл қўяяётганига эътироз билдирди.

«Эртадан бошлаб ҳамма ишчи гуруҳларимиз сайловга тайёргарлик масаласида вилоятларга чиқиб кетишади. Баъзи масалаларда ҳали оқсоқлик бор, қуйи тизимларда элементар нарсаларни хатоликка йўл қўйишяпти. Сайлов участкаларимизни шакллантириш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа масалаларда камчиликлар бор. шуни охирига етказишимиз керак», дейди Мирзо Улуғбек Абдусаломов.

Мажлисда Тошкент кўчаларида сайлов ҳақидаги баннерлар жуда кам кўринаётгани, айниқса, партиялар ва номзодлар ҳақидаги баннерлар умуман кўзга ташланмаётгани, шунингдек, МСК мажлисига сиёсий партияларнинг вакиллари таклиф этилгани, аммо бирорта партиядан вакил келмагани танқид қилинди. Мирзо Улуғбек Абдусаломов Марказий сайлов комиссияси аъзоларига пойтахт кўчаларидаги сайловолди ташвиқотига бағишланган баннер ва плакатлар статистикасини ўрганиш ва унинг натижалари бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқа мутасадди ташкилотларга тақдимнома киритиш ҳақида топшириқ берди.

Мавзуга оид