Жаҳон | 22:48 / 11.12.2019
5090
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда дунё бўйлаб 250 журналист ўз касби сабабли озодликдан маҳрум этилди

2019 йилда дунё бўйлаб 250 журналист ўз касбий фаолияти сабабли озодликдан маҳрум этилди. Улардан энг кўпи – камида 48 нафар журналист Хитойда панжара ортига тушган. Бу ҳақда Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси (CPJ) нотижорат ташкилотининг ҳар йиллик маърузасида айтиб ўтилди. 

Журналистлик жиноят эмас

Маъруза 11 декабрда Нью-Йоркда омма эътиборига ҳавола этилган. CPJ маълумотларига кўра, 2019 йилда ўз касбини бажаргани учун қамалган журналистлар сони рекорд даражада юқори бўлиб қолди. “Матбуотга нисбатан тазйиқни кучайтирган” Хитой ўтган йилги “етакчи” - Туркияни ортда қолдирган. Туркияда эса жорий йилда 47 журналист панжара ортига жўнатилган, 2018 йилда улар сони 68 нафарни ташкил қилган. 

Ташкилотнинг маълум қилишича, журналистларни озодликдан маҳрум этган давлатлар рўйхатида Хитой, Туркия, Саудия Арабистони ва Мисрдан кейинги ўринларни Эритрея, Вьетнам ва Эрон эгаллаган.

Шу билан бирга, CPJ журналистларга қўйиладиган айбловлар орасида янги трендга эътибор қаратган, яъни журналистларга нисбатан “сохта янгиликлар” тарқатиш айбловлари сони ошиб бормоқда. 2018 йилда бундай ҳолатлар 28 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилда 30 та бўлган.

Бутун дунёда журналистлар дуч келувчи энг кенг тарқалган айблов – уларнинг давлатга қарши фаолиятда айбланиши бўлиб қолмоқда.

Хитой ҳукумати юқоридаги маълумотларга изоҳ берар экан, бош қароргоҳи АҚШда жойлашган CPJ’га ишонч йўқлигини айтган. Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Осмоности давлатида “қонун устуворлиги ҳукм суради ва ҳеч ким ундан устун турмайди.”  

Таъкидланишича, 2018 йилда ўз касби билан боғлиқ ҳолда қамоқ жазоларига ҳукм қилинган журналистлар 255 нафарни ташкил қилганди. 

Шунингдек, 2018 йилда ўз касбий вазифаларини бажариш вақтида 94 нафар, яъни 2017 йилга нисбатан 12 нафар кўпроқ журналист ва ОАВ ходими ўлдирилган. 

2018 йилда журналистлар учун энг хавфли давлат Афғонистон бўлган. У ерда 16 журналист ўлдирилган. Шунингдек, Мексикада 11 нафар, Яманда 9 нафар ва Сурияда 8 нафар ОАВ ходими ҳужумлар қурбонига айланган. 

Мавзуга оид