Иқтисодиёт | 17:00 / 11.12.2019
54542
12 дақиқада ўқилади

Таиланд бугуни ва Кобул келажагига саёҳат: иқтисодий-ижтимоий ривожланиш формуласи ҳақида

25 йил ичида қандай қилиб барқарор ривожланишга эришилди?

Афғонистон. Геосиёсий ўйинлар ва ички урушлар гирдобида хароб аҳволга келган бу давлат ҳақида эшитганимизда кўз олдимизда бутун бир миллатни қолоқликка маҳкум қиладиган муаммолар гавдаланади: нотинчлик, қашшоқлик, илмдан маҳрумлик. Оддийгина мисол –  бугунги кунда Афғонистонда деярли Тошкент аҳолисига тенг одам – 2,5 миллион киши гиёҳвандликка мубтало бўлган.

Кўприк остидаги гиёҳвандлик.  Қобул шаҳри, Афғонистон

Келинг, энди бир тасаввурга берилайлик. Орадан 25-30 йил вақт ўтди. Сиз бир пайтлар хароба кўчаларида юришга қўрқадиган Кобул шаҳрига саёҳат учун отландингиз. Шаҳарни кезар экансиз, кўзларингизга ишонмайсиз – Кобул энди батамом бошқа дунё. Кашандалик қурбонлари эндиликда шаҳарнинг ўша машҳур «ўлим кўприги» остида жон сақлаш билан эмас, балки Zara ва Uniqlo каби дунёга машҳур кийим-кечак брендлари учун тери маҳсулотлари ва IKEA каби уй-жиҳоз бренди учун миллий кулолчилик ва гилам намуналарини етказиб бериш билан овора. Компаниялардаги атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш учун ўрнатилган барқарор технологиялар сизни ҳайратда қолдиради. Уйлар олдида от арава эмас, балки камида бир дона Toyota русумли автомобил турибди.

Саёҳат тугади. Уйга қайтиш учун Кобулдаги Марказий Осиёнинг машҳур аэропортида кейинги парвозни кутар экансиз, «Made in Afganistan» маҳсулотларига кўзингиз тушади, совғалар сотиб ола бошлайсиз, қанча пул ишлатганингизни билмай ҳам қоласиз.

Парвоз эшиги олдига қайтиб келиб, катта қилиб осиб қўйилган «Living University in Qabul For Sustainable Development» - «Кобул Жонли Университети - Барқарор Ривожланиш Учун!» деган катта рекламага кўзингиз тушди. Қисқа муддатда эришилган бу муваффақиятга сабаб бўлган тажрибаларни улашиш мақсадида Кобул ҳукумати нодавлат ташкилот ҳам очгани, у ерга йилига ўнлаб машҳур университетлар ва халқаро ташкилотлар афғон тажрибасини ўрганиш учун ташриф буюраётганини билиб, парвозни эсдан чиқаришингизга бир бахя қолди.

Келажакдаги Қобул, Афғонистон, 2050 йил​​​​​​

«Муддаога ўт!» деяётган бўлсангиз керак. Нима демоқчиман? Бу мақолани ёзишдан мақсадим сиз билан пуч хаёлларимни баҳам кўриш эмас. Балки натижаларини ўз кўзим билан кўрганим – Таиланд тажрибаси ҳақида гапириб бериш.

Дои Тунг қишлоғи

Таиланд деганда кўпчиликнинг кўз олдида тиниқ денгиз, чиройли соҳиллар гавдаланади. Университетимиз томонидан ташкил қиланган Таиланд саёҳатига отланар эканман, менинг ҳам хаёлимдан шунга ўхшаш манзара ўтди.

Тоғли ҳудудда жойлашган Дои Тунг қишлоғи. Бу қишлоқнинг 30 йиллик тарихини ўрганар экансиз, сал аввал у бугунги Афғонистон қишлоқларидан фарқ қилмаганига амин бўласиз. Хитойда йиллаб давом этган аёвсиз афюн уруши натижасида афюн етиштириш Таиланднинг шимолий ҳудуди – Чианг Раи вилоятига силжийди. Афюн Дои Тунг қишлоғи аҳолиси учун асосий даромад манбаига айланади. Бу ҳудудда афюн балоси ёйилишига ҳисса қўшган бир жиҳат – тоғлик аҳолининг тили, дини ва яшаш тарзи турлича бўлган этник гуруҳлардан ташкил топганида бўлган. Хитойдаги социализм инқилоби ва совуқ уруш натижасида сиёсий беқарорликдан қочган бу этник гуруҳлар ҳозирги учта давлат – Таиланд, Мянмар ва Лаоснинг ўзаро туташган чегараларида қўним топишган ва ташқи дунёдан узоқ йиллар давомида узилиб қолишган. Натижада ичимлик суви, электр энергияси ва йўл каби инфраструктура, маълум давлат фуқоролиги, қонуний мол-мулк эгаси бўлиш ёки таълим олиш каби қулайликлардан бебаҳра қолишган. Бундай муҳитда ўсган ёш болалар касалликларга, ишга яроқли эркаклар гиёҳвандлик балосига, аёллар эса жинсий қулликка дучор бўлишган. Афюн, қашшоқлик инсонларни, оилаларни ва атроф-муҳитни хароб аҳволга олиб келган.

 Дои Тунг қишлоғи, 1980 йилларда ва 2015 йилда

 

Бугун эса Дои Тунг худди биз тасаввур этган келажакдаги Кобул шаҳрига ўхшайди. Уни энди «қишлоқ» деб ҳам бўлмайди – аввалги  Дои Тунг ўтмишда қолди.

Бир пайтлар афюн етиштирилган адир-у тоғлар энди асл навли қаҳва ва макадамия ёнғоқ дарахтлари билан ям-яшил ҳолга келган. Бир пайтлар жинсий қулликка мубтало бўлган аёллар энди ҳозирда Токиода сотилаётган Дои Тунг қаҳва брендини қадоқлаш, IКЕА компанияси учун кулолчилик намуналари ва гиламлар тўқиш, Дои Тунг ёнғоғидан қилинган мураббо тайёрлаш ёки ёнғоқ дарахти пўстидан қилинган асл Таиланд қоғозини тахлаш билан машғул. Гиёҳвандлик дардидан халос бўлган оила бошлиқлари эса демократик усулда бошқариладиган қишлоқ маъмурияти ажратган ерларда қаҳва парваришлайди. Уларнинг фарзандлари бир пайтлар мактаб юзини кўролмай, касалликлардан нобуд бўлишарди. Энди эса ёшлар пойтахт Банкокдаги турли университетларда таҳсил олишади.

 Дои Тунг қаҳваси, макадамия ёнғоқларидан тайёрланган мураббо ва текстил маҳсулотлари

Дарахт қолдиқлари ва фабрика чиқиндиларини ёқиб энергия олиш, ишлатилган чиқинди сувларни махсус кимёвий моддалар орқали қайта ишловчи технологиялар, ҳар бир уй олдида Японияда ишлаб чиқарилган машиналар, Шарм-аш-Шайхдагидан қолишмайдиган меҳмонхоналар – булар Дои Тунгнинг бугунги куни. Хаёлимда эса фақат бир савол: қандай қилиб 25 йил ичида бундай барқарор ривожланишга эришилди? Катта инвестициялар киритилдими ёки тай халқининг характери сабабми?...

Дои Тунг – ривожланиш кўргазмаси

Хўш, Дои Тунг қишлоғи қандай ривожланди?

Саёҳатимизнинг қолган қисмини юқоридаги саволга жавоб излаш билан ўтказар эканман, муваффақият сири Дои Тунг лойиҳасига тамал тоши қўйган Таиланд қироли волидаси Сринагариндранинг битта жумласида жамланганини англадим:

«Аслида ҳеч ким ёмон бўлишни хоҳламайди, фақат кўпчиликда яхшилик қилиш учун имконият йўқ, холос».

Тушуниб етдимки, ҳар қандай иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, у қаерда юз беришидан қатъи назар, инсонни ҳар доим яхшилик қилишга мойил деб билиш принципи ва бу принципга қурилган бир нечта омил орқалигина вужудга келар экан. Бу омилларнинг бир нечтасини санаб ўтаман.

Дои Тунг қишлоғидаги боғ​​​​​

Биринчидан, муаммони англаш ва уни ечишга қаратилган сиёсий ирода ва сидқидиллик, узоқ муддатли мақсад. Дои Тунг мисолига қарайдиган бўлсак, ишлар аввало қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзидаги муаммолар жиддийлигини англаб етган она Сринагариндра ташаббусидан бошланган. Бу ёши улуғ киши ташаббуслар унинг вафотидан кейин ҳам давом этиши учун Мае Фаҳ Луанг ташкилотига асос солди. Қироллик ҳомийлигига олган ва бир неча вазирликлар билан бевосита ҳамкорликда ишлайдиган бу ташкилотнинг холис ва фидойи раҳбарлари йиллар давомида нафақат Дои Тунгни, балки бошқа ҳудудларни ҳам ақл бовар қилмас натижаларга олиб чиқишди. Ҳозирда Япония ва бошқа давлатлардан йилига юзлаб меҳмонлар қабул қилиб, семинарлар ўтказадиган Мае Фаҳ Луанг ташкилотини бежиз «Living University» - «Тирик университет» дейишмайди.  

Иккинчидан, муаммоларга нисбатан пастдан юқорига қараш принципи орқали ёндашиш ва аҳоли билан ўзаро ишончни барпо қилиш. Юқорида айтилганидек, Дои Тунг қишлоғининг муаммолари жуда чигал, бир бирига боғланиб кетган эди. Пастдан юқорига қараш ёндашуви «раҳбарият ҳамма нарсани яхши билади» деган фикрдан воз кечишни, муаммоларга ташхис қўйишда, ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий ҳолатни аниқлашда қишлоқ аҳолиси билан бевосита мулоқотлар, турли сўровномалар олиб боришни тақозо қилди. Шунингдек, йиллар давомида давлатга нисбатан ишончсизлик руҳини йўқотиш, қишлоқ аҳолисини ривожланиш ҳаракатига жалб этиш мақсадида раҳбарият ишни холис ният ва ишонч намунаси сифатида гиёҳвандликка қарши тиббий реабилитация хизматларни ташкил қилишдан бошлади. Натижада муваффақиятли ҳамкорлик вужудга келади. 

Учинчидан, узоқ муддатли «мақсадлар харитаси», турли манзилларга элтадиган ва систематик кетма-кетликка асосланган босқичма-бошқич режага эга бўлиш. Бунда режалар амалий, мантиқий ва содда бўлиши лозим. Дои Тунг мисолида булар: қисқа муддатли режа – жон сақлаш, ўрта муддатли режа – ўзига тўқлик ва узоқ муддатли режа – барқарор ҳаёт.

Биринчи босқичдаги амалий ҳаракат – энг аввало аҳолининг саломатлигини тиклаш, озиқ-овқат билан таъминлаш, яшаш учун керак бўлган электр энергияси, ичимлик суви ва йўл каби муҳим инфраструктурани барпо қилишдан иборат бўлган.

Иккинчи босқич – турли ҳунар ва касблар ўргатиш, бу касбларни юритиш учун шароит яратиш орқали аҳолининг молиявий барқарорлигини ошириш. Бунинг учун қишлоқнинг тоғли шароитига мос қаҳва ва макадамия ёнғоқларини экиш, маҳаллий кулолчилик ва текстил саноатини шакллантириш, туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш кўзланган. Бир килограмм қаҳва ловияси бор йўғи 1 долларга баҳоланиши, лекин қадоқлаб сотилса 200 доллардан қиммат туришини англаган жамоа қаҳвани қадоқлаб сотишни йўлга қўяди. Бундай топқирлик, ҳаракатчанлик узоқ муддат давом этиши учун қишлоқ аҳолисида эгалик ҳисси шаклланиши лозим эди. Шу боис қаҳва ва ёнғоқ далалари узоқ муддатли ижара шартномаси билан қишлоқ аҳолисига топширилди.

Учинчи босқичда эса эътибор узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш ниятида даромади ошган аҳолига турли ижтимоий йўналтирилган тадбиркорлик турлари билан шуғулланиш ва таълим олиш учун имкониятлар яратиш асосий мақсад қилинган.

 

Тўртинчидан, аҳоли фаровонлигини кўзлаган давлат + аҳоли + хусусий сектор – уч тарафлама тенглик ҳамкорлик мослашувчан тузилмаси. Мослашувчанлик барча муаммонинг олдиндан белгиланган аниқ ечими мавжуд деган фикрдан узоқлашишни ва ривожланиш жараёни «қилиб кўриш орқали ўрганиш» ёки «синаб кўриш ва хатодан хулоса чиқариш» каби принциплар орқали мустаҳкамланиши мумкинлигини англатади. Бундай тузилмага эга Дои Тунг лойиҳаси уч тарафнинг ўзаро кучидан самарали фойдаланиб, машаққатларни имкониятга айлантира олган.

Токио универверситети талабалари ва Мае Фаҳ Луанг ташкилоти аъзолари

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Дои Тунг тажрибаси «иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт ўзи нима», «у ким учун ва унга қандай эришиш мумкин» деган саволларни ўртага ташлайди. Агар тилга олганимиз мисолдан дарс оладиган бўлсак, ривожланаётган давлатлар, шу қаторда Ўзбекистоннинг ҳам ривожланишига тўсиқ бўлаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими фақатгина маълум ҳудудларга катта миқдорда инвестиция киритиш билангина ҳал бўлмаслигини, балки ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт марказида инсон омили, унинг иштироки ва манфаатлари туришини, босқичма-босқич режага асосланган ҳаракат кераклигини англаймиз. Бунга бугун тажрибасини бутун дунё ўрганаётган Дои Тунг яққол мисол бўла олади.  

Бекзод Закиров, PhD кандидати, Токио университети

Мавзуга оид