Ўзбекистон | 19:13 / 11.12.2019
58311
4 дақиқада ўқилади

Тошкентга келишдан олдин рўйхатдан ўтиш кераклиги бўйича таклиф шов-шув кўтарди. Экологик партия аъзоси сўзларига изоҳ берди

Бугун, 11 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистонда сўнгги 3 йил давомида суд ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар муҳокама қилинди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон экологик партияси вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентга келаётган вилоятликларни қайд этишнинг янги тартибини жорий этишни таклиф қилди.

«Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади», деди партия фаоли.

Унинг бу таклифи ижтимоий тармоқда резонанс келтириб чиқарди ва танқидий муносабатлар билдирилди.

Улуғбек Пирмуҳаммедов Kun.uz мухбирига ўз сўзлари юзасидан изоҳ берди. У прописка тизимига қаршилиги ва бундай таклиф беришдан мақсади вилоятдан келувчиларга қулайлик бўлишини исташи эканини қайд этиб ўтган.

Ассалому алайкум, жонкуяр журналист ва блогерлар! Бир нарсага эътибор бершингизни таклиф қилардим. Билдирилаётган таклиф қайси мавзу муаммосига оидлигидан келиб чиқиб муносабат билдирсангиз.

Аввало, мен Экологик партия номидан эмас, балки мустақил шахс сифатида фикримни билдирдим. Кўрсатув вақтида менинг шахсий фикрим деб таъкидлаб ўтдим.

Авваламбор, мен прописка тизимига қаршиман. Энди шахсий таклифимга эътибор берсак, таклифим шундан иборатки, вилоятлардан ишлаш мақсадида келаётган ҳамюртларимиз маълум бир муаммоларга учраётгани тўғрисида бир қанча мавзулар кўтарилди. Айнан Халқаро пресс клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов кўрсатувида ҳамюртларимизни ишлаб турган жойида профилактика инспекторлари томонидан жаримага тортилаётгани тўғрисида фуқаролар мурожаати ўқиб эшиттирилди. Уч кун ичида рўйхатга қўймаса қонуний чора кўриш кераклиги тўғрисида айтиб ўтилди.

Бу муаммолар тўғрисида мендан кўра сиз яхшироқ биласиз. Сабаби ОАВ вакиллари халқ билан ўзаро доимий мулоқотда. Керак бўлса биз ҳам сиз орқали эшитамиз баъзи муаммоларни. Мен иштирокчи сифатида шахсий фикримни билдирганимда, яқинларимиз зарурат юзасидан ишлаш мақсадида келаётган бўлиши мумкин. Улар маълум муддатга келишсада, биз бу ерда уларга рўйхатдан ўт деб турсак, бу одамлар учун адолатсизлик бўлмайдими?

Прописка масаласи жуда кўп марта кўтарилган. Айниқса, блогерларнинг каналларида тўлиқ ёритиб берилган. Ўз фикримни тўлиқ айтиб бериш имкон бўлмади, лекин қисқача айтиб ўтсам. Мен прописка тўғрисида эмас, балки онлайн рўйхат, қулайлик ва хавфсизликни яратиш мақсадида таклиф қилдим. Тошкентга келаётган қадрдонларимиз яшаб турган ҳудудларидаги инспекторлар томонидан рўйхатдан ўтишса, Тошкентда муаммоларга дуч келмаслиги учун онлайн рўйхат олинса ва бу рўйхат, яъни онлайн портал дастури орқали акс этса, ППС томонидан кўчадан ушлаб кетиш ҳолатлари кузатилганда, бу дастур ҳамюртларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилувчи восита вазифасини бажарарди. Балки шунда ҳамюртларимиз норозилигига сабаб бўлаётган муаммо қайсидир маънода ўз ечимини топар эди. Таклифда қийинчиликларга дуч келаётган ҳамюртларимизни камситиш назарда тутилмаган, балки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларга шароит яратиш мақсади бор эди. Ваҳоланки, ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ маҳаллийчилик қилишга, ҳаммамиз тенг ҳуқуқли фуқоромиз. Ахир Ўзбекистон Республикасида битта яшил паспорт бор. Фикрларимни бошқача талқин қилмасликни сўрар эдим.

Эзгулик - бу тўлиқ айта олмаган сўзлардан эмас, балки ниятларга қараб баҳоланиши керак деб ўйлайман.

Мавзуга оид