Спорт | 12:30 / 11.12.2019
20066
11 дақиқада ўқилади

«Барселона» Дортмундни бахтиёр қилди, «Аякс» Европа Лигасига равона бўлди

Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида 4 гуруҳ 6-тур ўйинларини ўтказишди.

Е гуруҳи
100 сонияда ҳал бўлган ўйин

«Зальцбург» — «Ливерпуль» — 0:2
Голлар: Кейта, 57. Салоҳ, 58.

Бир йил аввал бўлгани каби, «қизиллар» плей-оффга чиқиш масаласини охирги турга қолдиришганди. Норвегиялик вундеркинд Ҳоланд «Ливерпуль» режаларига асосий таҳдид сифатида кўрилаётганди. Ундан камида Чемпионлар лигасида дебютдаги 6 учрашувда самарали ҳаракатлари билан (гол ёки пас) рекорд ўрнатиш, максимум эса австриялик мухлисларнинг 1/8 финал бўйича орзуларини рўёбга чиқариш кутилаётганди.

Алиссонга ўйиннинг илк дақиқалариданоқ иш топила бошлади. Унинг ҳамкасби эса фақат биринчи бўлим ўрталарига келиб ишга киришди. Ундан кейин яна «Зальцбург»нинг ҳужумлар серияси кузатилди, кейин эса Салоҳ Маненинг ажойиб пасини йўққа чиқарди. Танаффус арафасида Станкович ўзи билан яккама-якка вазиятга чиқиб келган Кейтани тўхтатиб қолди. Биринчи бўлимда кучлар тенг келди.

Иккинчи бўлим Салоҳнинг яна бир қулай вазиятни кўкка совуриши билан бошланди, дарвозабон яна яккама-якка вазиятда устун келди. Холанд мисрлик футболчини хатоси учун жазолашга яқин келганди, аммо унинг зарбаси бироз хато кетди. Бу ҳужумдан кейин «Ливерпуль» футболчилари индивидуал маҳорат эвазига 100 сонияда ўйин тақдирини ҳал қилишди. Аввалига «Зальцбург»ни собиқ футболчилари Мане ва Кейта иштирокидаги комбинация ранжитди. Кейин эса Салоҳ барибир ниятига эришди, қатор қулай вазиятлардан фойдалана олмаган футболчи ўткир бурчакдан туриб дарвозани ишғол этди. Қизиллар юришини давом эттиради, австрияликларнинг ёш ҳужумчилари эса энди Европа Лигасини томошабоп қилиб беришади.

«Наполи» — «Генк» — 4:0
Голлар: Милик, 3, 26, 38, пенальтидан. Мертенс, 74, пенальтидан.

Неаполитанликлар кутилганидек аутсайдерга қарши ўйинда жиддий қаршиликка дуч келишмади. Қолаверса, «Генк» дарвозасида бу ўйинда турнир тарихидаги энг ёш дарвозабон турганди. Янги рекордчи Вандервордт эндигина 17 ёшу 287 кунлик эди, аммо ҳеч ким бу дебютантга раҳм қилмади. 3-дақиқадаёқ унинг қўпол хатоси яқинда жароҳатини тузатиб қайтган Миликнинг голи билан якунланди.

Поляк танаффусгача яна иккита гол урди ва «Наполи» тарихига Чемпионлар лигасида илк  ҳет-трик қилган футболчи сифатида кирди, бунинг учун унга уч бор зарба бериш етарли бўлди. Ўйинга якуний нуқта Мертенс томонидан қўйилди. Бу ўйин унинг учун неаполликлар жамоаси сафидаги 300-ўйин бўлди, бош мураббий Карло Анчелотти учун эса сўнггиси. Йирик ҳисобдаги ғалаба ва «Наполи» гуруҳ босқичини илк бор мағлубиятсиз ўтказганига қарамасдан клуб президенти Аурелио де Лаурентис уни ишдан бўшатишга қарор қилди.

H гуруҳи
Амстердамдаги ҳалокат

«Челси» — «Лилль» — 2:1
Голлар: Абраҳам, 19. Аспиликуэта, 35 — Реми , 78.

Фрэнк Лэмпард жамоасининг гуруҳдан чиқиши жамоанинг ўзига боғлиқ эди ва жамоа буни хотиржамлик билан уддалади. Бунга қисман рақибнинг ўзи ёрдам бериб юборди, жамоа муддатидан аввал еврокубокларни тарк этгани учун Лондондаги ўйинга аралаш таркиб туширилди. Кўклар ўйинни тўхтовсиз ҳужумлар билан бошлашди ва биринчи қамал Пулишич — Виллиан — Абраҳам комбинациясидан кейин гол билан якунланди.

Муваффақиятни Аспиликуэта мустаҳкамлади, у Чемпионлар лигасидаги сўнгги 3 учрашувда 2та гол урди, унгача 46 ўйинда битта гол урганди. Абраҳам эса мавсумдаги голлари сонини 13тага етказиб олди. «Челси»да сўнгги марта англиялик футболчи бундай самарали ҳаракат қилиши футболчи Лэмпард давридан буён кузатилмаганди. Лондонликлар клубининг собиқ футболчиларидан бири Реми қайтариб бўлмас зарбаси билан ўзини «Стэмфорд Бриж»га эслатиб қўйди, аммо унинг бу голи лондонликларнинг байрамини буза олмади. Лэмпард эса ЕЧЛ плей-офф босқичига ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида чиққан илк инглизга айланди.

«Аякс» — «Валенсия» — 0:1
Гол: Родриго, 24.
Амстердамликларнинг ички чемпионатда «Виллем»га сенсацион равишда мағлубиятга учраши жамоа бор эътиборини Чемпионлар лигасига қаратгани билан изоҳланганди, аммо сешанба оқшомидаги ўйин ҳам Эрик тен Ҳааг сценарийси бўйича кечмади. «Кўршапалаклар»нинг кетма-кет хавфли ҳужумлари Родригонинг яқин масофадан туриб «тўққизлик»ни ишғол қилиши билан якунланди. Статистик рақамлар ҳам «Аякс»нинг қийин аҳволидан дарак бермоқда, жамоа сўнгги уч уй учрашувида тўртта гол ўтказиб юборди. Бу эса аввалги 11 уй учрашувидагидан кўпроқдир.

Нидерландлар битта жавоб голи урса кифоя эди. Аммо Зиёш бу ўйинда дарвозага бирор марта аниқ зарба бера олмади. Энди у ва ўтган мавсумда турнир яримфиналига қадар борган амстердамликларнинг бошқа юлдузлари иккинчи даражали еврокубокда омадларини синаб кўришади. Сўнгги тур арафасида гуруҳ пешқадами бўлиб турган «Аякс» 10 очко тўплаб ҳам гуруҳдан чиқа олмади. Сўнгги марта бундай ҳолат 7 йил муқаддам «Челси» билан рўй берганди, «Наполи»га эса бир сафар 12 очко ҳам етарли бўлмаганди.

F гуруҳи
Тарихий гол

«Интер» — «Барселона» — 1:2
Голлар: Лукаку, 44 — Карлес Перес, 23. Ансу Фати, 86.

Муддатидан аввал биринчи ўринни нақд қилиб қўйган каталонлар бу ўйинга жиддий қарашмаганди. Улар учун ички чемпионатдаги навбатдаги тур ва кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган класикога тайёрланиш муҳимроқ эди, шу туфайли Миланга Месси ва Пике олиб кетилмади, Бускетс, Суарес, тер Штеген ва де Йонг ўйинни захира ўриндиғида бошлашди. Лекин бу «Барса» ўйинни топширади дегани эмасди. Аксинча, имкон берилган футболчилар ўзларини кўрсатишди, Нету муқаррар голлардан сақлади, ЕЧЛдаги дебют ўйинини ўтказган Карлес Перес гол уриб ҳисобни очди.

Агар Лангле биринчи бўлимда қулай вазиятдан гол уролганида «Интер» нокаут ҳолатига тушиши мумкин эди. Аммо бир неча вазиятлардан фойдалан олмаган миланликлар барибир жавоб қайтара олишди, биринчи бўлим давомида жуда фаол ҳаракат қилган Лукаку бўлим охирида қаршисидаги ҳимоячилар ва дарвозабонга имкон қолдирмади.

Иккинчи бўлим ҳам мезбонларнинг устунлигида кечди, Лаутаро Мартинеснинг икки голи офсайд туфайли бекор қилинди, мезбонларда бошқа голли вазиятлар ҳам бўлди. Лекин ўйин охирида «Барса»нинг яна бир ёш футболчиси ўз номини ЕЧЛ тарихига ёздириб қўйди. Жарима майдони ташқарисидан аниқ зарба йўллаган Ансу Фати 17 ёшу 40 кунлик ва у турнир тарихидаги энг ёш гол муаллифи бўлди. Бундан аввалги рекорд 22 йилдан буён ўзгармай келаётганди.

«Боруссия» Д — «Славия» Пр — 2:1
Голлар: Санчо, 10. Брандт, 61 — Соучек, 43.

Биринчи бўлимда дортмундлик мухлислар бир неча бор олқишлашди. Аввалига Ройс ва Санчонинг голли комбинациясини, кейин — «Барселона»нинг «Сан-Сиро»да урган голини. Шунингдек, Бюрки бир неча марта прагаликларнинг ҳужумларини бартараф этиб олқишларга сазовор бўлди.

Лекин танаффус арафасида улар аламдан ҳам ҳайқиришди, Соучек барибир «асаларилар» дарвозасини ишғол қилди, бу гол параллел учрашувда «Интер» гол урган вақтга тўғри келди. Аммо «Сигнал Идуна Парк»даги ғамгинликка иккинчи бўлим бошларида Санчодан қабул қилиб олган пасини рақиб дарвозабонининг яқин бурчагига жойлаган Брандт тарқатиб юборди.

Ўйин охирида Вайглнинг четлатилиши яна асаббузарликка сабаб бўлди, аммо барчаси яхшилик билан тугади. «Боруссия» «Барса»нинг ёрдами билан кейинги босқичга йўлланма олди, Антонио Контени Европа Лигасида кутишмоқда.

G гуруҳи
«Лион» «Зенит»ни еврокубоксиз қолдирди

«Лион» — «Лейпциг» — 2:2
Голлар: Форсберг, 9, пенальти. Вернер, 33, пенальти — Ауар, 50. Депай, 82.

Қизиқарли факт: Чемпионлар лигасининг сўнгги уч мавсумида гуруҳ босқичидан иккинчи ўрин билан чиққан жамоалар чемпион бўлишган. Бу ҳақда Юлиан Нагельсманн ўйламагани аниқ, унинг учун гуруҳда биринчи бўлиш принципиал масала эди. Биринчи бўлимда немислар жамоаси ғайратли кўринишди, арбитр икки марта ВАР орқали французлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Улардан бирини Вернер аниқ ижро этиб, ўзига хос натижа кўрсатди. Унинг турнирда урган 6 голи ҳам бегона майдонда урилди ва бу орқали у аввалги рекордчилар — Синишу Михайлович ва ван Бюйтенни ортда қолдирди.

Танаффусга қадар барчаси ҳал бўлиб бўлгандек эди, аммо иккинчи бўлимда барчаси ўзгариб кетди. «Зенит» Лиссабонда аламли мағлубиятни қабул қилаётган чоғда, «Лион» тўлиқ куч билан олдинга ўтди. Французлар Ауарнинг чиройли голидан кейин ҳужумни давом эттиришди ва Депай ҳисобни тенглаштирди. Нидерландиялик футболчи Чемпионлар лигасида қаторасига 5 ўйинда гол уриб буюк ватандошлари — ван Нистелрой, Макай ва Роббеннинг натижасини такрорлади. Аммо Мемфис учун асосийси — плей-оффга чиқиш бўлди, бу йўлланмани «Лион» матонат билан қўлга киритди, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида «Лейпциг» ғалаба голини уриш учун 100 фоизлик имкониятга эга бўлганди.

«Бенфика» — «Зенит» — 3:0 (0:0)
Голлар: Серви, 47 (1:0). Пицци, 58 — пенальти (2:0). Озмун, 79 — автогол (3:0).

«Зенит» «РБ Лейпциг» Францияда ғалаба қозонишига ишониб қолиб, сафарга борганди ва бунинг учун жазоланди. Биринчи бўлимдан кейин Лиссабонда 0:0, Лионда 0:2 ҳисоби қайд этилаётган ва бу ҳолат русларни тўла қаноатлантирарди. Лекин французлар иккинчи бўлимда иккита гол уришди, португаллар эса учта. Натижада гуруҳдаги энг катта бюджетга эга бўлган питерликлар Европа Лигасига ҳам йўлланма ололмади. 

Мавзуга оид