«Лестер» ва Варди - эртакнинг давоми
Ёшлигимда бувимдан эшитган эртакларим бир хил бошланиб, бир хил тугарди: бир бор экан, бир йўқ экан, деган сўзлар билан. Тўғри-да, эртак доим ҳам бўлаверадиган ҳодиса эмаску, бир бор бўлиши керак, кейин йўқ бўлиши ўта муҳим, эртаклиги қоладими зотан?!
Эртак “чўпон йигитнинг шоҳ қизига уйланиши ва улар бахту саодатда яшаши” билан хотима топарди. Шу гапни эшитиб, кўп ўйланардим. Шу еригача, шунча воқеада қатнашган одамлар наҳотки буёғига оддий, фақат саодатли даврларга рози бўлиб кетишса деб. Ишонолмасдим.
Катта бўлиб фильмларга қизиқдим. Қизиғи, фильмлар ҳам ўша хулосани ўз ичига олган эди. Бир ярим соат ичида сизни минглаб ҳодисаларга таклиф этган қаҳрамонлар мақсадларига етишгач, эртаклардагидек бахтли-саодатли ҳаётга рози бўлиб, бизни ташлаб кетишарди. Ғалати, давоми қанақа? Наҳотки, ўлим билан юзма юз бўлиб, не-не синоатларни бошдан кечирган қаҳрамонлар умрининг охиригача бошқалар каби бир хил яшашга кўнсалар? Йўғе, бўлиши мумкин эмас.
Хуллас, мен ана шу эртаклар ва фильмларнинг давомини ҳозирги кунларда кўраётгандекман. "Лестер" эртаги мисолида. Жамоа чемпион бўлиб, тарих саҳифаларида қолиб кетади, деб ўйлашганди. Аниқроғи, ҳеч кимга қизиғи йўқ давом билан “ўз орзулари билан бахтли-саодатли бўлиб кетишлари” кутилганди. Чўпон йигитнинг шоҳ қизи билан давом этажак ҳаётини кўриш бахтига муяссар бўлдик. "Лестер" саройда чўпонлик характери билан қандай яшаркан деган саволларга жорий мавсум жавоб берилаётгандек.
Ва қизиғи, бу эртакнинг бош қаҳрамони бутун фильм давомида бизни алдаб келган экан. Кўпчилик Раньери деб ўйлаганди. Йўқ, йўқ, италиялик мураббий ўша эртакнинг бошланғич қисмида иштирок этиб кетган персонажлардан бири экан. Маълум бўлди. Лекин унинг айнан шу масканда керакли пайтда пайдо бўлгани муҳим воқеликлардан бири эди. Асосий қаҳрамон – Жейми Варди. Ҳа, ҳа, англиялик ҳужумчининг жами ҳаракатлари, босиб ўтган ҳаёт йўли, жамоасидаги мавқеи – унинг бу эртакда бош қаҳрамон бўлишига кифоя қилади.
Вардининг ўйинига қараб туриб, ҳайрон бўламан. Тезлик зўр, гол сезиш қобилияти ҳамиша кучли бўлган, тўп билан оддий ҳолда ҳам, тез кетаётган пайтда ҳам бир хил муомала қилади. Зарбаси ҳужумчилар учун мукаммал даражада аниқ. Шу пайтгача у қаерда эди деган саволга жавоб оддий: бош қаҳрамоннинг ўтин териб юрган пайтлари ҳикоя қилинмай, сарой аъёнлари ҳузурига шашт билан кириб келгани билан эсланиш бошланади.
Варди шу боисдан ҳам, кучли жамоалар билан кучсиз жамоаларни фарқламайди: "Лестер"даги илк голини "Ман Юнайтед"га ургани, дастлабки хет-тригини "Ман Сити"га йўллагани, миллий жамоадаги илк голини Германияга, дастлабки расмий голини Нидерландия посбонига йўллагани – Варди учун умуман қизиқ эмас. У ўша жамоалар билан "Сток Сити"ни унчалигам фарқлолмайди.
Мана шундай қобилияти билан у жаҳон футболига 27-28 ёшларида кириб келди. Эртаклардаги ҳодисанинг ўзи. Унгача кўп эшитгансиз - заводда ишлагани, футбол фаолиятини саккизинчи дивизондан бошлагани, уч марта яшил майдонни тарк этгани, ёмон хулқи учун қўлига бир неча бор кишан таққани, неча марта йўлидан чиқиб қолганида мураббийлар уни яна футболга қайтаргани... Бу воқеалар XXI асрдаги Англияда содир бўлмоқда, азизлар!
Варди замонавий Британия юлдузлар йўлидан эмас, ғирт эртаклар оламидан келганига ҳам шу ҳодислар далил. У футбол одами эмас.
"Лестер"дан жуда кўпчилик кетиб қолди. Маҳрез чемпионлик таъмини тотиш учун Манчестерга йўл олди, Канте пойтахтга. Бошқа йигитлар ҳам сочилиб кетишди. Гўёки "Лестер" эртаги ўз иштирокчиларисиз ўтмиш қаърига сингиб кетадигандек эди. Йўқ, йўқ, бош қаҳрамон агар Қирол Лир асос солган шаҳарда яшар экан, эртак давом этаётганини кўряпмиз.
Унга имкон берувчи Раньери, пас узатувчи Маҳрез, марказни эгалловчи Канте вақти келиб номларини алмаштирганини кўряпмиз. Уларнинг ўрни босилар экан, гувоҳ бўляпмиз: эртаклар изловчи Брендан Рожерс италиялик мутахассисдан-да кўпроқ имкониятлар улашмоқда Вардига. Англиялик ёш Мэддисон жазоирлик юлдуздан қолишмаяпти. Ҳар голда қатнашмоқда. Нигериялик Ндидини узоқдан кузатсангиз, Канте деб ўйлайсиз. Хуллас, Галилей айтганидек, ер айланаверади. Ҳамма Варди учун хизматга келаверади.
Биласизми нега? Чунки бу бола "Лестер"нинг пастки дивизионда юрган пайтлариданоқ ушбу клубда. Ўз бахтини излай-излай етиб келган охирги бекатида. Бу бекатдан у ҳеч қаерга кетмаслигини эълон қилгандаёқ жамоа қаҳрамони бўлишга даъвогар бўлганди. Рожерснинг айтишича, Варди "Лестер"нинг Мессиси. Мен бироз эътироз билдирган бўлардим, Месси Каталония халқи учун янги давр қаҳрамони, Варди эса "Лестер" шаҳарчасининг барча замонлари қаҳрамони. Катта эҳтимол билан ягона қаҳрамони.
Варди доим қўлини боғлаб олган ҳолда ўйнайди. Шунга мажбур. Суякларини бирлаштириб турадиган бинт унга ўтмишини эслатиб турадигандек. Эртаклардаги бой чориғини уйига киришда осиб қўйгандек, Жейми мудом қўлига қараса, ўша аламли ва оғриқлик мозий оқиб келаверади. Футболдан безиб кетиб қолган дамлари, заводда қаро терга ботиб ишлаганлари, бўйининг кичиклиги учун аввал “Лейпциг”, кейин “Арсенал” олмаганини кулиб эсласа керак.
Варди шу қадар ақллики, терма жамоада ҳам узоқ вақт қолмади. Ҳозирги ўйини билан бемалол Англиянинг бош жамоасига ёрдами тегса-да, негадир у ерда ўзини бахтли ҳис этмади. Биласизми, нега? У ерда зодагонлар кўп, корчалонлар келишади пойтахту Манчестердан оқиб. Варди эса, ўзига ўхшаган йигитлар билан, ўзига ўхшаган бахт излаб чарчамаётган мураббий билан хотиржам.
"Лестер" айни пайтда 15-турдан сўнг 38 очко жамғарган. Чемпион бўлган мавсумида худди шу паллада 35 очко эгаси бўлган. Агар "Ливерпуль" қояси бўлмаганида кичик шаҳар йигитлари чемпионлик мавсумидан-да яхшироқ натижа кўрсатишаётганини ҳамма пайқарди. Бироқ, "Лестер"нинг хусусияти ҳам Вардига ўхшашки, у юқорисида Клопп, пастида Гвардиола жамоаси кетаётганига ҳам эътибор қаратмаяпти. Ўз йўлида ҳеч кимга эътибор бермай давомлидир. Вардига ўхшамайдими характери?!
Бу эртак токи Варди "Лестер" либосини ечиб, бутсасини михга илмагунча давом этади. Ёнида бир дўст кифоя қилади – Каспер Шмейхель... Сарой тартибини кимдир тушунтириб туриши керак-ку унга!)
Хайрулла Ҳамидов
Мавзуга оид
19:46 / 30.07.2023
Ўртоқлик ўйини. «Ман Сити» «Атлетико»га ютқазди, «Ливерпул» «Лестер»ни йирик ҳисобда мағлуб этди
16:30 / 11.09.2022
«Лестер»нинг қулаши. Англиянинг 6 йил олдинги чемпионига нима бўлди?
23:29 / 15.05.2021
«Лестер» «Челси»ни мағлуб этиб, илк бор Англия кубоги соҳибига айланди
13:12 / 28.09.2020