Жамият | 12:20 / 15.12.2019
44085
6 дақиқада ўқилади

«Оптимист»: «Компьютер – менинг қўлим, оёғим»

Мирали Ғиёсов – Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети филология факультети 2-босқич талабаси. Айни пайтда 20 ёшда.

Уни университетда ҳамма танийди, ўқитувчиларнинг, талабаларнинг компьютерларида бирор муаммо пайдо бўлса, тезда Миралидан ёрдам сўрашади. Китобхонлик тадбирларига биринчилардан бўлиб таклиф қилишади. Бир сўз билан айтганда, у икки томонлама иқтидорли.

«Ҳар бир одам бир ишни бошлашдан олдин уни эплай олишига, натижа чиқаришига аниқ ишонч ҳосил қилиши керак. Мен ҳам бакалавр йўналишини танлаётганимда қизиқишим шу соҳага эканига ва бу орқали адабиётимиз учун кичик бўлса-да, фойдам тегишига ишонганман», - дейди Мирали Ғиёсов ўзи ҳақида ҳикоя қила туриб.

«Китоб ўқийман», - дейиш урф бўлган... »

«Ҳозирги пайтда «Бўш вақтингизда нима билан банд бўласиз?» деган саволга «Китоб ўқийман», дея жавоб бериш урф бўлиб қолган. Лекин мен учун китобларнинг чинакамига катта аҳамияти бор.

Дадам она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлгани учун оиламизда китобга алоҳида урғу берилган.

Мен аудиокитоблар эшитиб, улар орқали билим олиб олий таълим муассасасига киришга муваффақ бўлдим», - дейди Мирали.

«Компьютер менинг қўлим, оёғим...»

Унинг таъкидлашича, болалигидан компьютерга қизиқиши юқорилиги туфайли техникадан фойдаланишни яхши ўзлаштирган.

«Компьютер менинг қўлим-оёғим. Агар ҳаётимдан компьютер олиб ташланса, жуда кўп ишларим қийинлашиб кетади. Дарслар давомида ёзишим, ўқишим шу қурилма билан боғлиқ.

Айниқса, кўзи ожиз инсон учун компьютер катта аҳамият касб этади», - дейди Мирали.

«Ўзбекистонда профессионал кўзи ожиз фойдаланувчилар саноқли...»

Мирали Ғиёсов аудиоёзувларни монтаж қилишни яхши ўзлаштирган. Кичиклигидан ўз микрофони ва компьютери билан турли асарларни ўзи саҳналаштириб, ҳар хил қаҳрамонларга овоз беришни, сўнг ўзи монтаж қилиб, тайёр ҳолатга келтиришни ўрганиб олганди.

«Монтажни интернет орқали мустақил тарзда ўрганганман. Чунки кўзи ожиз компьютер ўргатувчи устозлар, профессионал компьютер фойдаланувчилар саноқли», - дейди Мирали.

Мана шу ҳаракатлари натижасида ҳам техника соҳасида, ҳам адабиётда қатор ютуқларга эришган.

2017 йил Въетнамда ўтказилган кўзи ожиз компьютер фойдаланувчилар учун «Global IT challange» танловида Ўзбекистон жамоаси билан биргаликда «Excellent challanger» номинациясида энг биринчи деб топилган.

Бундан ташқари, 2019 йил кўзи ожиз китобхонлар орасида республика бўйича «Йил китобхони» деб топилган. 

«Кўзи ожиз талабалар учун Брайль дарсликлари умуман йўқ...»

«Ўқишга кирганимдан кейин сездимки, кўзи ожиз талаба учун фанларни ўзлаштириш, топшириқларни бошқалар билан бир хил даражада бажариш қийинлик қилади», - дейди қаҳрамонимиз.

Бунинг сабаблари фақатгина мактаб таълимига оид Брайль шрифтидаги китоблар мавжудлиги, лекин ўрта махсус, олий таълим учун махсус дарсликлар умуман йўқлиги билан боғлиқ.

Мирали айни мана шу қийинчиликни сезган ҳолда компьютерга бўлган иқтидорини тўғри йўналтиришга қарор қилади.

У ҳали бери Брайль ёзувидаги дарсликлар нашр қилиниши қийин масала эканлигини ҳисобга олиб, дарсликлар ва бадиий китобларнинг аудио вариантини яратишни мақсад қилган.

Мана шу йўл билан бошқа кўзи ожиз талабаларга, бундан ташқари, аудиокитобдан фойдаланишни яхши кўрадиган ёшлар учун қулайлик яратишга ҳаракат қила бошлайди.

«Кўнгиллилар студияси иш бошлади...»

«2018 йил февраль ойидан бошлаб, аудиостудия очиш ва кўнгилли талабалар билан бирга ишлаш таклифи билан чиққанмиз. Устозларимиз ёрдами билан ишларимиз тезлашди.

Шундан буён ҳозирги кунга қадар турли олий ўқув юртлари учун керакли дарсликлар, қўлланмалар ва бадиий асарларнинг аудио вариантини яратишни бошладик.

Студиямизнинг бошқа мавжуд студиялардан фарқи ҳамма кўнгилли тарзида ишлайди. Ишларимизни ҳеч қанақа моддий маблағ кутмаган ҳолда амалга оширамиз», - дейди Мирали Ғиёсов.

«Муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат билан қараш керак...»

Миралининг маълумот беришича, тайёрланаётган аудиокитоблар алоҳида телеграм каналига жойлаштириб борилади.

Бундан ташқари, турли байрамларда бу китоблардан фойдаланишга эҳтиёжи бор таълим муассасаларига тарқатиш йўлга қўйилган.

«Баъзида биз телеграм каналига жойлаштирган аудиокитоблар эртаси куни ҳеч қанақа рухсатсиз бошқа битта шунга ўхшаш йўналишдаги каналда кўриб қоламиз.

Лекин, ўйлаймизки, яратилган нарсага нисбатан муаллифлик ҳуқуқи деган нарсага ҳурмат билан қараш зарур», - дея қарашларини баён этади қаҳрамонимиз.

«Ўзбекча нутқ синтезаторлари йўқ...»

«10 дақиқа ўқилган овоздан камида 10та хато чиқади. Уларни тўғрилаб, керакли мусиқаларни танлаб, тайёрлаш менинг ва жамоа аъзолари зиммасида.

Кўпчилик кўзи ожиз бўла туриб компьютерни қанақа қилиб ишлатиш мумкинлигига қизиқишади. Жавоби оддий. Windows тизимида ишловчи компьютерларда алоҳида нутқ синтезаторлари - «Screen reader» бор. У экрандаги амалларни овозли тарзда ўқиб беради. Бироқ битта муаммо – ўзбекча нутқ синтезаторлари йўқ», - дейди Мирали Ғиёсов. 

У айни пайтда ўзбекча нутқ синтезаторини яратиш билан боғлиқ лойиҳаларда ҳам иштирок этмоқда.

Мирали «Одам ҳамиша янгиликларни кузатиб бориши ва ўзини жамиятга алоқадор деб билиши керак», деб ҳисоблайди. У янгиликларни ўқиб боради ва доимий равишда ижтимоий тармоқларни кузатади.

Келажакда ўзи ўқиётган университетда устоз бўлиб ишлашни, маърузалар ўқишни ният қилган, шунингдек, техникага бўлган қобилиятини ҳам тўғри йўналтиришни мақсад қилган Мирали Ғиёсовга барча ишларида омад тилаймиз.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид