Ўзбекистон | 14:07 / 16.12.2019
30659
2 дақиқада ўқилади

ЎзЛиДеП вакили: «Кам таъминланган оилалар учун бериладиган нафақалар кўп одамларни ялқов қилиб қўймоқда»

Бахтиёр Руҳиддинов/Фото: Халқаро пресс-клуб

Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида Халқаро пресс-клуб сессияси бўлиб ўтди. Унда сиёсий партиялар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддиновнинг айтишича, кам таъминланган оилалар учун бериладиган нафақалар кўп одамларни ялқов қилиб қўймоқда.

«Кам таъминланган оилалар учун бериладиган нафақалар кўп одамларни ялқов қилиб қўймоқда. Мен кам таъминланганман деб, ҳеч иш қилмасдан ҳаёт кечираверади», - деди Бахтиёр Руҳиддинов.

Шунингдек, у партиянинг сайловолди дастури ҳақида гапириб ўтди

«Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастурини жадаллаштириш ва энг асосийси, халқимиз учун юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш - ЎзЛиДеПнинг қўйган асосий вазифаларидан бири.

Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган 50 та мамлакат қаторларига қўшиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Инвестиция миқдорини ошириш сайловолди дастуримизга кирган 5 та муҳим вазифаларимиздан бири», - дейди Б. Руҳиддинов.

Эслатиб ўтамиз, кам таъминланган оилаларга тайинланадиган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжуд:

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;

бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;

кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

Бундан олдин, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ўзини ҳурмат қилган одам 50 долларни иқтисод қилиш учун ёниб кетиши аниқ бўлиб турган автобусга ўтириб, 50 даража совуқда йўлга чиқмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид