Жамият | 13:06 / 16.12.2019
51321
8 дақиқада ўқилади

Риштон ҳашари қурбонининг ўлими ҳамон махсус текширувдан ўтказилмади. Етимлар ҳақи шу текширув хулосасига боғлиқ

Шу йилнинг июль ойида Фарғона вилояти Риштон тумани марказидаги қайта қуриш ишлари оқибатида аҳоли вакилларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида Kun.uz сайтида туркум мақолалар ва репортажлар эълон қилинган эди.

Аввалига муаммолар аҳоли вакилларининг уйлари огоҳлантиришсиз, уларга ҳеч қандай шароит яратилмай бузилиб, компенсация пуллари берилмаётгани билан боғлиқ эди.  

Сўнг Риштондаги қурилиш ишларига барча туманлардан, вилоятдаги барча ташкилот вакиллари «ҳашар» ниқоби остида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ёритилиб,  ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

«Ҳашар» вақтида мудҳиш воқеа содир бўлган, 29 июль куни Қўштепа туман Ободонлаштириш бўлими ходимлари Риштондаги «оммавий ҳашар»дан қайтаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учрашган ва икки нафар ходим тан жароҳати олиб, бир нафари оламдан ўтганди.

Орадан икки ой ўтиб марҳум У.Аҳмаджоновнинг оила аъзолари таҳририятга яна мурожаат қилишди. Маълум бўлишича, боқувчисини йўқотган оилага шу кунгача товон пули тўланмаган. Қўштепа туманида бўлиб, марҳумнинг оила аъзолари билан суҳбатлашдик.

Марҳумнинг оиласида

«28 июль куни эрталаб эрим иккита автобусда аёл ва эркакларни олиб Риштонга ҳашарга олиб кетаётганини айтганди. Кичик фарзандимизнинг тоби йўқлиги учун касалхонада эдик. Шундан сўнг эртасига турмуш ўртоғимнинг жасадини олиб келишди. Ишдан, яъни ҳашардан қайтаётган бўлгани аниқ-ку? Ахир бу «иш пайтида бўлмаган», деганларни ҳам текширадиганлар бордир? Икки гўдак етим қолди. Ишга кетиб, вафот этган ходимни «ўз юмушлари билан юрган пайти ҳалокатга учради», дейиш яхши эмас», дейди марҳумнинг беваси Муқаддасхон.

Марҳумнинг икки фарзандига боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа тайинланган.

Маълум бўлишича, марҳумнинг ўлими ҳодисаси ишлаб чиқариш билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмаган. Қонун талаби бўйича оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса ходимнинг меҳнат вазифаларини бажараётган пайтда юз берган деб топилса, унинг 6 йиллик иш ҳақи олдиндан тўлаб берилиб, вояга етмаган фарзандлари вояга етганига қадар нафақа тайинланар экан. Оила вакиллари марҳум айнан ўз меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда вафот этган, деб ҳисобламоқда ва юқорида таъкидланган нафақалар берилишини сўрамоқда.

Ҳодиса аслида қай ҳолда юз берган эди?

Бу саволга аниқлик киритиш мақсадида автоҳалокат пайтида «Жигули» автомашинасида У.Аҳмаджоновнинг ёнида бўлган Ободонлаштириш бўлими ходимлари Лочинбек Мадғофуров ва Олимжон Раҳмонов билан суҳбатлашдик.

Эндигина касалхонадан чиққан Лочинбек Мадғофуров фожиа Риштондаги ҳашардан қайтишда рўй берганини таъкидлади.

«28 июль куни соат 22:30ларда Риштондаги ҳашардан қайтаёганимизда аварияга учрадик. Мен жароҳат олиб, ҳушимдан кетдим. Ёнимдаги Олимжоннинг икки оёғи синиб, оғир жароҳат олди. Кейин билсак, Улуғбек ака оламдан ўтибдилар.

Риштонга кетишимизда ЙПХ патрул машиналари кузатувида кетгандик. Қайтишда улар йўқ эди. Риштондан ҳашардан қайтаётгандик. Ичида ишчиларимиз бўлган автобус билан олдинма-кетин келаётгандик. Воқеани ишхонадаги барча ишчилар ҳам тасдиқлаши мумкин. Зарар пулларини билмадим-у, лекин ҳар ойда ишхонадан пластик картамга 1 миллион сўм тушиб турибди. Бироқ, дори-дармоннинг ўзига 10 миллион атрофида пул кетди. Бошқа ҳеч қандай пул олмадик. Таъкидлаб айтаман, ҳодиса «оммавий ҳашар»дан қайтаётганимизда рўй берган эди», дейди у.

Олимжон Раҳмонов бу ҳодиса қандай рўй берганини бошқа ҳашарчилар ҳам тасдиқлашини айтди.

«Ўша куни ҳашарда бўлганимиз ҳақида ҳақиқатни билмоқчи бўлсанглар, ўша куни автобусда биз билан бирга ҳашарга борган ва кетма-кет келаётиб бизни машинадан чиқариб олган ишчилардан ҳам сўрашингиз мумкин. Чиндан ҳам ўша куни ҳашардан қайтаётган эдик.

Мен жуда кўп оғриқларни бошдан кечирдим. Тирик қолганимга шукр қилиб яшаб юрибман. Лекин чўлоқ бўлиб қолдим. Ўзимга ҳеч нарсадан умид қилмайман. 500 минг сўм дори-дармонга беришди, 1,5 миллион сўм суғурта пули ҳам олдим. Касаба уюшмасидан ҳам пул чиқариб беришяпти», дейди Олимжон.

Қўштепа туман Ободонлаштириш бошқармасида

Қўштепага сафар давомида Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи М.Рўзибоев билан учрашиш насиб қилмади. Орадан бир кун ўтиб у билан телефон орқали боғландик. У йўл-транспорт ҳодисаси Риштон туманида эмас, Қўштепа тумани ҳудудида юз бергани, У.Аҳмаджонов ҳашар жараёнида Риштонда вафот этмагани, кўпчилик қатори Риштон ҳашарига мажбурий эмас, кўнгилли равишда, якшанба куни боргани ва унинг ўлими шунчаки бахтсиз ҳодиса бўлгани, ишига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

М.Рўзибоевнинг таъкидлашича, унинг қўлига вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармасидан ҳеч қандай сўровнома ёки хат келмаган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармасида

Вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармасида бўлиб, меҳнат муҳофазаси бўйича бош давлат техник инспектори Диёрбек Умаралиев билан суҳбатлашдик.

У Қўштепа туман Ободонлаштириш бошқармасига икки бор сўровнома жўнатгани, шахсан ўзи Қўштепа туманига бориб, сўровномани етказиб беришга уринганини билдирди. Бироқ Ободонлаштириш бўлими шу пайтгача ЙТҲ бўйича махсус текшириш ўтказмагани, «Н-1» шаклидаги далолатнома расмийлаштириш учун хабарнома жўнатишни пайсалга солаётганини айтди.

Иш берувчи қандай зарарларни тўлаши керак?

Меҳнат кодексининг 192-моддасига биноан, ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

Кодекснинг 193-моддасида эса зарар миқдори кўрсатилган бўлиб, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган.

Шунингдек, кодекснинг 194-моддасига биноан ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бир йўла бериладиган нафақа тўланиши ҳам керак бўлади. Масалан, бу миқдор ўртача 1 миллион сўм иш ҳақи оладиган ходим учун 72 миллион сўмни ташкил этади.

Марҳум У.Аҳмаджоновнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари, автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олган О.Раҳмонов ва Л.Мадғофуров ҳам Меҳнат кодексининг тегишли моддаларга асосан зарар тўловини олишлари мумкин. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-қарори билан тасдиқланган низом асосида вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси буйруғига асосан шакллантирилган комиссия томонидан махсус текширув ўтказилиши лозим.

Мазкур вазиятга ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши учун бевосита масъул бўлган идоралар - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясидан муносабат кутиб қоламиз.

Журналист Элмурод Эрматов

Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид