Ўзбекистон | 12:30 / 16.12.2019
13682
2 дақиқада ўқилади

Ёғоч-қириндили плиталар импортини қисқартиришга оид қарор лойиҳаси муҳокамадан олинди

«Ёғоч-қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан олинди. Бу маълумотни Kun.uz’нинг ҳукуматга яқин манбаси тасдиқлади.

Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси ноябрь ойи охирида норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилганди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасида республикага импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига (ТИФ ТН коди 4410), 2020 йил 1 январдан бошлаб қатьий 25 АҚШ доллари ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатьий 30 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи жорий этиш мўлжалланганди.

Яна бир маҳсулот импортини кескин қисқартириш кўзда тутилган қарор лойиҳаси муҳокамаси вақтида тадбиркорлар ва экспертлар жиддий эътирозларини билдиришганди.

Ўзбекистон мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати ассоциацияси ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турлари импортига акциз жорий этиш режасига муносабат билдириб, импорт ДСПга бож солиш ҳақидаги ушбу мантиқсиз қарор қабул қилинса, минглаб тадбиркорлар касод, ўн минглаб одамлар ишсиз қолишидан огоҳлантирган эди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам ёғоч-қириндили плиталар импорти бўйича акциз солиғига қарши чиққанди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид