Light | 17:23 / 17.12.2019
52963
4 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг овлоқ гўшалари: у ерларда ҳам одам яшайди

Катта шаҳарлар аҳолиси яшаш ва ҳаракатланиш қулайликларига аллақачон ўрганиб бўлди. Биз самолётларда учиб, юқори қаватларга лифт орқали чиқамиз, хонадонларимизга газ, электр ва иссиқ сув билан таъминланган. Баъзи инсонлар ўз ҳаётини шу қулайликларсиз тасаввур қила олмаслиги ажабланарли эмас. Аммо айни вақтда сайёрамизда цивилизация яратган имкониятлардан йироқда бўлган, бориш қийин ва деярли йўл кўринмайдиган ўлкаларда истиқомат қилаётган одамлар ҳам бор.

Масалан, Ҳинд океанидаги Сокотра оролида яшайдиган ўн минглаб кишилар жамоат транспорти ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас, чунки уларда фақат иккита йўл бор. 

Сокотра ороли, Ҳинд океани

Перунинг тоғли Ла Ринcонада шаҳрида 30 минг киши истиқомат қилади. Уларнинг уйлари шундоққина музлик устида жойлашган ва канализация ҳам йўқ. Маҳаллий аҳоли шахталарда симоб қазиб олиш билан шуғулланади. 

Ла Ринcонада шаҳарчаси, Перу

Тибет минтақасида жойлашган Медог округи аҳолиси тахминан 10 минг кишини ташкил қилади. 2013 йилгача бу ердаги йўллар жуда ёмон эди. Одамлар ўз уйларига етиб олиш учун 100 метр баландликдаги давомийлиги 200 метр бўлган кўприкдан ўтишлари керак бўлган. Хитойнинг бу олис бурчагида доимий равишда зилзилалар кузатилади, шунинг учун бу ерда қурилган магистрал йўл яроқсиз ҳолга келиб қолаверади. 

Медог округи, Тибет

Норвегиянинг 2000 киши истиқомат қиладиган Лонгйир аҳоли пункти қутб доирасининг ичкарисида жойлашган. Пункт ўз ҳудудидаги Жаҳон уруғ захираси сабабли машҳур бўлиб, бутун сайёрамизнинг ўсимликлари уруғлари эҳтимолий фалокат юз берган тақдирда тиклаш учун сақланади. 

Лонгйир, Норвегия

Тахминан 5000 киши истиқомат қиладиган Пасха оролига етиб бориш учун ҳам жуда кўп вақт талаб этилади — у қуруқликдан энг узоқ ороллардан бири ҳисобланади. Тинч океанидаги ушбу кичик ер майдони ўзининг ноёб тош шакллари билан танилган. 

Пасха ороли

Австралияда Лаяману деган митти ҳудуд бор, унда атиги 700 киши истиқомат қилади. Одамлар электр энергиясини генератордан олишади. Ҳафтада бир марта озиқ-овқат олиб келинадиган биттагина дўкон бор. 

Лаяману, Австралия

Аляска кенгликларидаги Каке ҳам шу жумладан. Балиқ овлашга ихтисослашган бу қишлоқчага фақат ҳаво ёки сув орқали бориш мумкин. У ерда 650 нафарга яқин киши яшайди, улар ўз ҳаётларини маҳаллий табиатнинг гўзаллигисиз тасаввур қила олишмайди.

Аляскадаги балиқчилар қишлоғи

Фақатгина қайиқ ёки вертолёт билан бориладиган ўлкалардан бири Сибирда — Бахта.  Бу ерда яшайдиган 300дан ортиқ киши ичимлик суви, телефон ва тез тиббий ёрдам пункти билан таъминланмаган. Уларнинг асосий фаолият тури — ов қилиш, балиқ овлаш, ёки истеъмолга яроқли ўсимликлар териш. 

Бахта, Сибирь

Атлантика океанининг жанубидаги Тристан-да-Кунья архипелаги дунёдаги энг чекка жойлардан бири ҳисобланади. Бу ердаги одамлар 270 кишилик битта катта оилада бирга яшашади. Улар фақат битта йўл ва генератордан олинадиган электр энергиясига эга.

Тристан-да-Кунья архипелаги

Мавзуга оид