Иқтисодиёт | 22:12 / 17.12.2019
12485
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда солиқ тушумлари миқдори бир йилда 1,5 баробарга ошди

2019 йил давомида давлат бюджетига солиқ тушуми миқдори 2018 йилга нисбатан 155 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мусаевнинг сўзларига кўра, қўмита олдига қўйилган йиллик режа – 75 трлн. сўм муддатидан олдин, декабрь ойи бошидаёқ бажариб бўлинган.

«Бундан ташқари яна 8 трлн. сўмлик қўшимча йиғим режалаштирилган ва бу ҳам йил якунига қадар бажарилади», – деди ДСҚ раиси сешанба куни матбуот анжуманида.

Унинг қайд этишича, Пенсия жамғармасига 19 трлн. сўмлик тушум режалаштирилгани ҳолда йил 25 трлн. сўм тушум билан якунланмоқда, яъни жамғарма янги йилни захира билан бошлайди.

Қўмита раҳбари тизимдаги ходимлар ҳақида гапирар экан, солиқ органларига ишга киришда таниш-билишчиликка чек қўйилганини айтди.

«Ҳозирги кунда солиқ тизимида 12 минг нафардан ортиқ ходим ишлаётган бўлса, уларнинг 33 фоизининг ёши 30 ёшгача. Аёллар 6 фоиздан 20 фоизгача ошган. Жорий йил давомида ишга қабул қилинган 600 нафардан ортиқ ходимларнинг аксарияти сайт орқали берилган эълонлар орқали жалб қилинган, яъни олдингидек таниш-билишчиликка чек қўйилган.

Яна 994 нафар талабгорнинг маълумотлари ўрганилмоқда. 217 нафар ходим турли давлатларда малака ошириб келган бўлса, 1195 нафари тизимдан четлатилган», – деди Беҳзод Мусаев.

Унинг қўшимча қилишича, ДСҚнинг узлуксиз ишловчи колл-марказларига йил бошидан буён 98600та мурожаат қайд қилинган.

Мавзуга оид