Ўзбекистон | 10:30 / 18.12.2019
8091
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти бюроси Ўзбекистонда туҳмат учун қамоқ жазоси бекор қилиниши режасини олқишлади

АҚШ Давлат департаменти Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бюроси ўзининг твиттердаги саҳифасида Ўзбекистон президентининг туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш нормасини бекор қилишга қаратилган топшириқларини олқишлаб чиқди.

«Биз Ўзбекистонда туҳмат учун қамоқ жазоси бекор қилиниши режасини олқишлаймиз. Мамлакат президенти айтганидек, матбуот - ҳукумат фаолиятининг кўзгуси. Демократия эркин ОАВ талаб қилади. Умид қиламизки, янги қонун халқаро меъёрларга мос равишда ҳеч қандай қўрқувсиз изчил ва мустақил ахборот беришни кафолатлайди», дейилади департаментнинг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бюроси хабарида.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қарор имзолаган, унга кўра туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш, журналистларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари ёки қарорларидан ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берилганди.

Кейинроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов бу қарорни изоҳлаб, мансабдор шахсларнинг журналистларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан ҳимоя қилиш тизими кучайтирилишини маълум қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид