Ўзбекистон | 18:33 / 19.12.2019
8966
3 дақиқада ўқилади

«Ҳозирги даврга мослашиш керак». Алламжонов газеталарнинг молиявий аҳволига тўхталди

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали Media hall’ида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтди.

«Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришлар шароитида фуқаролик жамиятининг ривожланиши» мавзусидаги тадбирда Президент халқ қабулхоналари - ҳокимият ва халқ ўртасидаги мулоқот воситаси экани, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари, ОАВ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ роли, сўз эркинлигини таъминлаш кафолати омили сифатида блогосферани ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов тадбир давомида газеталарнинг молиявий аҳволи ҳақида берилган савол жавоб қайтарди.

«Бугунги кунда нега интернет журналистика газеталарга нисбатан ривожланмоқда? Бу бугунги давр талаби, орқага йўл йўқ. Бугун газеталар ҳам секин-секин бунга мослашишга мажбур, шарт. Балки эшитилганда жуда ҳам қўпол эшитилар, лекин ҳозир қаттиқ бир шундай жараён кетяптики, газета журналистикаси интернет журналистикасига мослашиши керак. Бугун барча газета таҳририятларига ҳам биз тавсия беряпмизки, интернетга ўтишни секин бошлаш керак. Нега? Сабаби, интернетнинг аудиторияси газетанинг аудиториясига қараганда жуда ҳам катта ва ҳар бир ёзган журналист ўз материалини кўпроқ одам ўқишини, кўпроқ тарқалишини хоҳлайди. 

Бундан ташқари, иқтисодий аҳволи бўйича куни кеча президент қарори чиқди. Бу бўйича биз ҳозир таклифлар беришимиз керак, умуман, босма ОАВнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг ходимлари ойлик маошини кўриб чиқиш масаласида. Лекин, мен бу нарсани қандай қилиш ҳақида ўйлаяпман. Нега десангиз, давлат томонидан молиявий қандай ёрдам бўлиши мумкин. Унинг учун қандайдир жамғармалар бўлганида эди, у жамғармалар маълум бир грантлар асосида қўллаб-қувватласа. Бу нарса ҳам ҳозир кўриб чиқилмоқда, янги фондлар жорий қилиняпти, уларнинг молиявий манбалари белгиланяпти. Давлат аввал қандай ёрдам берган? Хабарингиз бор, мажбурий обуна қилиб берган. Мажбурий обунанинг ҳисобидангина газеталар фаолият юритган. Ҳозир энди ундай бўлишнинг иложи йўқ. Фақатгина ҳозирги даврга мослашиш керак, шундагина тўғри фаолият олиб бориш мумкин», - деди Комил Алламжонов.

Мавзуга оид