Ўзбекистон | 02:10 / 19.12.2019
11950
6 дақиқада ўқилади

МСК вакили: “Халқаро кузатувчиларнинг ваколати кенг, фақат Конституциямиз ва қонунларимизга риоя қилишлари шарт”

Ўзбекистон сайловлар остонасида турибди. Ҳар бир кун, ҳар дақиқа бизни бу муҳим сиёсий жараёнга яқинлаштирмоқда. Биз Марказий сайлов комиссияси аъзоси, юридик фанлари доктори Гулноза Исмоилова билан суҳбатда бўлдик.

– Гулноза опа, “Янги Ўзбекистон –  янги сайловлар!”, бу шиор биз учун нимани англатади?

– Ўзбекистон чиндан янгиланди. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар самарасига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мана шу янги даврдаги илк сайловларимиз албатта катта қизиқишга сабаб бўлди ва кўплаб хорижий давлатлар ўз кузатувчиларини бизга юбормоқдалар. Бу шиорнинг туғилиши ҳам бежизга эмас. Янги сайлов кодексини қабул қилдик, унда қатор ижобий ўзгаришлар, янгиликлар ўрин олган. Умид қиламизки, жойларда сайлов жараёни ва овоз бериш куни қонунларимизга мувофиқ, уюшқоқлик билан ўтказилади.

– Хорижий кузатувчилар ҳақида гапирдингиз, уларнинг сони неча нафарга етди ва яна қанчасини кутяпмиз?

– Бугунги кунга қадар (суҳбат 16 декабрь куни ёзиб олинган. Таҳр.) 180 дан ортиқ хорижий кузатувчига МСК томонидан аккредитация берилди. Улар узоқ ва қисқа муддатли кузатувчилар, яна айнан сайлов кунларига яқин  500-600* нафар кузатувчини кутяпмиз. Улар орасида турли давлатлар, йирик ташкилотлар, турли иттифоқлар вакиллари мавжуд. Ҳар қандай давлат ўз кузатувчисини юбормоқчи бўлса, тегишли тартибда мурожаат қилиши ва ҳужжатларини топшириб, рухсатнома олиши мумкин. Кузатувчиларнинг келиб-кетиш ва Ўзбекистонда бўлиш харажатлари ўз давлатлари ёки уларни йўллаган ташкилотлари ҳисобидан қопланади. Бугунги кунда халқаро ташкилотлар, жумладан ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, ЕХ ҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро кузатувчилар миссиялари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.

– Кузатувчиларнинг ваколатлари қай даражада?

– Биз халқаро кузатувчилар билан бирга маҳаллий кузатувчиларимиз ҳам иш олиб боришларини эътиборга олишимиз керак. Маҳаллий кузатувчилар қаторида авваллари фақат сиёсий партия кузатувчилари иштирок этган бўлса, Сайлов кодексида ўз аксини топган янгилик - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг иштироки ҳам жуда муҳим. Кузатувчиларнинг ваколатлари жуда ҳам кенг. Улар сайлов жараёнининг барча босқичларида, жумладан сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини кузатиш, овоз бериш жараёнида ҳамда бюллетенларни санаш, натижаларни ҳисоблаш жараёнларида ҳам иштирок этишлари мумкин.

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳам ўз фаолиятларини бемалол олиб боришлари мумкин. Фақат сайлов комиссиясининг фаолиятига ва сайловчининг овоз бериш жараёнига халақит бермаслик, унинг танловига таъсир ўтказишга уринмаслиги шарт. Умуман, Конституциямиз, қонунларимиз ва Сайлов кодексимизга риоя қилишлари керак.

Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтмоқчи эдим – қонунчилигимизга кўра, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин  сўровномалар ўтказилиши, Exit poll каби сайлов тахминий натижаларининг эълон қилиниши мумкин эмас. Сайловчининг эркин танловига халал бериш тақиқланади.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси, юридик фанлари доктори Гулноза Исмоилова

–Сайловлар борасида тўхталар эканмиз, балки жуда муҳим йўналиш – гендер тенглиги бўйича ҳам фикрлашсак. Бу борада 2019 йил катта янгиликларга бой бўлди. Айтинг-чи, сайловларда аёл номзодлар фаоллиги қай даражада ва фурсатдан фойдаланиб, сайловга бориш-бормасликни ўйлаб турган опа-сингилларимизга нима деган бўлардингиз?

– Албатта, жамиятимизда аёллар ўрни беқиёс. Сайлов қонунчилиги ва жараёнида, умуман давлат сиёсати даражасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалий чоралар аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларда давлат ва жамият ишларида иштирок этиш кафолатлари ўрнашганлигини кўришимиз мумкин. Биласизми, бир пайтлар қабул қилинган нормаларга кўра бу борада аёллар квотаси 30 фоиз қилиб белгиланган ва одатда 31-32 фоиз атрофида номзодлар кўрсатилар эди. Ҳозирги кунда аёлларимиз фаоллиги шу даражага бўлдики, уларнинг номзодлар орасидаги кўрсаткичи 42 фоизга етди. Бугунги кунда биз аёлларнинг сайлов комиссиялари тизимидаги иштирокининг ижобий динамикасини қайд этишимиз мумкин. МСКда хотин-қизлар сони 35 фоизгача ўсди (илгари 18 фоиз эди), округ сайлов комиссияларининг раҳбарлик лавозимларида 46 фоизгача (илгари 21 фоиз) ўсганини кузатишимиз мумкин. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири шу ватан равнақи учун ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган.

Сайловга борувчи аёлларимизга келсак, мен уларга қарата “Сизнинг овозингиз мана шу мамлакат келажаги учун жуда муҳим, бу жараёнда албатта қатнашинг ва муносиб номзодга овоз беринг. Зеро аёл, она сифатида сиз ҳам фарзандларимизнинг келгусидаги ҳаёти учун масъулсиз” деган бўлардим.

* Мақола эълон қилингунга қадар хорижий кузатувчилар сони 850 нафарга яқинлашгани маълум бўлди. Улар орасида Лихтенштейн, Кувайт каби давлат вакиллари ҳам бор.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди, тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид