Ўзбекистон | 14:44 / 20.12.2019
5206
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Хитой: Чэнду-Тошкент-Чэнду чартер рейси йўлга қўйилмоқда

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

28 декабрь куни Хитой Халқ Республикаси (ХХР) ва Ўзбекистон ўртасида Чэнду-Тошкент-Чэнду чартер рейси йўлга қўйилади. Чэнду шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимотига бағишланган анжуман доирасида шу ҳақида маълум қилинди.

Бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси Хитой Халқ Республикасининг қатор шаҳарларида сайёҳлик салоҳияти тақдимотини ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Навбатдаги тақдимот Сичуань провинциясининг Чэнду шаҳрида ўтказилиб, маҳаллий мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Унинг доирасида ўтган B2B учрашувлар эса келгусида икки давлат туристик ташкилотлари ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда сайёҳлар оқимини оширишда амалий натижаларга йўналтирилди.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б.Абдулазиз Аққулов ҳамда Loong Air авиакомпанияси президенти Лю И сўзга чиқишди. Улар икки давлат туризм соҳасини ривожлантириш йўналтирилган ҳамкорлик истиқболлари ва яқин орада очилиши кутилаётган янги маршрутлар ҳақида сўзлашди.

Жумладан, тадбир доирасида жорий йилнинг 28 декабрида Чэнду-Тошкент-Чэнду йўналишидаги чартер рейснинг йўлга қўйилиши ҳақида эълон қилинди. Янги йўналишдаги рейс Ўзбекистон ва Хитойга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш йўлида хизмат қилиши таъкидланди.

Маълумот учун: жорий йилнинг сентябрида Loong Air авиакомпанияси билан ҳамкорликда Сиань-Тошкент-Сиань чартер рейси очилган эди. Шу билан бирга, яқин кунларда Хуанчжоу-Сиань-Тошкент йўналишидаги мунтазам авиарейснинг очилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган.

Ўзбек миллий таоми - паловнинг анжуман залининг ўзида лаганларга сузилиб тортиқ қилиниши эса йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Жонли ижродаги ўзбек халқ қўшиқлари ҳамда миллий рақслар кечага ўзгача файз бағишлади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тадбирни ташкил қилишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчихонаси ҳамда Хитойнинг Loong Air авиакомпаниясига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Мавзуга оид