«Парламент журъатли бўла олмагани учун» – Алишер Қодиров Юнусободдаги фожиа сабаби ҳақида
Вакиллик органларига сайловлар арафасидаги демократик дебатларнинг сўнгги сони бугун, 20 декабрь куни бўлиб ўтмоқда.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, муҳокамалар вақтида «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Алишер Қодиров 18 декабрь куни Тошкент метросининг Юнусобод йўли қурилишида рўй берган фожиа ҳақида ҳам эслаб ўтган.
Сиёсатчининг фикрича, бу каби ҳодисаларнинг рўй беришига сабаб – парламентнинг ижро ҳокимияти олдида ўз характерини кўрсата олмаганида.
«Парламент шу пайтгача ижро ҳокимияти олдида ўзининг журъатли характерини кўрсатиб кела олмаган. Айнан шу сабабли кечагига ўхшаган мусибатли ҳолатлар бўляпти.
Агар парламент ижро ҳокимияти олдига масалаларни аниқ-лўнда қўя олганида эди, ижро ҳокимиятида масъулият ва қонунчилигимиздаги ҳозиргига ўхшаган муаммоли ҳолатлар бўлмаган бўлар эди», – деди Қодиров.
Партия етакчисининг таъкидича, парламент бу сафар журъатли бўлиши керак.
«Парламент ижро ҳокимиятида ўз ваколатлари доирасида керак бўлса вазирларга ишончсизлик билдира олиши керак.
Парламентнинг очиқ фаолият юритиши учун халақит берадиган айрим мезонлар сабабли депутатлар журъатли фаолият юрита олмаган, бу камчилигимизни тан оляпмиз. Халқимизнинг эътирози ҳам айнан шунда. Агар халқ ишонч билдирган ҳар бир вакил журъатли бўла олса, ижро ҳокимияти, ҳокимларнинг олдида тиззаси қалтирамасдан, ўзига овоз берган халқнинг ишончига таянган ҳолда масалаларни кескин қўя олса, бугунгига ўхшаган жуда кўп муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятига эга бўламиз», – деб хулоса қилди у.
Бугунги ваколат етарлими, деган саволга Алишер Қодиров: «Албатта, етарли», дея жавоб қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎзЛиДеП вакили Юнусободдаги фожиа учун мутасаддилар халқдан узр сўраши кераклигини айтган эди.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:59 / 12.07.2024