Ўзбекистон | 14:28 / 20.12.2019
17218
3 дақиқада ўқилади

Улуғбек Иноятов: «Олдинги даврда ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини ватанпарварликка йўйганмиз»

Фото: KUN.UZ

“Мен фикримда ҳозир ҳам қоламан. Беш юз минг сўм бир кишини боқиш учун етади. Ўн секунд дейилгани учун гапим чала қолиб кетди ”, деди Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов “Дебатдан сўнг” кўрсатувида. 

Иноятовнинг эътироф этишича, унда ҳали у даражада кўникма, билимлар етишмайди.

“Мен педагогман, мен менежерман. Сиёсатчи сифатида гапириш ўзига яраша мураккаб, малака талаб қиладиган соҳа экан”, деди у.

ХДП раиси ўринбосари Мақсуда Ворисованинг сўзларига кўра, юқорида айтилган рақам Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилган ҳисоб-китоблар асосида олинган. Партия вакилларининг айтишларича, бу ҳаттоки тўрт юз минг сўмни ташкил этган.

ХДП қайси партияни ўзига рақобатчи деб билиши тўғрисидаги саволга Иноятов “биз барча партияларни ўзимиз учун рақобатчи деб биламиз”, деб жавоб қайтарди.

Мақсуда Ворисованинг айтишича, олдинги чақириқда сайланган депутатларнинг асосий вазифаси юқоридан келган кўрсатмаларни маъқуллаш, шунга қараб режа тузиш ва бажариш бўлган. 

“Бизга ижрони назорат қилиш ҳуқуқи энди берилди, биз энди бажарилган ишлар бўйича ҳисобот талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлдик”, деди у.

Улуғбек Иноятов илгари халқ таълими вазири лавозимида ишлаган вақтида ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини ватанпарварлик деб билганини эътироф этди.

“Ўқитувчиларнинг пахтага чиқиши масаласида ўзим бош-қош бўлганман. Вилоятларга бориб, ўқитувчилар билан учрашиб, келинглар, бу халқимиз бойлиги, биз давлатдан маблағ оламиз”, деганман. Ҳукумат алмашганидан кейин вазир сифатида икки йил ишладим ва биринчи олган ҳайфсанимни ҳам мажбурий меҳнатга йўл очиб берганим учун олдим. Олдинги даврда тизим шунақа эди, чурқ этмасдан вазифани бажариш шарт бўлган”, деди у.

ХДП вакиллари шунингдек, партияларнинг мустақиллиги, тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш, мигрантлар тўғрисида ўз фикрларини баён этдилар.

Суҳбатни батафсил қуйидаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид