Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Халқ ишонган номзодига овоз беради
22 декабрь куни сайловчилар ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз беришади. Шу қисқа фурсатлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят ва туман-шаҳар Кенгашларига номзодини қўйган вакиллар сайловчилар билан учрашувлар ташкил этмоқда. Бу сиёсий жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши, туман ва шаҳар Кенгашларига кўрсатилган номзодлар ҳам фаол иштирок этишяпти.

26-Тошработ сайлов округидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлигига илгари сурилган номзод – вилоят ҳокими Қобул Турсунов ҳам сайловчилари билан учрашмоқда.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётган бу йилги сайловларнинг ўзига хослиги шундан иборатки, бу йил ҳар бир номзод кутилган даражадаги овоз олиш учун бевосита халқнинг олдига чиқиб, ўз сайловолди дастури билан таништирмоқда.


Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Қизил тепа туманидаги 13-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Бободўғи”, “Оқ работ”, “Қалаи азизон”, “Сарой” ва “Ўзилишкент” маҳалла фуқаролар йиғинлар аҳолиси иштирокида ўтказилган учрашув очиқ ва ошкора мулоқот тарзда кечди.
Дастлаб иштирокчилар номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирилди.


Шундан сўнг Қобул Турсунов ўз дастурида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, узлуксиз тарбия тизимини яратиш ва юксак маънавиятли, ватанпарвар авлодни тарбиялаш, мамлакат иқтисодиётида етакчи бўлган машинасозлик, электротехника ва текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш, иқтисодиёт тармоқларидаги технологик қолоқликни камайтириш мақсадида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги уйғунлик ва ҳамкорликни таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб олганлигини таъкидлади.

Учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан, жумладан, “Хўжақўрғон” маҳалласи ҳудудидаги қишлоқ врачлик бўлимини қайта тиклаш, “Қалаи азизон” маҳалласида спорт мажмуаси қуриш, Тошработ массиви марказий кўчасида транспорт қатновини тартибга олиш, 29-умумтаълим мактабида ўқувчилар учун ошхона қуриш, шунингдек, 26-мактаб қошида аниқ фанларга ихтисослашган “Қоракўл” мактаби филиалини ташкил этишда амалий ёрдам бериш юзасидан мурожаат қилишди.
Номзод сайловчиларнинг барча саволларига атрофлича жавоб қайтарар экан, учрашувда кўтарилган масалаларнинг барчаси ижобий ҳал этилишини таъкидлади.

Албатта, бу йилги сайловда “Миллий тикланиш” партияси юқори натижага эришишни мақсад қилган.Жумладан, партия ғоялари, сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этиш мақсадида “Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!” шиори остида тадбирлар ташкил этиляпти. Яқиндагина Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуаси олдида, шунингдек, Конимех тумани Зафаробод қўрғони 5-кон бошқармаси маданият саройида ана шундай тарғибот-ташвиқот учрашуви бўлиб ўтди. Уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашларига партиямиз томонидан кўрсатилган номзодларимиз иштирок этишди.
Ўтказилаётган тадбирларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизда миллий ўзликни англаш ҳиссини ўстиришга ҳаракат қилар экан, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва янада кўпайтиришга кўмаклашиш, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқнинг миллий қадриятларига ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби кенг кўламли вазифаларни амалга ошириб келаётганлиги таъкидланмоқда.

Жумладан, тадбирларда “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов сўзга чиқиб, партия “Инсон ўзгармаса — жамият ўзгармайди” шиори остида аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифати узлуксизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, миллий урф-одатларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш каби эзгу мақсадларни устувор билиши, шунингдек, Партия мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар соҳасига алоҳида эътибор қаратади. Бағрикенглик ва инсонпарварликни кенг тарғиб этиш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашни давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

Партиямиз Ўзбекистоннинг эртанги кунини иқтисодий ривожланган, бой маънавий-маърифий меросга эга, кучли фуқаролик жамиятига асосланган, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланган, ҳимоя қилинган, сиёсий жиҳатдан нуфузи баланд мамлакат сифатида кўрмоқда.
Бу борада биз узлуксиз тарбия асослари концепциясини яратиш, узлуксиз таълим билан бир қаторда узлуксиз тарбия тизимини шакллантириш ҳамда узлуксиз таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш таклифларини илгари сурмоқдамиз.
Зеро, мамлакатимизда бошланган янги давр шиддати таълим-тарбия соҳасига ҳам аниқ ва қатъий талаблар қўймоқда. Партия Ўзбекистонда ёшлар тарбияси узлуксиз тарбия тизими орқали миллий ғоя негизида аниқ, бугунги талаблар, таянч билим ва фазилатлар асосида шаклланишини қўллаб-қувватлайди.

Оилавий ҳамжиҳатлик, кексаларга ҳурмат ва болаларга ғамхўрлик каби оилавий анъана ва қадриятларни тарғиб этиш, жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш мақсадида ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, соғлом ва мустаҳкам оилалар сонини янада кўпайтиришга кўмаклашади.
Юртимизда мавжуд маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Мамлакатимизда музейшуносликни ривожлантириш, мавжуд музейларнинг моддий-техник базасини замонавий, илғор инновацион технологиялар асосида мустаҳкамлаш, уларнинг моддий фондини бойитиш ҳамда музейлар инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда хорижий давлатларда сақланаётган халқимиз тарихига оид қадимий қўлёзма, китоблар ва бошқа осори атиқаларни юртимизга қайтариш ишларини жадаллаштириш ҳам сайловолди дастуримиздан ўрин олган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, партиямиз ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда сайловда фаол иштирок этишни, парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилмоқда.
Барчангизни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беришга чақирамиз.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Навоий вилояти Кенгаши матбуот хизмати.
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
16:11 / 16.07.2020
«Вирус бутун дунёда тиббиёт имкониятларини йўққа чиқармоқда» — «Миллий тикланиш» раиси ўринбосари шифокорларни айбламасликка чақирди
13:10 / 14.05.2020
“Миллий тикланиш” демократик партияси: Эркин иқтисодий зоналар учун алоҳида агентлик ташкил этиш лозим
20:50 / 07.01.2020
Алишер Қодиров: Сайловчилар онгини ҳам ўзгартиришимиз керак
18:00 / 23.12.2019