Жамият | 22:18 / 21.12.2019
55349
3 дақиқада ўқилади

«Амирсой» тоғ-чанғи курорти расман очилди

Бугун, 21 декабрь куни, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Чимён” дам олиш маскани негизида “Амирсой” тоғ-чанғи курорти очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Актота Раимқулова, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, “PGI Management” компанияси раҳбари Томас Тор-Йенсен ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Маросимни Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Амирсой” тоғ-чанғи курорти икки йил олдин Президент ташаббуси билан бошланган лойиҳа эди. Унинг 2 та босқичининг биринчиси ўз ниҳоясига етказилди. Бунга 80 млн евродан ортиқ инвестиция киритилди. Ҳукумат томонидан йўл, электр қуввати инфратузилмаси ҳам яратиб берилди. Ушбу курорт 800 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бўлиб, 580 ўринга мўлжалланган. 

Мавзуга оид: Фотожамланма: “Амирсой” тоғ-чанғи курорти меҳмонларга хизмат кўрсатишни бошлади

Курортнинг бир нечта муҳим жиҳатларини санаб ўтмоқчиман. Биринчиси, ижтимоий аҳамияти: меҳмонларга хизмат кўрсатувчи шахобчалар очилиши эвазига маҳаллий аҳоли учун кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Иккинчиси, иқтисодий аҳамияти: транспорт ва бошқа турдаги хизматлардан келадиган даромад иқтисодиётга фойда олиб келади. Учинчиси, туризм салоҳияти: илгарилари Ўзбекистонга асосан, баҳор ва ёзда сайёҳлар келарди. Эндиликда курорт очилиши муносабати билан қишда ҳам сайёҳларни кутиб олиш имкониятимиз бор. Шу тариқа Ўзбекистонда йил бўйи туристик оқим тўхтамайди, деб умид қиламиз”, - дея унинг сўзларини келтирмоқда kun.uz мухбири.

“Амирсой” тоғ-чанғи курортини ишга тушириш учун Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания ва Дания каби давлатлардан етакчи лойиҳачи компаниялар жалб этилган бўлиб, хавфсизлик масалаларига алоҳида аҳамият берилган.

Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни олиб бориладиган профилактик ва ҳудудни тозалаш ишлари туфайли “Aмирсой” тоғ-чанғи курорти ўз фаолиятини тўхтатиб туради ва меҳмонларнинг ҳудудга кириши тақиқланади. 23 декабрдан курорт фаолиятини давом эттиради.

Мавзуга оид