Ўзбекистон | 18:10 / 22.12.2019
15652
3 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ миссияси раҳбари Ўзбекистондаги ҳозирги сайловни 2016 йилгиси билан таққослади

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Тана де Зулуета 22 декабрь куни Тошкент шаҳридаги 883-сайлов участкасида бўлиб, жараён билан бевосита танишди.

«Илк маротаба Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун ЕХҲТ номидан бунчалик катта гуруҳ (316 нафар кузатувчи – таҳр.) ташриф буюрди. Жами 37та мамлакатдан вакилларни сайловни кузатиш учун жалб қилганмиз», ─ деди хорижлик кузатувчи журналистлар билан суҳбатда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Тана де Зулета хорижий кузатувчилар учун ҳеч қандай тўсқинликлар йўқлигини эътироф этган.

«Белгиланган нормаларга кўра, кузатувчилар сайлов жараёнларига аралашмайди. Фақатгина четдан кузатади. Агар қандайдир камчиликлар ва хатолар аниқланса, улар ҳақида ҳисобот қилиб, эртанги матбуот анжуманида тақдим этилади.

Кузатувчилар учун Марказий сайлов комиссияси ва ҳукумат томонидан керакли ресурслар ажратилган. 2016 йилги сайловларда биз биринчи кузатувимизни амалга оширган эдик. Ўша пайтда кузатувчилар сони учун муайян лимитлар белгиланган. Ҳозир эса ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас. Бу Ўзбекистон учун яхши натижа. Кузатувчилар сони учун чекловнинг йўқлиги сайлов жараёнларида шаффофлик, очиқликни таъминлайди.

Бундай жараёнларда давлатларнинг бир-бирини кузатиши ва тавсиялар бериши сайлов жараёнларини яхшилаш, ундаги очиқликни таъминлашга катта ёрдам беради», ─ дея таъкидлади Зулуета хоним.

ЕХҲТ вакили овоз бериш жараёнида сайловчига барча номзодларга қарши эканини ифода этиш ҳамда мустақил номзодни белгилаш имкони берилиши қанчалик муҳим, деган саволга қуйидагича жавоб берди.

«Баъзи давлатларда сайлов бюллетенига кўрсатилган барча номзодларга қаршиман, деган қисм ҳам киритилади. Лекин шахсан ўзим бунга гувоҳ бўлмаганман. Фикримча, бюллетенга бундай қисмни киритмаган ҳолда ҳам сайловларни яхши ташкиллаштириш мумкин.

Сайловчи мустақил номзодлар исмини бюллетенга киритишига келсак, бундай имконият бўлиши керак. Бу бўйича бундан аввалги сайловларда ҳам, бу гал ҳам ўз тавсияларимизни ҳукуматга берганмиз», – деди ЕХҲТ миссияси раҳбари.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги бугунги сайловларни ўнта халқаро ташкилотдан, дунёнинг 50дан ортиқ давлатидан келган 825 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид