Ўзбекистон | 10:10 / 23.12.2019
27880
2 дақиқада ўқилади

Миришкорда овоз бериш жараёни якунланишига чироқ ўчди. Ҳолат прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси Миришкор туманида овоз бериш жараёни якунланиши билан (соат 20:00да) сайлов участкасида свет ўчгани, шундан кейин сайлов комиссияси аъзолари сайлов қутисига сохта бюллетенларни ташлашга урингани ҳолати юзасидан муносабат билдирди.

«Fасebook ижтимоий тармоғининг «Халқ билан мулоқот» гуруҳидаги блогер Каримберди Турамуроднинг «Кўрдим, чироқни ёқ!» сарлавҳали хабар Қашқадарё вилоят сайлов комиссияси томонидан ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексининг 10-моддасида қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт деб таъкидлаб ўтилган.

Хабар ва унга илова қилинган видеотасвирдаги маълумотлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун Миришкор туман прокуратурасига тақдим этилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Сайлов кодексининг 96-моддасида сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган», дейилади Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси хабарида.

22 декабрь куни блогер Каримберди Тўрамурод Миришкор тумани Жейнов шаҳарчасидаги 850-Каттапой сайлов манзилида рўй берган ҳолат видеосини эълон қилган, унда соат 20:00да свет ўчиши билан сайлов комиссияси ходимлари Қашқадарё вилояти кенгаши депутатлигига номзод бўлган Абдувоҳид Турдиалиевич Бегалиев фойдасига тўлдирилган бюллетенлар боғлами сайлов қутисига ташлаб юборилгани ҳақида айтилганди.

Мавзуга оид