Жамият | 20:21 / 23.12.2019
9810
2 дақиқада ўқилади

АОКАнинг «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасидаги «Совғалар карвони» хайрия акцияси бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида «Совғалар карвони» хайрия акцияси бошланди.

12 та машинадан иборат карвон юртимизнинг барча 12 та ҳудудидаги кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларига совғаларни етказади.

«Энди ҳар бир интернат замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари ва Брайл алифбосида чоп этилган кўплаб босма ҳамда аудио китобларга эга бўлади.

Умид қиламизки, Агентликнинг ушбу акцияси сизнинг қалбингизга илиқлик олиб киради, сизга Янги йилнинг байрамона кайфиятини туҳфа этади ва саломатлигингизни мустаҳкамлашга, кўзлаган мақсадларингизни амалга ошириш ва ҳаётий ғалабаларга эришишингизга ёрдам беради», — деди Агентлик директори ўринбосари, лойиҳа раҳбари Саида Мирзиёева.

Мазкур акция доирасида Хоразм вилоятига келган "Совғалар карвони” Хива шаҳар 121-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига етиб келди.

Мактаб-интернат ўқувчиларига замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари, электрон техника воситалари, ширинликлар ва Брайль алифбосида чоп этилган кўплаб босма ҳамда аудио китоблар топширилди.

Шунингдек, бугун Қашқадарё вилоят 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида ҳам ўқувчиларга совғаларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Жиззах шаҳрига кириш постида тантанали кутиб олинган “Совғалар карвони” шаҳардаги Кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига етиб келди.

Мактаб-интернати тантаналар залида бўлиб ўтган тадбирда ўқувчилар хайрия акцияси доирасида ўзлари учун ажратилган совғаларга эга бўлишди.

Мавзуга оид