Жамият | 19:07 / 23.12.2019
55554
4 дақиқада ўқилади

Тўғри йўлдаги «самарқандлик Робин Гуд»: у бўлиб ўтган ишлардан таассуфда

Самарқандлик Бекзод Толибжонов 2018 йил бошида автомобил давлат рақамларини ўғирлаб, уларни қайтариб бериш учун эгаларидан арзимаган пул талаб қилгани учун қўлга тушган эди.

У автомобиль давлат рақамини қайтариб бериш учун 5 доллар миқдорида «товон пули» сўраган. 2000 йилда туғилган Бекзод жабрланувчининг автомобили олд ойнасига қуйидагича хат қолдириб, тўловни «Qiwi» электрон ҳамёни орқали амалга оширишни талаб қилган.

Толибжонов ўз «хизмати» учун талаб қилаётган пулларининг бир қисмини хайрли ишларга сарфлашини ваъда қилгани учун «самарқандлик Робин Гуд» лақабини олган эди.

Ўша қилган қилмишидан пушаймон ва айни пайтда ҳаётдаги тўғри йўлини танлаб олган Бекзод таҳририятимизга мурожаат қилди.

«2018 йилда мен бир жиноятга қўл урдим ва бундан ҳозир жуда афсусланаман. Бу ишим ҳаётимда ўз аксини қолдирди...» — дейди у.

Бекзод ўз қилмишига яраша жазосини олгач, тўғри хулоса чиқариб, ҳаётини изига тушириб олди.

«Мен Ригадаги университетлардан бирига ўқишга кирдим. Бироқ афсуски, виза беришмагани учун ўқишга бора олмадим. Ҳозирги кунда мен мобил қурилмалар таъмири бўйича хизмат кўрсатмоқдаман. Шунингдек, турли аксессуарлар — смартфонларга ғилофлар сотаман. Янги хизмат кўрсатиш нуқталари очмоқчиман», — дейди Б.Толибжонов.

У жиноят содир этгач, нималарни бошдан кечирганини ҳам қисқача сўзлаб берди:

«Ўша жиноятга қўл урганимдан сўнг мен муаммолар гирдобида қолдим. Табиийки, бу ота-онамга ҳам таъсир қилди, кўплаб яқинларим, қўшниларим мен билан гаплашмай қўйишди. Кўплаб дўстларим ҳам мен билан алоқа қилмай қўйишди. Бундай яккалаш, афсуски инсоннинг келажагига ёмон таъсир кўрсатар экан», — дейди у.

Шундан сўнг қандай қарорга келганидан ҳикоя қилди:

«Биринчи суд мажлисидан сўнг ўзимнинг биринчи ишимни очдим — реклама агентлиги. Биз бинолар фасадига катта реклама баннерларини ўрнатар эдик. Мижозлар топардик, улар билан келишардик. Икки ойча ишладик, лекин бу иш ўзини оқламади. Вақтинча тўхтатдик. Ноябрь ойидан бошлаб аксессуарлар дўконини очдим. Энди ўз ишимизни ривожлантираяпмиз».

Бекзод биз билан суҳбат асносида бошқа тенгдошларига қисқача тавсиялар ҳам берди.

«Мен барча ўз ишини очиб шуғуллансин, деган бўлардим. Ҳозир тадбиркорлар йили. Ўз ишингизни очиш учун имконият кўп. Ҳозирги кунда онлайн, интернет дўконлар тобора ривожланиб бормоқда. Ўзингиз маҳсулот ишлаб чиқармасангиз ҳам ўртада воситачилик ҳам қилишингиз мумкин. Бир пайтлар мен таваккал қилиб қўл урган иш билан шуғулланиш ярамайди», — деди Бекзод Толибжонов.

Ҳа, ҳозир 19 ёшдаги Бекзод ўтган йили ўйламай-нетмай содир этган қилмишидан афсусда. Ҳаётда ўз ўрнини топиш учун тўғри йўлда ҳаракат қилмоқда. Биз унга муваффақият ва омад тилаб қоламиз.

 Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ суҳбатлашди.
Тасвирчи – Фахриддин ҲОТАМОВ.

Мавзуга оид