Ўзбекистон | 16:27 / 24.12.2019
64599
18 дақиқада ўқилади

Эксперт: Россия иқтисодиёти ЕОИИга аъзо кичик иқтисодиётларни «ютиб юборади»

Ўзбекистон ҳозирги рақобатбардошлик даражаси ва номукаммалликлар билан ЕОИИга кириши тўғрими? Мамлакат минтақавий интеграцияни ЕОИИ шаклида чуқурлаштиришга қанчалик тайёр? Иқтисод фанлари доктори Орифжон Намозов Kun.uz учун ёзган мақоласида айни мавзудаги қарашларини баён этди.

Фото: РЖД-Партнер

Жуда ишончли кўриниши мумкин бўлган алоҳида кўрсаткич ёки ўлчовларга асосланган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак. Ижобий ва салбий томонларнинг оддий рўйхатидан ташқарига чиқиб, бунга компаниялар, соҳалар ва мамлакатнинг рақобатбардошлиги нуқтайи назаридан тизимли равишда қараш лозим.

Етуклик ва лаёқат, ички иқтисодиётнинг имкониятлардан фойдаланишга қанчалик тайёрлиги ва ЕОИИ доирасидаги хавф-хатарларнинг олдини олиш – энг асосий масалалар ҳисобланади. Ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини албатта кафолатлайди, деб бўлмайди.

EОИИ билан боғлиқ вазиятда биз ташқи савдонинг қисман либераллашуви эмас, балки миллий бозорларнинг умумий либераллашуви ва бирлашувига дуч келамиз. ЕОИИнинг интеграциявий платформаси «тўрт эркинлик» — товарлар, хизматлар, меҳнат ва капитал ҳаракати эркинлигини беради. Шу тарзда, ЕОИИ комплекс ёки тизимли интеграцион платформа ҳисобланади.

Аслида, бундай тизимли минтақавий интеграция – қиммат сиёсатдир. Буни ички иқтисодий иммунитети бор, статик ва динамик кучга эга бой ва ишлаб чиқариши етарли бўлган жамиятлар ўзларига раво кўришлари мумкин. Билимлар, технологиялар, давлат бошқаруви ва корпоратив менежментни тез ҳамда муваффақиятли ривожлантираётган, институционал жиҳатдан ўсиб бораётган жамиятлар ҳам либераллаштиришни яхши амалга ошира олади. 

Институционал етуклик танқислиги

Бугунги кунда ислоҳотлар йўлининг ярмида тўхтаб қолган жамиятлар ўртасида интеграция жараёнларини чуқурлаштириш учун зарур шароитлар пишиб етилди, деган фикрга қўшилиш қийин. ЕОИИ бир қарашда, жонли ва фаол мавжудотга ўхшайди. Аммо, бу иттифоқнинг истиқболида ҳам МДҲдаги каби қисман мавҳумлик ва мўртлик кўринади. ЕОИИнинг шаклланиши ва илгари сурилиши жараёнининг баъзи белгилари Москвадаги марказ билан советча ёки неосоветча интеграцияни эслатади. Кичик иқтисодлар ушбу ҳукмдор марказнинг атрофида бўлади.

Марказий Евросиё ва Марказий Осиёнинг асосини ташкил этувчи қўшни давлатлар объектив тарзда интеграциялашувга маҳкум. Бироқ давлатлар шунчаки интеграция учун бирлашмайди, балки аниқ мақсадларни кўзлайди ҳамда аниқ манфаат кутади, муқаррар харажатларни эса камайтиришни хоҳлайди.

Энг катта тўсиқ ҳам айнан шу ерда. Интеграциянинг у ёки бу модели ҳар бир потенциал иштирокчини қониқтирмаслиги мумкин. Интеграция моделини танлаш ҳар бир иштирокчининг ички институционал, иқтисодий, сиёсий, илмий-технологик ва бошқа кўп қиррали етуклигига боғлиқ.

ЕОИИ ва МДҲ давлатларидаги жамиятлар ва уларнинг иқтисодиёти аксар жиҳатдан ҳануз постсовет босқичида қолмоқда. Чорак аср давомида кўп нарсалар ўзгарди, лекин давлатлар постсовет трансформацияси инерциясидан тўла қутула олганларича йўқ – жамиятдаги барча тизимларни янгилаб, технологик ва ижтимоий тараққиёт йўлига чиқиб олишмади.

ЕОИИга қанақа иқтисодий мерос билан кирмоқчимиз?

Ўзбекистон, агар қарор қабул қилган тақдирда, қанақанги институционал, структур, соҳавий ва макроиқтисодий кўрсаткичлар билан ЕОИИга киришига аниқ баҳо берилиши керак. Янги иттифоқ мамлакатнинг товар, меҳнат ва пул бозорларига янада қатъий шартлар ҳамда бозордаги қўшимча мавҳумликларни олиб келади. Ўйиннинг мураккаб қоидаларига қарши тура олиш ва муносиб жавоб бериш учун давлат иқтисодий сиёсатининг барча соҳалари янги босқичга кўтарилиши лозим.

Ҳозирча сўнгги 20 йил давомида чуқур давлатлашган Ўзбекистон иқтисодиётида принципиал ёки тизимли ўзгариш юз бермаганлигини кўрмоқдамиз. Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши оқибатларига баҳо бериш учун мавжуд бозор, макроиқтисодий ва саноат сиёсатининг моделларига назар ташлаш керак бўлади. Улар иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги шаклланадиган асосий бозорларда қандай натижалар берганини кўриб чиқиш лозим.

Иқтисодий сиёсат йўналишларини амалга оширишда юқори инфляцион кутилмалар ҳамда сиёсатчилар орасидаги мувофиқлашувнинг сустлиги турли сабабларга кўра сақланиб қолмоқда. Харажатлар ва талаб инфляцияси у ёки бу даражада бюджет харажатларининг экспанцион сиёсати, қатъий солиқ сиёсати, валюта курсининг сакровчи девальвацияси, ташқи ссудалар ҳисобига давлат сектори корхоналарини кредитлашнинг кучайиши ва бюджет сектори ходимларининг иш ҳақини ошириш, коммунал тўловларнинг ошиши, энергия нархининг ўсишини шакллантирмоқда.

Конвертациянинг жорий этилиши ва валюта бозори либераллаштирилганига қарамай, иқтисодиётнинг долларлашув даражаси ўсмаган бўлса-да, ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Меҳнат бозори таркибий ишсизликни бошдан кечирмоқда ва талабдан ортиқча таклиф этилаётган ишчи кучи хорижий мамлакатларга кетмоқда. Хўжалик юритувчи субъектлар муҳитида мавҳумлик сақланмоқда. Иқтисодиётнинг валюта оқими каналлари — олтин ва минерал маҳсулотлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари, хорижий кредитлар ва инвестицияларга боғланиб қолганлиги туфайли «голландча касаллик» хавфи шаклланмоқда.

EОИИга аъзо бўлинса, давлат бошқаруви сифати ва бюрократия муаммоси интеграция жараёнларини бошқаришдаги кескин институционал чорлов бўлиб қолади.

Корпоратив сектордаги давлат тадбиркорлигининг самарадорлиги билан боғлиқ вазият мавҳумлигича қолмоқда. Ушбу сектор ички ресурсларни ҳам, ташқи қарзларни ҳам «емоқда». Ўзбекистон Марказий банкининг маълумотларига кўра, мамлакат хусусий ташқи қарзининг 75 фоизи нефть-газ ва энергетика соҳаларига йўналтирилган.

Агар бундай мерос билан ЕОИИга кириладиган бўлса, бизнес ва миллий иқтисодиёт бозорнинг янада кескин шартларига қандай жавоб қайтара олади? Айрим экспертлар «либераллаштириш омили» деб атаётган ички бозорда сақланиб қолган кескинлик нархлар, фоиз ставкалари ва валюта курсларининг мавҳумлиги ва ўзгарувчанлиги учун қўшимча омилларга эга бўлади. Ҳукуматнинг иқтисодий ишлардаги улуши юқори бўлган ҳолларда таҳлил, мувофиқлаштириш ва қарорларни қабул қилишнинг макроиқтисодий тизими аниқ ва мукаммал бўлмайди.

Аслида, ЕОИИга аъзо давлатлар макроиқтисодий ва саноат сиёсати, юмшоқ куч сиёсати, институционал ва таркибий ислоҳотлардан фойдаланган ҳолда ягона иқтисодий маконда рақобатлашади. Яъни, давлатдаги макроиқтисодий ва саноат сиёсатининг самарадорлигини меҳнат бозорлари, маҳсулотлар ва пулларнинг рақобатбардошлик даражаси билан баҳолаш мумкин.

ЕОИИга киришдан ушбу сиёсатлар яхши ташкил этилган, бандлик, даромад ва омонатларни ошираётган, инфляцион кутилмалар ва ноаниқликларни самаралироқ бошқараётган, миллий экспорт базасини муваффақиятли мустаҳкамлаётган, инсон капиталига кўпроқ сармоялар киритаётган, меҳнат ресурсларидан яхши фойдаланаётган давлатлар кўпроқ ютади.

Камроқ муваффақиятга эришган мамлакатда макроиқтисодий ва саноат сиёсати ички бандлик, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспорт базаси ва меҳнат унумдорлигини оширишни рағбатлантирувчи тизимли ижобий ўзгаришларни таъминламайди. Шундай қилиб, ЕОИИга аъзо бўлиш ривожланган иштирокчи давлатга унчалик ривожланмаган аъзо давлатларнинг даромад ва жамғармалари ҳисобига ўз иқтисодий ўсишини рағбатлантириш имконини беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги товар, капитал, технология ва меҳнат оқими, албатта, ҳар икки йўналишда ҳам мавжуд. Давлатнинг тариф ва нотариф тўсиқлари, кўплаб қоидалар, жараён ва чекловлар иқтисодиётни ўраб туриш ёки иқтисодиётга нисбатан таъсирни камайтиришга «ёрдам бермоқда» – улар ЕОИИнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири йўналиши ва миқёсини камайтиради ва назорат қилади. Аммо интеграцион платформага эҳтимолий кириш билан ЕОИИнинг таъсири сезиларли даражада ошади. Шунга мос равишда, Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг турли йўналишлардаги мустақиллиги ва бошқарув қобилияти сезиларли даражада камаяди.

Советча муносабат ва ЕОИИ иқтисодиётларининг бир хиллиги

ЕОИИ ва МДҲ мамлакатларини солиштирганда, ҳанузгача бошқарув, бизнес, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа институтлар совет ўтмиши туфайли умумий ўхшашликларга эга, бир шаклда эканини эътироф этиш керак. Давлатлар самарадорлик ва рақобатбардошлик янгича босқичда ишлайдиган янги маданий-мафкуравий ва иқтисодий-технологик сакраш қила олмадилар.

Бир томондан, биз гўёки самарали интеграция учун зарур шарт-шароитларга эгадекмиз, чунки бизда сиёсатчилар, бюрократлар, ижодкор зиёлилар ва кенг омма онгидан ҳали ўчиб кетмаган бой совет ўтмиши мавжуд. Бугун янги бирлашувни қўллаб-қувватлаётган сиёсатчилар ёки зиёлилар етарлича топилади.

Дарҳақиқат, маданий-цивилизацион ва иқтисодий-технологик бир хиллик интеграция учун рационал асос яратади. Евросиё Тараққиёт банки тадқиқотчилари «боғловчи интеграция» концепциясини илгари сурдилар. Уларнинг концепциясига кўра, «боғловчи интеграция — яқин вақтгача ягона сиёсий ёки иқтисодий бирлашма (унитар давлат ёки мустамлака империяси) таркибига кирган ва юқори даражадаги иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни сақлаб қолган бир гуруҳ мамлакатлар томонидан илгари сурилган минтақавий интеграция лойиҳасидир».

Бошқа томондан, «боғловчи интеграция» руҳидаги турли жараёнлар бугунги кунда ЕОИИсиз ҳам мавжуд. Масалан, Ўзбекистон ШҲТ, Туркий иттифоқ, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувлари ва бошқалар доирасида иш олиб бормоқда.

Аммо ЕОИИга кириш қисман интеграцияни «тизимли боғловчи интеграция» даражасига кўтаради.

Бунда қандай хатарлар мавжуд?

Биринчидан, алоҳида глобал самарасиз иқтисодиётлар бир оз каттароқ глобал самарасиз иқтисодиётга бирлашади.

Иккинчидан, ЕОИИнинг оғирлик маркази Россия томонга монополистик тарзда тақсимланади.

Учинчидан, глобал ҳамжамият билан интеграциялашувнинг муқобил йўлларини ривожлантириш салоҳияти пасаяди, чунки иттифоқ қоидалари миллий давлат ривожланиш стратегияларининг серқирралигини чеклаб қўяди.

Тўртинчидан, ЕОИИга қўшилиш учун каттагина қийматда тўлашга тўғри келади: ҳар қандай чуқур интеграция ЕОИИ бозорларида иттифоқ стандартларини ишлаб чиқиш, келишиш, уйғунлаштириш ва жорий этиш учун сезиларли инвестицияни талаб қилади.

Қандай қилиб EОИИда рақобат ва бир-бирини тўлдириш ўртасида балансга эришиш мумкин?

ЕОИИ асосчилари постсовет мамлакатлари иқтисодиётлари турли миллий йўналишларни ўзаро тўлдириш имкониятига эга деб ишонишади. Совет иқтисодиётида саноат ва таркибий республикалар ўртасидаги маъмурий-режалаштирилган бир-бирини тўлдириш модели идеал тарзда амалга оширилганини эсласак, буни тушуниш мумкин. Аммо янги воқеликда биз республикаларнинг ишлаб чиқариш тизимлари ўртасида бир-бирини тўлдиришни эмас, балки рақобатни кўрмоқдамиз.

МДҲ ва ЕОИИ давлатлари миллий рақобатбардошликни яратишга эътибор қаратган. Ҳозирги кичик иқтисодга эга аъзолар ва потенциал шериклар ЕОИИга Россия бозоридаги ёки бирлашган яхлит бозордаги қўшимча экспорт имкониятлари нуқтайи назаридан қараётгани мантиқан тўғри. Россия бозори учун курашнинг бу табиий омили Россиянинг қаршилигига дуч келади.

Иштирокчилар ўртасидаги яширин ва ошкора савдо урушларидан Россия иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан секин-аста ютуқларга эришмоқда. Бунга Россия ва Беларуснинг интеграциявий тажрибаси яққол мисол бўла олади: бунда кичик иқтисодиёт энергетик ва экспорт жиҳатдан катта бозорга жиддий қарамликни бошдан кечирмоқда. Иқтисодий жиҳатдан Россияга қарам бўлиб қолишга йўл қўйилиши истиқболда миллий суверенитетнинг кичик ёки катта ҳажмда йўқолитилиши олиб келиши мумкин.

Умуман олганда, ҳар қандай чуқур интеграция платформаси миллий иқтисодиётларнинг рақобати ҳамда бир-бирини тўлдириш принциплари ва манфаатларининг мувозанатига асосланади. Интеграция платформаси орқали боғланган давлатлар манфаатлар мувозанатини топишга ҳаракат қилади. Ҳаттоки энг мустаҳкам ва етук интеграция платформалари ҳам зиддиятлардан кафолатланмаган. Аммо ЕОИИ билан боғлиқ ҳолатда рақобат ва ўзаро бир-бирини тўлдиришнинг самарали мувозанатини топиш жуда қийин кўринади. Муаммонинг ечими «советча» ёки «неосоветча» шаклда бўлиши мумкин, бунда кичик иқтисодиётлар Россиянинг ҳукмрон иқтисодиёт тизими учун ёрдамчи ёки инфратузилма ролини бажаради.

Россия иқтисодиётининг йирик ҳажми ва самарадорлик танқислиги

ЕОИИ тўғрисида гапирганимизда, Россия иқтисодиётининг кўламини ҳисобдан чиқармаслигимиз лозим. Россия ЯИМ ҳажми бўйича дунёда 11-ўринда ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ даражаси бўйича 59-ўринда туради. Бу қарама-қаршиликнинг сабаби фақат битта нарсани — унинг иқтисодиёти етарли даражада глобал рақобатбардош эмаслигини англатади.

Бундай йирик иқтисодиётнинг самарадорлиги билан боғлиқ мураккабликлар ва чақириқлар, шубҳасиз, ташқи дунёдан келмайди, балки ичкаридан ўсиб чиқади. Россия ўз глобал кун тартибини мутаносиб равишда амалга оширишга интилаётган йирик ва муҳим геосиёсий империя тизими бўлиб қолмоқда. Ва бунда Россия иқтисодиётининг дунёдаги улуши 2 фоизни ташкил қилиши муҳим эмас.

Мана шу 2 фоиз – ЕОИИ доирасида Ўзбекистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 84 фоиз демакдир (1- ва 2-жадваллар). Ҳаттоки ЕОИИ давлатлари иқтисодиётининг рақобатбардошлигини шартли равишда тенг деб олганимизда ҳам, Россиянинг биргина иқтисодий кўлами бизни ҳеч бўлмаганда эҳтиёткорликка чорлайди. Россия иқтисодиётининг реал юқори рақобатбардошлик кўрсаткичларини ҳисобга олсак, вазият янада ойдинлашади. Иқтисодий доминантлик, юмшоқ куч, ЕОИИ давлатлари иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи куч ва тузилмаларнинг бир хиллиги мавжуд шароитда Россиянинг бошқа кичик иқтисодиётларни ютиб юбориши хавфи жуда катта.

1-жадвал. ЕОИИ давлатлари ва Ўзбекистоннинг танланган гуруҳ ЯИМдаги улуши, 2000 й.

Манба: Жаҳон банки

2-жадвал. ЕОИИ давлатлари ва Ўзбекистоннинг танланган гуруҳ ЯИМдаги улуши, 2018 й.

Манба: Жаҳон банки

Тасаввур қилинг, Россия иқтисодиёти ресурслар самарадорлигининг юқори даражасида ишлайди ва Россия аҳолиси Ғарб мамлакатларидаги каби юқори даромадга эга. Ана шунда ЕОИИга аъзо бошқа давлатлар учун Россия иқтисодиёти – хўжалик тузилмасини жадал қайта қуриш ва рақобатдошликнинг янада юқори даражасига кўтарилиш учун кучли манба бўла оларди. ЕОИИнинг кичик хом ашёга асосланган иқтисодиёти Россиянинг йирик ва диверсификацияланган бозорида талаб катта бўлган самарали соҳаларни қуриш учун катта имкониятларга эга бўлган бўларди. Тасаввурни давом эттирадиган бўлсак, агар Россиянинг омади келиб охир-оқибат ўз иқтисодиёти билан жиддий шуғулланса, унда Марказий Евросиё ва Марказий Осиёдаги иқтисодий-технологик шароит анчагина яхши томонга ўзгаради, деб таъкидласа бўлади. Шунда Россиянинг юқори самарага эга иқтисодиёти кичик иқтисодиётларни эзмасдан, балки уларнинг ўсиши ва диверсификациясини рағбатлантирган бўларди.

Аммо бу бор-йўғи иқтисодий хаёлпарастлик холос. Амалда Россия атрофидаги кичик иқтисодиётлар узоқ масофадаги ривожланган иқтисодий-технологик платформаларга етиш учун қаттиқ тер тўкиши ва анча кўпроқ ишлашларига тўғри келади. Кўп қутбли стратегияларидаги хатоликлари уларни Россия иқтисодиётининг тарихий орбитасига яқин масофада тутиб туради.

ЕОИИ ва «голландча касаллик» белгилари

ЕОИИга қўшилиш Ўзбекистон иқтисодиёти учун голландча касаллик (Dutch disease) хавфини кучайтириши мумкин. Бунда хом ашё экспорти ва хизматлардан келадиган валюта тушуми иқтисодиётни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини оширишга тўсиқ бўлиб қолади.

ЕОИИга кириш Ўзбекистон инвестиция-хом ашё векторининг ишлаб чиқариш саноатига босимини кучайтиради, холос. Таъсир тўғридан-тўғри амалга ошади: хом ашё секторига инвестицияларнинг ошиши ресурсларни хом ашё ва хизмат кўрсатиш секторларига йўналтиради. Бундан ташқари билвосита таъсир ҳам кузатилади: импортга бўлган талабнинг ошиши экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш саноати ўсишини сусайтиради.

Голландча касалликни фақатгина нефть маҳсулотлари экспорти билан боғлаш тўғри эмас. Таркибий мувозанатлашмаган иқтисодиётдаги «яхши» янгиликлар макроиқтисодий ва саноат соҳаларининг самарасизлигига олиб келиши мумкин.

Масалан, валюта бозори ва ташқи савдо либераллашувига қадар Ўзбекистон иқтисодиёти хом ашё (олтин, энергия) экспортига, яқин хориждаги меҳнат муҳожирларининг катта миқдордаги пул оқимларига боғланиб қолган эди. 2018 йилда олтин, энергия ва нефть маҳсулотлари, қора ва рангли металлар ҳамда пахтанинг экспортдаги улуши 60 фоиздан кўпроқни ташкил этди. Либераллаштириш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хизматлар (туризм) экспорти орқали хорижий валюта оқимини оширди ва кенгайтирди.

Шуни ҳам тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, Россиядан миллий саноатдаги харажатлар ва йўқотишлар ўрнини қоплай олиши мумкин бўлган имтиёзли молиявий шароитларни сўрайди.

Ўзбек моделида, экспортнинг хом ашё каналлари/тармоқларидан олинадиган даромад меҳнат ресурсларининг қуйидаги йўналишларда кўчиши ва жамланишига ёрдам беради: тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, малакасиз меҳнат миграцияси, туризм.

Бунда, уларнинг валюта тушумлари кўпайиши савдо қилинмайдиган (мамлакатлар ўртасида кўчиб ўтмайдиган) товарлар ва хизматларга (масалан, умумий овқатланиш, қурилиш, таълим, тиббий хизмат ва бошқалар) бўлган талабнинг ошишига кўмаклашади.

Бундай хизматлар сектори ўсиб бормоқда ва бу реал алмашув курсининг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш саноати тармоқлари талаб етишмовчилигига дуч келяпти. Натижада реал алмашув курсининг ўсиши ва ички бозорда ишлаб чиқариш саноати маҳсулотларининг тақчиллиги импортга нисбатан босимни юзага келтириб, жорий тўлов балансининг беқарорлашувига олиб келмоқда.

Ўзбекистонда иқтисодиёт структурасидаги макроиқтисодий номутаносиблик сақланиб қолмоқда ва ички бозорнинг ЕОИИ учун очилиши буни янада кучайтиради. Мамлакат хом ашё экспорти исканжасидан чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, бунинг учун экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ривожлантириш дастурларини амалга оширмоқда. Бироқ юқори даражадаги реал алмашув курси шароитида уй хўжаликларига ЕОИИ мамлакатларидаги арзон товарларга эркин йўл бериш Ўзбекистондаги сотилаётган товарлар (ишлаб чиқариш саноати маҳсулотлари) секторига янада кўпроқ зарар келтиради. Маҳаллий товарларга нисбатан импорт товарларга бўлган талаб янада кучаяди.

Шундай қилиб, иқтисодиёт жорий тўлов балансининг сурункали танқислигига дуч келиши мумкин. Яъни иқтисодиёт ортиқча миллий харажатларни (истеъмол ва инвестициявий) ташқи қарзлар ва чет эл инвестициялари ҳисобига молиялаштиришни бошлайди.

Орифжон Намозов,
иқтисод фанлари доктори.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид