Ўзбекистон | 14:18 / 25.12.2019
24384
2 дақиқада ўқилади

Биринчи турдан кейин 36 нафар депутат парламентга қайта сайланди

Марказий сайлов комиссиясининг 25 декабрь куни ўтказилган мажлисида 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига ўтказилган сайлов натижалари бўйича батафсил маълумот берилди.

МСК аъзоси Шерзод Қудратхўжаев бу йилги сайловларда жуда кўп ижобий сигналлар қайд этилгани ҳақида гапириб, 30 ёшдан кичик бўлган 9 нафар депутат парламентга сайлангани ҳақида маълумот берди.

«Ҳозирги босқичда 9 нафар 30 ёшдан кичик депутат сайланди, ўтган сафар 2 нафар эди. Бу рақамлар иккинчи турдан кейин яна ошиши мумкин.

Қолаверса, сайланганларнинг 90 фоизи ўзбеклар, қолганлари тожиклар, қозоқлар, руслар, қирғизлар, туркманлар ва корейслардир. Бу халқимизнинг сайловчиларга холисона, миллатига қарамасдан баҳо берганини кўрсатади.

Яна бир яхши кўрсаткич шуки, аёллар сони ҳам ошган. Ҳозирги босқичнинг ўзида 34 нафар аёл сайланган, бу 27 фоиз дегани. Иккинчи турдан кейин бу рақамлар яна ошади.

Ҳозир икки партия ўртасида рақобат кечмоқда. Одатда ЎзЛиДеП катта устунлик билан ғолиб бўлади. Ҳозир эса шундай ҳолат юзага келганки, иккинчи турдан кейин иккинчи партия («Миллий тикланиш») олдинга ўтиб олиши ва бу партия бош вазирликка номзодини кўрсатиши ҳам мумкин», дея Қудратхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўшимча қилинишича, аввалги парламент депутатларидан 36 нафари (29 фоиз) қайта сайланган, жами 45 нафар амалдаги депутатнинг номзоди сайловга қўйилганди.

МСК Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган номзодлар таркиби таҳлилини диаграммаларда келтирди.

Сайлов натижаларига кўра, 150 ўринли парламентга ҳозирча 125 нафар депутат сайланган, яна 25та округда 5 январь куни иккинчи тур ўтказилади.

Такрорий овоз бериш бўладиган 25та сайлов округлари:

8-Ақманғит
9-Андижон
32-Жиззах
33-Дўстлик
35-Ғаллаорол
36-Пахтакор
37-Шароф Рашидов
44-Сардоба
49-Уйчи
56-Регистон
57-Сўғдиёна
67-Паст Дарғом
76-Шеробод
83-Олтинсой
87-Ангрен
89-Бўка
102-Яйпан
104-Учкўприк
106-Бағдод
117-Урганч
133-Шаҳрисабз
134-Яккабоғ
135-Ғузор
148-Кўкча
150-Шайхонтоҳур

Мавзуга оид