Спорт | 14:02 / 29.12.2019
165803
10 дақиқада ўқилади

17 йил олдин ғойиб бўлган иқтидор: Туркия, Барселона ва Американи забт этган машҳур спортчи ўзбекистонлик эди

Фото: Noah Graham/NBAE via Getty Images

2002 йил, июнь. Ўзбекистон, Бухоро.

Айнан ушбу санагача бўлган муддат давомида бухоролик ёш баскетболчи Арсен Илёсов баскетбол бўйича Ўзбекистонда ташкил этилган қатор турнирларда иштирок этиб, иқтидори, жисмоний кўрсаткичлари билан кўпчилик назарига тушганди.

Унинг тенгдошлари орасидан ярқ этиб чиқиши, миллий баскетболнинг янги келажаги сифатида эътироф этишга замин яратарди. Бироқ, энг умидли ёшлардан бири 17 йил муқаддам тўсатдан йўқолди. Мусобақаларда ҳам йўқ, хуллас, уни ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Сирли равишда ғойиб бўлганидан кўп вақт ўтмай уни деярли барча унутиб юборди.

Орадан 17 йил ўтди…

Интернетда тасодифан NBA (Миллий баскетбол ассоциацияси) юлдузи - Эрсан Ильясовага (Ersan Ilyasova) кўзим тушди. Бу исм-шариф анча таниш кўрингач, унинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида қизиқа бошладим.

Эрсан Ильясова. У ким?

Эрсан Ильясова – бугунги кунда NBA юлдузларидан бири. 208 сантиметр бўйга эга спортчи Туркия миллий жамоаси ва Америка мунтазам чемпионати иштирокчиси бўлган «Милуоки Бакс» клуби ҳужумчиси. У спортдаги профессионал фаолиятини 2004 йилда Туркиянинг «Улкерспор» клубида бошлаган, 2005 йилда у Оклаҳома штатининг «Тулса Чэрс» жамоасига қўшилган, кейинроқ катта маблағ эвазига «Милуоки Бакс» аъзосига айланган, Испаниянинг «Барселона» клуби шарафини ҳам ҳимоя қилиб, Евролигада ажойиб натижаларни қайд этган.

Арсен Илёсов – Ersan Ilyasova. Боғлиқлик борми?

Эрсан Ильясова ҳақида маълумотлар тўплаб борар эканман, «бу баскетболчи наҳот, ўша бухоролик умидли спортчимиз бўлса?» деган фикр хаёлимни эгалларди. Машҳур баскетболчининг фақатгина исм-шарифигина 17 йил муқаддам ғойиб бўлган умидли баскетболчимизнинг номига ўхшаш эди, лекин ич-ичимдан ўша ўзимиз йўқолган ўспирин йигитча, бугун машҳур баскетболчига айланган Эрсан Ильясова эканига ўзимни ишонтиришни хоҳлардим.

Бу йўлда ўтган йиллар давомида номдор баскетболчининг таржимаи ҳоли ва қатор маълумотларни излашга тушдим.

Барча маълумотларда Эрсан Ильясова 1987 йил 15 май куни Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида таваллуд топгани қайд этилган. Баскетболдаги фаолиятини ҳам айнан ўша шаҳарнинг маҳаллий «Яшилюрт» клубида бошлаган. Кейинчалик эса унинг иқтидор ва маҳоратини кузатган мутахассислар кучли клубларга таклиф этишган ва у бошқа кучли жамоаларда ҳам муваффақиятли иштирок этган ва бугунги кунга келиб NBA юлдузларидан бирига айланган. Бу маълумотлардан хулоса қилиш мумкин эдики, туркиялик Эрсан Ильясова — Арсен Илёсов эмас.

Пуаро изидан...

Детектив романларнинг аксариятида кичик деталлар калава учига айланади. Қизиқ ҳолатки, ҳар бир детектив фильмда мавҳумлик билан тугаётган саҳна асарига кичик бир факт ёки эътиборсиздек кўринган детал ойдинлик киритганидек, Эрсан Ильясова ҳақида бўлган битта маълумот якунсиз қолишга яқин қолган мақоламизга улкан ва узун мазмун бағишлади.

Бу қандай маълумот экан дейсизми? Бу — йўқ маълумот эди. Яъни, ўша бугунги кундаги машҳур баскетболчи Эрсан Ильясованинг болалиги, ўспиринлиги, ёшлиги ҳақида Туркияда ҳам, Испанияда ҳам, Америкада ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ! Ҳужжатларда у Эскишеҳир шаҳрида туғилгани ёзилгани билан, уни ўша шаҳарда қоғозда кўрсатилган яшаш жойида 15 ёшигача ҳеч ким танимаган. Маълумотлар шуни тасдиқладики, бугунги кунда Туркия фуқароси бўлмиш Эрсан Ильясова аслида Туркияда туғилмаган ва яқин 15 йил олдин уни Туркияда ҳеч ким танимаган ва бирорта ҳам ҳужжатда унинг исм-шарифи қайд этилмаган эди.

Хулоса қилиш мумкинки, бугунги кундаги таниқли баскетболчи Эрсан Ильясова аслида Бухородан чиққан Арсен Илёсовдир. Хўш, умидли баскетболчи ўз вақтида Туркияга қандай бориб қолган?

3 йилга ёшариш ва «туркиялик»ка айланиш

Келинг, аслида нима бўлгани ва Арсен Илёсов қандай қилиб Туркияга бориб қолгани ҳақида сўзлашдан олдин у ҳақида ҳақиқий маълумотларни келтирсак. Арсен Илёсов 1984 йилда Бухоро шаҳрида Иралия Илёсова ва Анвар Илёсов оиласида туғилган. Болалигидан баскетболга қизиққан бўлажак баскетбол юлдузи ўспиринлик давридан бошлаб ушбу спорт тури билан жиддий шуғуллана бошлаган. У 11 ёшида Бухородаги спорт мактабида таҳсил олишни бошлайди, 2000-йиллардан эса мураббийи Игорь Бурнашев қўл остида Бухоро ва юртимиз бўйлаб ташкиллаштирилган қатор вилоят ва республика мусобақаларида қатнашиб, бир неча марта ғолибликни қўлга киритади. Навбатдаги мусобақага тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда эса Арсен Илёсовни топиб бўлмайди...

Маълум бўлишича, ёш спортчи Ўзбекистондаги халқаро мусобақаларда иштироки вақтида туркиялик мутахассислар назарига тушган ва улар 18 ёшли Арсенга Туркияда ўзини синаб кўришни таклиф этиб, уни ўзлари билан Туркияга олиб кетишган. Спортчи дастлаб унча кучли бўлмаган «Яшилюрт» клубида фаолият бошлаб, тез орада келажаги порлоқ баскетболчи эканлигини намоён этади. Нафақат Туркиянинг гранд баскетбол клубларидан, балки океанортидаги суперклублардан ҳам ажойиб таклифлар келавергач, туркияликлар ўзбекистонлик баскетболчини Туркия фуқаросига айлантиришади. Арсен Туркияга йўл олганидан уч ой ўтиб, 2002 йилнинг 19 сентябрида туркиялик Семчитин Булут ўзининг 15 ёшли ўғли борлиги ва уни шу вақтгача рўйхатдан ўтказмаганини айтиб, «ўғли»га Туркия фуқаролик паспортини олиб беради. Турк ишбилармонлари Арсен Илёсовнинг исм-шарифига ўзгартириш киритиб, ёшини ҳам қисқартиришади: аслида 1984 йилда Бухорода туғилган Арсен Илёсовнинг ёши ҳужжатларда 3 йилга ёшариб, у 1987 йилда Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида туғилган Эрсан Ильясовага айланади.

Туркия – АҚШ - Испания

Осонлик билан «туркиялик баскетболчи»га айланган Эрсан Илёсова ва унинг агентлари қатор таклифларни кўриб чиқишни бошлайди ва «Улкерспор» чақирувини қабул қилишади. У бир йил мобайнида мазкур клуб шарафини ҳимоя қилди. Шундан сўнг, Америка клублари эътиборига тушган спортчи «Тулса» жамоасида ўйнай бошлайди. Бу вақтда Эрсан Туркия ёшлар жамоаларидан (U-18, U-20) ҳам таклиф олади. Аслида эса 3 ёшга «ўқланган» Эрсан ёшлар ўртасидаги мусобақаларда қоидага зид равишда қатнашган. 2006 йилда у Туркия миллий жамоаси билан Измир шаҳрида ўтказилган Европа чемпионатида ўзининг бор маҳоратини кўрсатиб, Туркия билан кумуш медалларга сазовор бўлади. Қолаверса, ўша мавсумда ФИБА томонидан «Йилнинг энг яхши ёш баскетболчиси» номини ҳам қўлга киритади. Бу орада АҚШнинг «Милуоки Бакс» клуби селекционерлари бу спортчини кўз остиларига олиб қўйишганди ва Арсен кўп ўтмай олти хонали рақамлардан иборат маблағ эвазига «Милуоки Бакс»нинг янги аъзосига айланади.

Аммо «Милуоки»да унинг омади чопмагач, Евролигада иштирок этувчи Испаниянинг номдор «Барселона» унга Европада ўзини синаб кўришни таклиф этади.

«Барселона»нинг ўзбекистонлик юлдузи

Америкадаги муваффақиятсиз мавсумидан кейин Эрсан Европага қайтиб, 2007 йилда «Барселона» клуби президенти Жоан Лапорта билан шартнома борасида келишиб олади. Эътиборлиси, «Барселона» сафидаги илк учрашувлариданоқ Эрсан жамоасининг ғалабаларига катта ҳисса қўшади ва тез орада ҳақиқий етакчига айланади. Испания чемпионати ва Испания Кубогидаги «Барселона»нинг ғолибона юришидан кейин Каталония клуби раҳбарияти жамоа олдига Евролигада ғолиб бўлиш вазифасини қўяди. Бир йиллик фаолияти давомида каталонияликларнинг энг асосий ўйинчисига айланган Эрсан Ильясовага яна NBA клубларидан таклифлар кела бошлади. Бу орада бухоролик баскетболчи «Барселона»ни тарк этишидан хавфсираган Жоан Лапорта унга ўша давр учун мисли кўрилмаган шартномани таклиф этади. Келишувга асосан Эрсан Ильясова Европанинг энг сердаромад баскетболчиларидан бирига айланиб, икки мавсум учун 5 миллион доллар маблағ ишлаб оларди. Таққослаш учун, ўша вақтда Европада фақатгина Москванинг ЦСКА клуб баскетболчилари Шишкаускас ва Папалукас шунча даромад қиларди.

Эрсан учун сарфланган маблағлар ўшанда Испания матбуотининг бош мавзуларидан бирига айланган, лекин Эрсан ўзи учун сарфланган миллионларни оқлаганди. Ҳужумчи ҳар бир ўйинда жамоаси ҳисобига 20-30 очкони ёзиб қўярди. У ички мусобақалардан кейин «Барселона» билан Евролигада ҳам муносиб иштирок эта олди. Европа баскетболида қатор муваффақиятларга эришгач, Эрсан яна океанортига, аслида қандай кучга эканини исботлаш учун NBA чемпионатига қайтишга қарор қилди. 2009 йилда собиқ жамоаси «Милуоки»дан яна таклиф тушгач, «Барселона»ни тарк этди ва Америкага йўл олди. Бу ташриф - омадли қайтиш эди.

Америка баскетболи фахри

Эрсан Ильясова ҳозирда Америкада истиқомат қилади. У Нью-Йорк, Лос-Анжелес каби шаҳарларда тижорий мол-мулкга эга. Эрсан 10 йиллар олдин ота-онасини Бухородан Қримга кўчирган бўлса, кейинчалик уларни ҳам океанортига таклиф этади.

Энг қизиғи, Америкада ҳалигача Эрсан Ильясова аслида 1984 йилда Ўзбекистонда, Бухорода туғилганини кўпчилик билмайди. Ҳозирда баскетболчи «Милуоки» етакчиси, NBA’нинг кўп йиллик юлдузи, энг сердаромад «гулливерчи»ларидан бири саналади. Бугунга келиб, Эрсан Ильясова Америка миллий баскетбол лигасининг фахри ҳисобланади. Туркияликлар ҳам Эрсан Ильясова билан ҳар доим фахрланишади...

 Усмон Ибодов

Мавзуга оид