Ўзбекистон | 19:25 / 30.12.2019
21806
3 дақиқада ўқилади

Майкл Помпео Ўзбекистонга келишини тасдиқлади

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео 2020 йилда Ўзбекистонга келишига оид хабарларни тасдиқлади.

«Янги йилда Украина, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Кипрга сафар қилиб, ҳамкасбларим билан кўришиш ҳамда АҚШ сиёсатининг Европа ва Марказий Осиё бўйича устувор йўналишларини тасдиқлашни интизорлик билан кутяпман», – деб ёзди Помпео Twitter саҳифасида.

АҚШ Давлат департаменти пресс-релизида қайд этилишича, Помпео турнесини 3 январь куни Украинадан бошлайди. У Киевда Украина президенти Владимир Зеленский, ТИВ раҳбари Вадим Пристайко ва Мудофаа вазири Андрей Загороднюк билан музокаралар ўтказади.

4 январь куни Беларусда бўлади, Европа мамлакатларига ташрифини якунлагач, аввал Қозоғистонга, кейин Ўзбекистонга келади.

4 январь куни Помпео Минскда бўлиб, Беларус президенти Александр Лукашенко ҳамда Ташқи ишлар вазири Владимир Макей билан учрашади. 

5 январь куни у Нур-Султонга учади, уни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қабул қилади, у шунингдек Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳамда ТИВ раҳбари Мухтар Тлеуберди билан учрашувлар ўтказади.

5-6 январь кунларида Помпео Тошкентда бўлади.

Ўзбекистон ТИВ хабар беришича, АҚШ Давлат департаменти делегацияси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинади. 

«Ташриф дастурида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиши назарда тутилган бўлиб, унда 2018 йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-АҚШ учрашуви доирасида эришилган келишувларнинг бажарилиши ҳамда халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. 

6 январь куни АҚШ Давлат котиби «Марказий Осиё – АҚШ» шаклидаги вазирлар учрашувида («C5+1») ҳам иштирок этади. Томонлар минтақавий ҳамкорликка оид масалаларни,  хусусан, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг савдо ва транспорт тизимларига Афғонистонни интеграция қилишни муҳокама қиладилар», дейилган хабарда.

7 январь куни у Кипрга келади, у бу ерда республика президенти Никос Анастасиадис ва ТИВ раҳбари Никос Христодулидис билан музокаралар ўтказишни режалаштирган.

Помпеонинг Ўзбекистонга келиши ҳақида аввалроқ Kun.uz манбаси ҳам хабар берганди.

Қайд этиш жоиз, Америка ташқи сиёсат идораси раҳбарининг Тошкентга келиши – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёвнинг февраль ойи бошида Россияга ташрифи арафасига тўғри келмоқда.

Бундан аввалроқ, Помпео Қозоғистонга ташрифи давомида АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясини тақдим этиши хабар қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид