Жамият | 14:00 / 30.12.2019
69314
7 дақиқада ўқилади

«Оптимист»: Ўзбекистонда электр муаммосини тўлиқ ҳал қилиш мумкин

Жаҳонгир Маҳкамов 15 ёшидан бери электр-монтаж йўналишида ишлайди. Ўз йўналиши бўйича турли корхоналарда, цехларда турли вазифаларни бажарган; 2009 йилдан бери эса Сирдарё вилояти «Йўлрефтранс» АЖда электр-механик сифатида фаолият юритмоқда.

«Электр-механика – менга ота касб. Дадам ҳам шу соҳада фаолият юритгани учун болалигимдан менда ҳам шу йўналишга қизиқиш бўлган. Ҳозир ишлаётган ташкилотимга ҳам дадам билан бирга келганман», - дейди Жаҳонгир Маҳкамов.

Унинг айтишича, ишлаётган корхонасидаги тажриба унга электр билан боғлиқ йўналишни яхши тушуниб олишига катта ёрдам берган.

«Бошида ҳар хил генераторларни бузиб, ички қисмларини ўргандим. Турли тажрибалар ўтказдим. Кўп нарса ўхшамаган.

Лекин ҳозир электроника, электр монтаж йўналишида электродвигателлар, трансформаторлар, аммумуляторлар бўйича ишланмалар устида муваффақиятли ишлаяпман», – дейди муҳандис.

«Олий маълумот олишга вақтимни қизғанаман... »

Жаҳонгир Маҳкамовнинг айтишича, мактабда унча яхши ўқимаган бўлса-да, ўқувчилик пайтлариданоқ ток билан ишлашга қизиқиши туфайли кичик ихтиролар қилишни бошлаган.

«Анча эрта ишлай бошлаганим туфайли даставвал олий маълумот олишга унча қизиқмаганман. Кейинроқ айрим ОТМлардан таклифлар ҳам тушди. Масалан, Тошкент давлат техника университетида бир неча ой ўқидим. Лекин вақтим бўлмагани учун ўқишни охиригача етказа олмадим.

Қизиқишим орқасидан вақт чегаралангандай туюлади. Агар ҳозир 31 ёшда бўлсам, 16 йил умрим қанақа қилиб техникалар орасида кўз очиб юмгунча ўтганини сезмаганман.

Лекин ҳалигача ясашим мумкин бўлган нарсаларни ўйлаб кечалари ҳам ухлолмайман. Ҳали менга маълум бўлмаган нарсалар кўп, уларнинг охирига етиш учун ҳаракат қиламан», - дейди у.

«Бутун Ўзбекистонни ток билан таъминлаш имкони бор...»

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у 5 йилдан буён ўзини ўзи зарядловчи генератор устида иш олиб боряпти.

«Бу – ўзини ўзи зарядловчи, текин электр манбайи берувчи генератор. Бу ихтиро устида 5 йилдан буён ишламоқдаман. Мазкур қурилма аккумулятор кучи билан битта ҳаракатга келтирилгандан сўнг 220 вольт ток етказиб беради.

Генератор «ферритовый» ва бошқа турдаги трансформаторларни йиғиш орқали ясалган. Унда кучли магнитли майдон ҳосил бўлиши орқали ўз-ўзини зарядловчи тизим вужудга келади.

Ҳар бир хонадон 10 киловатгача ток истеъмол қилишини ҳисобга олган ҳолда генераторни шунча электр токи берадиган қилиб тайёрлаяпман. Бу билан ҳали электр токи бормаган ёки ток билан муаммоли бўлган жойлардаги аҳолини электр билан таъминлаш мумкин бўлади.

Мазкур генератор АЭСларга қараганда ҳам самарали бўлиши мумкин, чунки доимий равишда ток билан таъминлай олади ва экологик жиҳатдан безиён.

Яқин орада генератор билан боғлиқ синовдан ўтказиш жараёни тугаса, кейин қурилма тайёр ҳолатга келади», – дея маълумот берди Жаҳонгир Маҳкамов.

«Трансформаторим темирйўл тизимига фойда келтириши мумкин»

Бу эса – темирйўл соҳаси учун ишлатиш мумкин бўлган электр токини кўпайтириб берувчи трансформатор. Ихтирочининг сўзларига кўра, у 220 вольтни 35 минг вольтга чиқариб бера олади.

«Одатда поездлар 27 минг вольт ток билан ҳаракатланади. Мана шу даражадаги ток мувозанатида ўзгариш бўлса, поездлар секинлашади ёки уларнинг трансформатлари куйиши мумкин.

Мен ясаган стабилизаторли трансформатор эса электр токини бирхиллаштириб беради», дейди у.

Жаҳонгир Маҳкамовнинг таъкидлашича, айни пайтда мазкур ихтирога патент олиш жараёни кетяпти. Бундан ташқари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳам трансформаторни кенг миқёсда ишлаб чиқариш учун келишувларга эришилган.

Қишда совуққа, ёзда иссиққа чидамли аккумулятор

Ушбу аккумулятор оддий Ангрен кўмиридан йиғилган, таркибида фальга ва мис ҳам бор:

«Бу ишланмам учун ҳам патент оляпмиз. Бу аккумулятор, асосан, электромобиллар учун яратилган бўлиб, жуда енгиллиги билан бошқаларидан ажралиб туради.

Бундан ташқари, мазкур аккумулятор жуда тез – 3 дақиқа ичида 6 ампер кучланиш билан қувват олади ва шу қувват билан машинани 10-15 марта ўт олдиришга имкон беради.

Қишда музлаб қолмайдиган, иссиқ ҳароратга ҳам чидамли аккумуляторь одамларни турли ноқулайликлардан сақлайди, шунингдек, жуда енгил ҳам», – дейди қаҳрамонимиз.

Жаҳонгир Маҳкамовнинг айтишига қараганда, бу аккумулятордан қуёш панелларида, электромобилларда, ҳарбий соҳадаги турли техникаларда фойдаланиш мумкин.

«Tesla»дан тезроқ қувват олади ва узоқроқ масофа босади...»

«Бу электродвигателни бир йил давомида йиғганман. Бошқа электр двигателлардан фарқи – кам ток билан ҳам ишлай олади.

Иккинчи фарқи бошқа электродвигателларда мойли совутгич бўлса, бу двигатель ҳаволи совутгич билан ўзини совитади.

Бундан ташқари, камхаражатлилиги билан ҳам анча қулай».

Жаҳонгир Маҳкамовнинг айтишича, мазкур двигатель «Жигули» автомобилида бир марта синовдан ўтган. Ҳозир янада камхаражатли ва таъсирини юқори қилиб тайёрлаш устида ишлар олиб борилмоқда. Шундан сўнг эса «Daewoo» автомобилида синовдан ўтказиб кўриш мумкин бўлади.  

«Агар «Tesla» автомобиллари 6-7 соатда олинган қувват билан 500 километргача юрса, бу электродвигатель билан минг километргача йўл босиш мумкин бўлади», – дея двигатель қуввати ҳақида гапирди Жаҳонгир Маҳкамов.

«Ихтироларим формула доирасидан ташқарида...»

«Бирор нарса ясаганимдан сўнг олимлар билан маслаҳатлашаман, улар билан тортишишга тушаман. Кўпинча ясаган нарсаларимни формулага тушмайди, деб айтишади. Лекин хоҳиш бўлса, ҳар қанақа нарсага ҳаракат қилиб кўрса бўлади.

Назариянинг ўз доираси бор, лекин амалиёт кўпинча мана шу доирадан ташқарида бўлади», – дейди Жаҳонгир.

 «Чет элга кетиш ниятим бор эди, лекин...»

«Чет элдан ҳам кўп таклифлар бўлган, кетиш ниятим ҳам бўлган бошида. Лекин ҳозир ниятим қатъий: ўз ихтироларимни Ўзбекистонда – шу ерда ҳаётга татбиқ этмоқчиман.

Яқин 3-4 йилда электродвигателлар ишлаб чиқарувчи заводимни ишга тушириш, шунингдек, мамлакатдаги электр токи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман», – дея режалари билан ўртоқлашди Жаҳонгир Маҳкамов.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид