Жамият | 13:40 / 30.12.2019
24923
4 дақиқада ўқилади

«Перевод нет!» — Одамлар банкларда халқаро пул ўтказмалари ишламаётганидан норози бўлишмоқда

Бугун, 30 декабрь куни бир бир неча нафар фуқаро Kun.uz таҳририятига қўнғироқ қилиб, банкларда халқаро пул ўтказмалари ишламаётгани, кўпчилик сарсон бўлиб уйга қуруқ қайтаётгани ҳақида мурожаат қилишди.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳрида жойлашган бир нечта банкда бўлдик.

«Алоқабанк» Самарқанд филиалида бўлиб банк ходимларига халқаро пул ўтказмаси масаласида учрашганимизда бу хизмат 26 декабрдан буён ишламаётганини маълум қилишди.

Янги йил олди бу масалада келаётган фуқаролар сони кўплиги учун бўлса керак қуйидаги эълон ҳам осиб қўйилган:

Эълонда кўзда тутилган «2019 йилни муваффақият билан якунлаш мақсадида» деганда нима назарда тутилган? Агар бу зарур вақтда фуқароларга керакли хизмат кўрсатмаслик эвазига қандайдир натижага эришиш бўлса, буни аксинча, катта муваффақиятсизлик деб баҳолаш мумкин. Сабаби шундоққина банк ташқарисида пул ўтказмалари ишламаётгани учун «энди уйдагиларга нима дейман?» деб ўтирган мижоз банкдан рози бўлмаслиги аниқ.

Нуробод туманидан келган фуқаролардан бири Миллий банк вилоят бўлимида ҳам худди шу аҳвол эканини айтди.

Бу банкда бўлганимизда ходимлар халқаро пул ўтказмалари ишламаётганини маълум қилиб, қўлимизга қуйидаги қоғозни тутқазишди:

Миллий банк вилоят филиали масъуллари эса муаммони инкор этишди. Улар халқаро пул ўтказмалари ишлаётгани ҳақида айтишди.

Қизиқ ҳолат шуки, фуқаролар бу банкда халқаро пул ўтказмалари ишламаётганидан норози, улар пул ололмаяпти, банк ходими «Перевод нет!» деб ёзилган эълонни ўз қўли билан бермоқда, Самарқанд вилоят Марказий банк бош бошқармаси вакили ҳам Миллий банк вилоят бўлимидан 27 декабрдан буён халқаро пул ўтказмалари ишламаётганини тасдиқлади. Аммо банк раҳбари «ишлаяпти!» деган гапида собит. Мижозларнинг пул берасизларми деган гапига «коди бизнинг манзилга тўғри келса бўлди», деб турибди. Тушунарсиз ҳолат.

Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси вакили вазиятга аниқлик киритди.

«Ҳақиқатан ҳам вилоятдаги 18 банкдан 13тасида айни вақтда халқаро пул ўтказмалари ишламаяпти. Аммо бу айнан банклар ташаббуси билан эмас, балки биз билан пул ўтказмалари бўйича ишловчи халқаро компаниялар ташаббуси билан амалга ошмоқда. Шу билан бирга, Самарқанд шаҳридаги бешта банкда халқаро пул ўтказмалари ҳозир ҳам ишлаётганини маълум қиламиз», — деди Марказий банк вилоят бош бошқармаси вакили У.Беков.

Дарҳақиқат Самарқанд шаҳридаги «Ориент финанс банк»да мазкур хизмат ишлаб турибди. Бошқа кўпгина банкларда ишламаётгани учун бўлса керак улкан навбат юзага келган.

Мижозлардан бири эрталаб соат 9:30да келиб навбатга 116-бўлиб ёзилгани, соат 12:00да ҳам ҳамон навбатини кутаётганини билдирди.

«Ҳамкорбанк» Самарқанд филиалида ҳам худди шундай навбат кузатиш мумкин.

Пул ўтказмалари ишлаётган саноқли банкларда навбат қанчалик катта бўлишидан қатъи назар одамлар банкдан пул олиш илинжида.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид