Ўзбекистон | 18:10 / 31.12.2019
9790
5 дақиқада ўқилади

Вазирлик «Оптимист» лойиҳаси қаҳрамонини стартаплар танловида қатнашишга чақирди

Инновацион ривожланиш вазирлиги Kun.uz`нинг «Оптимист» лойиҳаси қаҳрамони, электромонтаж мутахассиси Жаҳонгир Маҳкамовни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Вазирлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, Жаҳонгир Маҳкамов сентябрь ойи бошида вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг қабулида бўлган.

«Шундан сўнг у яратган ишланмалар – доимий қувватга эга электродвигатель, қуруқ зарядли ва тез тикланувчи аккумулятор ҳамда ток кучайтиргич вазирлик томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Қабул давомида Ж.Маҳкамовнинг ихтироси аҳамиятини инобатга олган ҳолда, И.Абдураҳмонов мазкур ихтирони стартап танлови талабларига жавоб берадиган тартибда расмийлаштиришга ёрдам бериш ҳақида кўрсатма берган», – дейилади расмий билдиришда.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ Чиноз туманига бориб, ихтирочи томонидан тақдим этилган ишланмаларни дастлабки кўрикдан ўтказишган. Гуруҳ «Ўзбекэнерго» илмий-техник маркази лаборатория мудири, т.ф.д., проф. Тўлаган Камолов, И.Каримов номидаги ТДТУнинг «Электрик машиналар» кафедраси профессори, т.ф.д. Камолиддин Олимхўжаев ва кафедра мудири т.ф.д. Олимжон Тоиров, Тошкент темир йўл муҳандислари институти кафедра мудири Усан Бердиев, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ конструкторлик бюроси мудири Шерзод Аҳмедов ва технологик бўлими мудири Сайфиддин Асамов, Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Мирзиёд Мирсаитовдан иборат бўлган.

«Бунда намойиш этилган ишланмалар амалда ишлаши кузатилди, шу боисдан барча прототипларни комплекс равишда синовдан ўтказиш зарур, деган қарорга келинди.

Шу муносабат билан, 27 сентябрь куни Турин политехника университетида Жаҳонгир Маҳкамов иштирокида унинг ихтиролари синовдан ўтказилди. Синов натижасида Маҳкамовнинг ихтиро қилган қуруқ зарядли аккумулятори тез заряд олиши (3-4 дақиқа атрофида) ҳамда енгил вазнга эга бўлиб туриб (3,5 кг) қийинчиликсиз автомобилнинг двигателини қўзғата олгани ишчи гуруҳ ва Турин политехника университети ходимларининг умумий қизиқишини уйғотди.

Шунингдек, Тошкент темир йўл муҳандислари институти лаборатория стендида қуруқ зарядли аккумуляторни заряд олиш ва заряд тугаши вақти ўлчанди. Олинган натижаларга кўра, 8та циклда аккумуляторнинг қувват олиш ва қувватсизланиш жараёнларининг барқарорлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ томонидан каттароқ циклларда (5000 мартагача) синов ўтказиш лозимлигини ва прототипнинг кимёвий таркибини батафсил ўрганиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқарилди», – дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мурожаатчига ихтирони лойиҳа сифатида шакллантириб, давлат техник грантлари ҳамда ўз харажатини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган стартап лойиҳалар танловларида иштирок этиши учун ариза топшириши мумкинлиги ҳақида маълумот берилган.

«Бу маълумотлар Ж.Маҳкамовга оғзаки ҳам тушунтирилган, унга бу ҳақида хат ҳам жўнатилган. Ўз навбатида, Маҳкамов ҳозирги кунга қадар стартаплар танловига ёки вазирлик томонидан ташкил этилган бошқа танловларга ҳужжатларини топширмаган. Шу ўринда, вазирлик мутахассислари танлов учун ихтирочининг ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашишларини маълум қиламиз», – дея қайд этилган вазирлик Ахборот хизмати муносабатида.

Бундан ташқари, вазирлик Жаҳонгир Маҳкамовга электр двигателини тажриба ва синовлардан ўтказиш учун лаборатория ускуналарини харид қилишда ҳам кўмак беришга тайёрлигини билдирган. Маълум қилинишича, «бунинг учун ихтирочи лаборатория ускуналарининг номи, тури ёзилган рўйхатни вазирлик ходимларига тақдим этиши кифоя».

«Инновацион ривожланиш вазирлиги стартап лойиҳаларни ҳамиша қўллашини ва бу соҳада қатор ишларни амалга ошираёганини маълум қиламиз. Ўзбекистонда илк бор стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, 2019 йилда 31та стартап лойиҳаларга 28,2 млрд. сўм йўналтирилди.

Худди шундай, Жаҳонгир Маҳкамовдан ўз ихтиросини стартап лойиҳалар танловига топширишини сўраймиз. Бу қоғозбозлик ҳам эмас, эмоцияга берилиш учун сабаб ҳам эмас. Негаки, вазирлик бюджетдан ажратилган пулларни иқтисодиётимизга фойда келтирадиган, натижадор, самарали лойиҳаларга бериш учун масъул давлат органидир. Ҳар қандай давлатда ҳам грант маблағларини олиш учун белгиланган тартибда ҳужжатлар топширилади ва бу табиий ҳол», – дейилади Инновацион ривожланиш вазирлиги билдиришида.

Мавзуга оид