Ўзбекистон | 18:00 / 02.01.2020
88666
15 дақиқада ўқилади

Олий суд 15 суткага қамалган андижонлик блогер иши бўйича маълумот берди

Фото: fb.com/otabek.nuritdinov1

Шу кунларда Facebook ижтимоий тармоғида «Отабек Нуритдинов» тахаллуси остида воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдириб келган фуқаро Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва безориликда айбланиб 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланиши мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда. Олий суд матбуот хизмати Kun.uz’га ушбу иш бўйича батафсил маълумот берди.

Кимлар шикоят қилган?

Иш ҳужжатларига кўра, Асака тумани ҳокими Э.Якубов, Асака туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактаби директори М.Исақова ва Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруков Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонига мурожаат қилиб, Facebook орқали 2019 йил 4 август, 2019 йил 7 октябрь ва 2019 йил 18 октябрь кунларида «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси уларни обрўсизлантирувчи, шахсиятини шарманда қилувчи, ҳақоратли уйдирмалар ҳамда туҳмат ва бўҳтондан иборат маълумотларни тарқатгани учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ўтказилган текширув жараёнида «Отабек Нуритдинов» аккаунти 1983 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, олий маълумотли, оилали, 4 нафар фарзанди бор, ишсиз, муқаддам судланмаган, маъмурий жавобгарликка тортилган, айни вақтда Андижон вилоятининг Асака туманида яшайдиган Абдуфатто Нуритдиновга тегишли экани аниқланган.

Бундан ташқари, Асака туман «Сувоқова» ДУК раҳбари Б.Қаҳҳоров Асака туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30ларда Асака туман Молия бўлими олдида А.Нуритдинов уни жамоат жойида уятли сўзлар билан сўккани учун унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

«Суриштирув ишларини амалга оширган Асака туман ички ишлар бўлимининг 2019 йил 30 декабрдаги жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ва маъмурий тартибда чора кўриш ҳақидаги қарорига кўра, Асака туман Соҳил бўйи кўчаси 2-уйда яшовчи, Асака тумани ҳокими Эркинжон Якубов Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилиб, Асака туман ҳокимияти мутахассислари томонидан интернет орқали вилоятдаги ижтимоий–сиёсий вазият бўйича фуқаролар томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар кузатиб борилаётгани, Facebook ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август куни соат 14:57да «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси фуқароларда ҳокимият вакилларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотувчи, уларни обрўсизлантириш, шунингдек вилоят ҳамда туман ҳокимларига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги «Экин-тикин» маҳалласида яшовчи Фурқатбек Бузруков (Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи) ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилиб, Асака тумани «Ибн Сино» МФЙ, Шинам кўчаси 23-уйда яшовчи, «Отабек Нуритдинов» номли профил фойдаланувчиси Абдуфатто Нуритдинов 2019 йил 7 октябрь куни «Охирги пайтларда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруковдан шикоятлар кўпаймоқда, яқин кунларда ушбу оёғи ердан узилган амалдор ҳақида мақола чиқариб ерга тушириб қўямиз, сен халқни назарингга илмасанг, халқ ҳам сени назарга олмайди, ҳеч киммаслигингда онанг тенги аёлларга пахтада кишан солмоқчи бўлгандинг, тасаввур қилгин 33 миллион аҳоли биттадан туфласа ҳам тупугига чўкиб ўласан, ойнага бир қарагин яхшилаб эътибор бериб қарагин», дея ёзиб, ушбу пост остига «чўчқа» тимсолидаги фотосуратни жойлаб, уни ҳақорат қилганини билдириб, ушбу аккаунт фойдаланувчисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шунингдек, Асака туманининг «Дўрман» МФЙ, Дўрман кўчасида яшовчи Муҳайёхон Исақова (27-мактаб директори) ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилиб, Facebook ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси 2019 йил 18 октябрь куни унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, туҳмат қилингани, у ва унинг жамоасини «коррупцион очаг» деб ҳақорат қилганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Асака туманининг «Оқбўйра» МФЙ, Истиқлол кўчаси 17-уйда яшовчи фуқаро Баҳодир Қаҳҳоров (Асака туман «Сувоқова» ДУК раҳбари) Асака туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз мурожаатида 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30ларда Асака туман Молия бўлими маъмурий биносидан чиқаётган вақтида, А.Нуритдинов жамоат жойида, уни ҳеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузганини билдириб, унга нисбатан қонуний тартибда чора кўришни сўраган», дейилади маълумотда.

Суд жараёни ва гувоҳларнинг кўрсатмалари

2019 йил 30 декабрь куни Андижон вилоят маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Асака туман ички ишлар бўлими томонидан фуқаро Абдуфатто Нуритдинов (блогер Отабек Нуритдинов)га оид Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддаси билан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд мажлисида А.Нуритдинов айбига иқрор бўлмаган ҳолда, ҳақиқатан ҳам интернет орқали вилоятдаги ижтимоий–сиёсий вазият бўйича фуқаролар томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазаларни кузатиб боришини, Facebook ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт очиб фойдаланишини, Асака тумани ҳокими Э.Якубов, Асака туманидаги 27-мактаб директори М.Исақова ва Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковга нисбатан билдирган фикрларини ҳокимият вакилларини ҳамда фуқароларни обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш деб ҳисобламаслигини, шунингдек, вилоят ҳамда туман ҳокимларига нисбатан шарманда қилувчи уйдирмаларни ҳам тарқатмаганини, 27-мактаб директори М.Исақова ҳақидаги фикрларини шу мактабда ишлаган Сардор Мадаминов исмли ўқитувчидан эшитиб ёзганини, 2019 йил 30 декабрь куни эса ҳеч кимга сўкинмагани, унга нисбатан асоссиз маъмурий баённома тузилгани, шунинг учун ҳужжатларни имзолашдан бош тортганини баён қилиб, кўрсатув берган.

Суд мажлисида сўралган жабрланувчи Б.Қаҳҳоров 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30да Асака тумани Молия бўлими биноси олдида фуқаро А.Нуритдинов уятли сўзлар билан сўкиниб, жамоат жойи ҳисобланган жойда сўкингани ва жамиятда юриш туриш қоидаларини менсимасдан безорилик қилганини, ушбу ҳолатни Д.Расулов ва Ж.Исмоилов ҳам кўрганини, шу туфайли унга нисбатан чора кўриш учун Асака тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилганини, ушбу ҳаракатлари учун А.Нуритдиновга қонуний чора кўришни сўраб кўрсатув берган.

Суд мажлисида сўралган гувоҳ Д.Расулов Асака тумани Молия бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келишини, 2019 йил 30 декабрь куни Молия бўлими биноси олдига фуқаро А.Нуритдинов, «Асака туман газтаъминот» давлат корхонаси бўлими бошлиғи Ж.Исмоилов, Асака туман «Сувоқова» давлат унитар корхонаси бошлиғи Б.Қаҳҳоров келганини, ушбу ташкилот раҳбарлари билан ташқарида суҳбатлашиб турганида Б.Қаҳҳоров А.Нуритдиновга интернет тармоғида у ҳақида нотўғри фикрларни билдиргани, унга нисбатан туҳмат қилаётганини айтган вақтда А.Нуритдиновнинг жаҳли чиқиб, жамоат жойи ҳисобланган Асака туман Молия бўлими биноси олдида баланд овоз билан сўкиниб, бақир-чақир қилиб, безорилик қилганини, ушбу уятли сўзлар ўзига ҳам тегиб кетганини айтиб, ушбу ҳаракатлари учун А.Нуритдиновга қонуний чора кўришни сўраб, кўрсатув берган.

Суд мажлисида сўралган гувоҳ Ж.Исмоилов «Асака туман газтаъминот» давлат корхонаси бошлиғи вазифасида ишлаб келишини айтиб, юқоридаги Д.Расулов ва Б.Қаҳҳоров берган кўрсатмаларни тасдиқлаган ва А.Нуритдиновга қонуний чора кўришни сўраган.

Суд мажлисида сўралган жабрланувчи М.Исақова ҳақиқатан ҳам унга нисбатан «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси ҳақорат ва туҳмат қилгани юзасидан ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонига мурожаат қилганини, чунки ушбу фойдаланувчи 2019 йил 18 октябрда интернетда унинг шахсиятини шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб жиддий айблов билан туҳмат қилгани, у ва унинг жамоасини «коррупцион очаг» деб хақорат қилганини баён қилган, интернетдаги мазкур ҳақорат ва туҳматларни дастлаб курсдоши ўқиб, унга айтгани, шундан кейин мактаб ўқитувчиларидан ҳам эшитгани, ўзи ҳам ўқиганидан сўнг қаттиқ таъсирлангани, чунки узоқ йиллардан буён мактабда ҳалол ва виждонан ишлаб келишини, интернетдаги гаплар эса туҳмат ва ҳақоратдан иборатлигини, суриштирув органи томонидан ушбу аккаунт фойдаланувчиси А.Нуритдинов экани аниқлангани, шунинг учун юқоридаги ҳаракатлари учун унга қонуний чора кўриш ва ундан маънавий зарарни ундириб беришни сўраб кўрсатув берган.

Суд мажлисида сўралган гувоҳ Ф. Раҳимова 2019 йилнинг 19 октябрь куни иш жойи бўлган 27-умумий ўрта таълим мактабига келган вақтда ўқитувчилар Facebook тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» тахаллусли блогернинг постини муҳокама қилишаётгани устидан чиққан.

Унинг сўзларига кўра, ушбу блогер ўз профили орқали 2019 йил 18 октябрь куни мактаб директори Муҳайё Исақовани ҳақорат қилган, унинг постида «Асака тумани 27-мактабдаги учига чиққан коррупциячи директор Исақова Муҳайё бошчилигида ҳамда Бузруковнинг ҳимоясидами?», дея савол қўйилган. Бундан ташқари, ушбу директор мактаб ҳудудида оилавий ошхона очгани, барча гуруҳлар шу ошхонада овқатланишга мажбурлиги, ҳар бир боладан 40 минг сўмдан пул йиғилиши, ушбу ошхонани турмуш ўртоғи ва ўғли юргизиб келиши, кирдикорларининг охири йўқлиги, ўғлини иккита штатга ишга жойлагани, ўқитувчиларга премия пуллари чиқариши ва улар бу пулни директорнинг ўзига қайтариши, бу ишларда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Хасанова Нозила ёрдам бериши, «профсоюз пуллари» деган тушунча бу мактаб ўқитувчиларига бегоналиги ва бу пуллар қаердалиги, «текширувчи келди» деб ўқитувчилардан пул йиғиб комиссияларнинг «оғзи бекитиб жўнатилиши», ишга кириш пуллиги каби турли айбловлар билдирилган. Постда мактаб директори пулга ўчлигидан хоҳлаган ўқитувчисини ишдан бўшатиши мумкинлиги, ўрин бўшаса бу янги даромад манбаи бўлиши қўшимча қилинган.

Ф.Раҳимова А.Нуритдиновнинг пости остида эътироз билдиргани, чунки мактаб директори талабчан раҳбарлиги, ўқитувчиларни рағбатлантириш пулларидан ва ойликларидан пул ҳам йиғмагани, ўқитувчиларни пул эвазига ишга олмаслигини таъкидлаб, блогер билдирган фикрлар туҳматлиги ҳақида кўрсатув берган.

Суд мажлисида сўралган гувоҳ Ш.Усмонов Андижон вилоят Халқ таълими бошқармасида ҳуқуқшунос вазифасида ишлаб келишини, А.Нуритдинов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковга нисбатан билдирилган фикрлар ҳақорат ва туҳматлиги, у бошқармаси вакили сифатида бу фикрлар Бузруковни обрўсизлантириш ва унинг иш фаолиятини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар деб ҳисоблашини, чунки 2019 йил 7 октябрь куни А.Нуритдинов томонидан Facebook ижтимоий тармоғида ёзилган ҳақоратли пост жуда кўп педагогларнинг эътирозларига сабаб бўлгани, ушбу ҳаракатлари учун А.Нуритдинов қонуний жазо олиш зарурлигини айтиб, кўрсатув берган.

Суд қарори

«Суд ҳуқуқбузар А.Нуритдиновнинг юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бўйича айби суриштирув органи томонидан тўпланган ва судда текширилган далиллар, хусусан суриштирув даврида олинган тушунтириш хатларидаги кўрсатувлар, суд мажлисида сўралган жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, иш ҳужжатларидаги аризалар, билдирги, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар, Facebook ижтимоий тармоғидан олиниб нусхалари илова қилинган ёзишмалар ва фото-лавҳалар, ўрганиш маълумотномалари ва уларга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда иш бўйича тўпланган далиллар мажмуи билан ўз исботини топган деб ҳисоблаб, суриштирув органи томонидан А.Нуритдиновнинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддаси тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.

Суд А.Нуритдиновнинг айбига иқрор бўлмасдан берган кўрсатувларини муқаррар жазодан қутулишга қаратилган ҳаракат деб танқидий баҳолади ва унга нисбатан жазо тайинлашда унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси ва 41-моддаси билан қонун санкцияси доирасида жарима жазоси ва 183-моддаси билан маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлашни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси тартибида узил-кесил оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида жазо тайинлашни, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 9 январдаги «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддаси 1-қисмига кўра, маъмурий қамоққа олинган шахсларни маъмурий қамоқда сақлаш харажатлари ундирилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи белгиланганини инобатга олиб, қамоқда сақлаш харажатларини А.Нуритдиновдан ундиришни лозим топди.

Суд қарорига кўра, Абдуфатто Нуритдинов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди.

А. Нуритдиновга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида 6 690 000 сўм жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

А. Нуритдиновга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Жазони ўташ муддати 2019 йил 30 декабрь куни соат 19:45дан бошлаб ҳисобланган.

А. Нуритдиновни қамоқда бўлган ҳар бир куни учун 33 450 сўм миқдорида, жами 501 750 сўм қамоқда сақлаш харажатлари ундирилиши белгиланди.

Қарорни ижро қилиш Андижон шаҳар ИИБ зиммасига юклатилди.

Жабрланувчиларга маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни ундириш (маънавий зарарни қоплаш) масаласи фуқаролик суд ишини юритиш тартибида ҳал этилиши тушунтирилди.

Қарордан норози тарафлар икки ой ичида, ҳуқуқбузар қарор нусхасини олган кундан бошлаб икки ой ичида шу суд орқали Андижон вилоят маъмурий судининг кассация инстанциясига шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов томонидан тақдим этилган маълумотда.

Мавзуга оид