Жамият | 16:19 / 03.01.2020
65868
5 дақиқада ўқилади

Мингбулоқ ҳокими ходимларни ҳақоратлагани аудиоси тарқалди. У туман халқидан узр сўрашига тўғри келди

2 январь куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланган аудиоёзув тарқалди.

Аудиоёзувда туман ҳокими қўл остидагиларни турли сўзлар билан ҳақоратлаганини эшитиш мумкин.

3 январь куни Наманган вилояти ҳокимлигининг Telegram’даги каналида ушбу ҳолат юзасидан баёнот берилди.

Унга кўра, Мингбулоқ тумани ҳокими қаттиқ огоҳлантирилган, прокуратура қонуний чора кўради.

«Ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган ҳолда олиб борилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Мингбулоқ туманида ўрганиш ўтказилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокими ўринбосари Тоҳиржон Рапиқов, вилоят прокурори ўринбосари Шуҳрат Қосимов иштирокида Жомашуйда Мингбулоқ тумани ММТП раислари, фермерлар, туман фаоллари ҳамда оқсоқоллар билан муҳокама йиғилиши ташкил этилди.

Учрашув чоғида Мингбулоқ тумани ҳокимига мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзув ҳақиқатан туман ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги аниқланди. Аудиоёзувда қайд этилган мулоқот 2019 йил 10 декабрь куни тумандаги «Гигант» машина саройида «Гигант», «Гулбоғ-1», «Гулистон» ММТП ҳудудларига кирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув чоғида юз бергани, туман ҳокимининг этикага мос келмайдиган сўзлари техникаларини келгуси йил тайёргарлиги доирасида таъмирлаш учун дислокация бўйича белгиланган саройга олиб келмаган фермерларга қаратилгани маълум бўлди. Туман ҳокимининг бу борадаги топшириғи 2019 йил 5 ноябрда эълон қилингани ҳамда техникаларни тўлиқ таъмирдан чиқаришнинг сўнгги санаси 2019 йил 10 декабрь этиб белгиланганига қарамай, баъзи фермер хўжалиги раҳбарларининг бу топшириққа эътиборсиз бўлгани юзасидан муҳокама ўтказган туман ҳокими, мулоқот чоғида ҳақоратли иборалардан фойдалангани ўша йиғилиш иштирокчилари томонидан тасдиқланди», дейилади хабарда.

Йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман ҳокимининг бундай тарзда ишлашини кескин танқид қилган.

Хайрулла Бозоров / Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Зўравонлик сиёсати, сўкинғочлик сиёсати эски даврда қолди. Ҳеч ким бировни ҳақоратлашга, шахсиятига тегишга ҳаққи йўқ. Раҳбар одам ҳар ишни қонун доирасида бажариши керак. Агар ҳокимнинг қонуний талабни бажармайдиганлар бўлса, уларга айнан қонун доирасида чора кўрилиши лозим, сўкиниш билан иш тутиб эмас. Бугунги кун ҳокими ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шарт. Давлатимиз сиёсати ҳокимлардан одамларни рози қилиб, уларга меҳр бериб ишлашни талаб этади», дея таъкидлаган вилоят ҳокими.

Муҳокама чоғида иштирок этган туман оқсоқоллари, ММТП раислари, туман прокурори ва ИИБ бошлиғи туман ҳокими фаолиятида бундай ҳолат аввалдан кузатилмагани, бироқ умумий олганда сабаби қандай бўлишидан қатъи назар ахлоққа зид бўлган мулоқот усулини кескин қоралашларини қайд этишган.

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев ўзининг вазиятдан ўта пушаймонлигини айтган, йиғилганлардан ҳамда туман халқидан кечирим сўраган.

Нуршод Худойбердиев / Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Туман ҳокими сифатида бундай хатога йўл қўйганим – бу менинг айбим. Ҳаётда мен учун катта дарс бўлди. Ҳақиқатда пушаймонман. Барчадан минг бор узр сўрайман. Бундай ҳолат умуман такрорланмайди деб ваъда бераман. Бундан буён фаолиятимда қонун устуворлигини тўла таъминлайман», дея у ўз айбини тўлиқ тан олган.

Нуршод Худойбердиев вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилган. 

Вилоят прокуратураси ушбу аудиоёзув юзасидан ўрганиш ўтказиб, маъмурий жавобгарлик жиҳатини аниқлаши ҳамда қонуний чора кўриши белгиланган. Вилоят прокуратурасининг қарори юзасидан қўшимча баёнот эълон қилиниши кутилмоқда.

Маълумот учун, 1983 йилда Янгиқўрғон туманида туғилган Нуршод Худойбердиев 2019 йил мартида Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. 2004 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги агромуҳандис. У мазкур тайинловга қадар Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

Мавзуга оид